Линклар

Балашихада ҳужжатлари жойида бўлган ўзбеклар депортация қилинмоқда


Кейинги йил ичида Россияда ўзбекистонлик муҳожирларни депортация қилиш ҳолатлари кескин кўпайди.

Кейинги йил ичида Россияда ўзбекистонлик муҳожирларни депортация қилиш ҳолатлари кескин кўпайди.

Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида полиция ва Федерал Миграция хизмати ўтказган “тозалаш” амалиётлари давомида қўлга олинган бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири миграция ҳужжатлари жойида бўлишига қарамасдан депортация қилинмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган муҳожирлардан бири ўзларининг калтакланаётгани ва қандайдир ҳужжатларга қўл қўйишга мажбурланганини маълум қилди. Боз устига, айтилишича¸ полиция ходимлари чиқиб кетишга пули йўқ мигрантлардан чипта ҳақини ишлаб беришни талаб қилмоқда.

"Муҳожир учун энг даҳшатлиси - депортация"

Озодликка ёрдам сўраб мурожаат қилган 26 яшар ўзбекистонлик Баҳриддин 3 декабрь куни Балашихада полиция ва Миграция хизмати ўтказган рейд давомида ўз танишлари ҳужжатлари жойида бўлишига қарамасдан полицияга олиб кетилганини билдирди:

- Кеча соат 10 ларда Балашиханинг Салтиковская деган мавзесида уч ГАЗель Ўзбекистон фуқаросини милиция ва ФМС босиб олиб кетди. Одамларни электричкалардан ҳам тушуриб олиб келaяпти. Уларга “Бу ер закритий зона – нима қилиб юрибсан?”, деяпти. Уларни олиб бориб, ҳужжат тахлаб, қўрқитиб қўл қўйдириб, пули йўқларини 3 ойга қаергадир ишга олиб кетaяпти экан. Улар 3 ой ишлаб бeргандан кейин Тошкентга юборишар экан, пули борларни эса Тошкентга юбораяпти. Бизлар кеча қочишга улгурдик, бизлар билан ишлаган 2-3 бола қўлга тушди, дейди Баҳриддин.

Муҳожирнинг айтишича, учта ГАЗелда 50 ка яқин муҳожир олиб келинганида, полиция бўлими ичкарисида ҳам каттагина муҳожирлар гуруҳи бўлган.

Балашиха шаҳри Советская 34 кўчасида жойлашган полиция бўлимига Озодлик радиоси номидан қилинган мурожаатимизга ўзини Батигин деб таништирган нафбатчи офицер:

- Менга ҳеч кимни топширишгани йўқ! дея қисқа жавоб қилди.

Бироқ Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик мигрантлардан бири ҳанузгача айнан шу полиция бўлимида қолаётгани ва аллақачон депортация қилиниши тўғрисидаги қарорни қўлга олганини айтди:

- Бизлар Балашиха, улица Советская, 34-дамиз. 10-12 киши ўтирибмиз. Бу Балашиха закритий зона экан, шу ерда ушланганимиз учун 5 минг рублдан штраф қилиб, жўнатвораяпти. Ҳужжатларимиз жойида, патентни ойма-ой тўлаб бораяпмиз, регистрация... Бизга қўл қўйдирди. “Қўл қўймасанг¸ ундан ҳам қийин аҳволга тушасан”, деди – қўл қўйдик. Бўлмаса “бош тортди”, деб ёзар экан. Бизда таржимон, адвокат бўлмади. Фақат судга олиб кирди, бир аёл 5 мингдан штраф, “10 суткада жалоба қилишинглар мумкин” деди. Улар бизга “Бугун чиқиб кетсанг – чиқдинг. Бўлмаса бошқа жойга олиб бориб ишлатаман сени”, деяпти. Бу ерда болалар оч ўтирибди, ҳатто ўзлари магазиндан егулик олиб келиб бермаяпти. Устимиздан охрана қўйиб, эшикни ёпган, дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган меҳнат муҳожири.

Полиция рейди пайтида қочиб қутулган Баҳриддин эса ҳозирда яқинларини бўлимдан чиқариб олиш учун ҳаракат қилаётгани, бироқ полиция сўраётган 30 минг рубль пул йўқлиги сабабли унинг яқинлари депортация қилиниши аниқ бўлиб турганини айтади:

- Ўзи бир ойга 180 минг ишлаган бўлсак, 5 киши ҳисоблаганимизга тўғри келмаяпти. Еб-ичиш билан тугатиб қўяяпмиз, уйга умуман пул жўнатиб бўлмаяпти. Ҳозирги йигитлар 30 минг бериб бўлса ҳам қолишга рози. Полициячилар “30 минг берсанг ишлаб юраверасан, қўйворамиз”, деяпти. Йигитлар эса “Аллақачон депортация бўлганмиз, милицияга тушсак ундан баттар бўлади”, деб қўрқаяпти. Биз 30 минг топа олмаяпмиз, шунга кетишга мажбур бўлаяпмиз, дейди ҳозирги рубл қадри рекорд даражада тушиб кетганига қарамасдан муҳожир учун энг даҳшатлиси депортация эканини гапирган Баҳриддин.

Россия қонунчилигига кўра¸ мамлакат ҳудудидан депортация қилинган шахс беш йилгача Россия ҳудудига киритилмайди.

"Имзо чекманг, пора берманг!"

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари тушган мазкур вазият юзасидан Озодликка ҳуқуқий шарҳ берган “Альянс Сервис” юристлари бундай ҳолатлар сўнгги пайтларда тез-тез учраëтгани ва кўп ҳолатларда мигрантларнинг ўзларига берилган ҳужжатларга ўқимасдан имзо қўяётгани вазиятни мураккаблаштириб юбораётганини билдиришди:

- Муҳожирлар қўл қўйган ҳужжатлардан бирида уларнинг ўз хоҳиши билан адвокат ва таржимон хизматидан воз кечаётгани айтилади. Полиция ва ФМС тарафига ён босаётган суд эса айнан шу ҳужжатлар ва муҳожирлар “иқрор"ига таяниб депортация қилиш тўғрисида қарор чиқараяпти. Шу сабабли, бундай вазиятларда уларга ёрдам кўрсатишнинг иложи қолмаяпти. Илтимосимиз, ҳимоячисиз ва таржимонсиз бирор ҳужжатга имзо чекманг, полиция ходимларига – ҳатто талаб қилишса ҳам– пора берманг, деди Озодлик билан суҳбатда ташкилот юристи Хуршид Хўжаев.

Россия ўзбекистонликларни ҳайдашни кўпайтирмоқда

Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский ўтган ой қилган баëнотида 2014 йил давомида хорижликлар томонидан содир этилган 4000 маъмурий қонунбузарлик қайд этилгани¸ маҳкама қарори билан муҳожирни Россия ҳудудидан чиқариб юбориш эса 2¸5 баробарга кўпайганини билдирган эди.

Ромадановскийга кўра¸ 2013 йилга нисбатан бу йил Россияга кириш тартибини бузувчилар сони 21 фоизга¸ хорижликлар томонидан содир этилган жиноятлар эса¸ 2 фоизга қисқарган.

Ромодановскийнинг билдиришича¸ Марказий Осиëдан Россияга иш излаб биринчи марта келаëтган 18-29 ëшлилар сони 38¸7 фоизга камайган. Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони бўйича йиллардан бери биринчи бўлиб келаëтган ўзбекистонликларнинг Россияга келиши 38 фоизга¸ биринчи марта келаëтган 18-29 ëшли ўзбекистонликлар сони эса¸ 40¸9 фоизга камайган.

Қиëс учун¸ тожикистонликларнинг Россияга келиши 2014 йилда 18 фоизга¸ қирғизистонликларнинг келиши эса¸ 13 фозига камайган.

Кузатувчилар Россияга иш излаб бораëтган ўзбекистонликлар сонининг камайишига бир томондан Ўзбекистон ҳукуматининг меҳнат миграцияси оқимини камайтириш учун қўллаëтган турли маъмурий чекловлари¸ бошқа томондан эса¸ Россия ҳуқуқ идораларининг ўзбекистонликларни мамлакатдан оммавий чиқариб юбориш ҳаракатлари сабаб бўлганини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG