Линклар

Ўзбекистон Xалқ артисти¸ собиқ парламент депутати 51 яшар Юлдуз Усмонованинг Нью-Йорк шаҳрида декабрь ойига мўлжалланган ва чипталар тўлиқ сотилган икки концерти бекор қилинди.

Аслида Юлдуз Усмонованинг тожикистонлик поп юлдуз Шабнам Сурайë билан биргаликдаги концерти октябрь ойига режаланиб¸ Нью-Йорк кўчаларига афишалар ҳам осилган эди.

Аввалига "ташкилотчилик ишларидаги камчиликлар" сабаб сифатида кўрсатилиб¸ концерт декабрь ойига кўчирилди.

Бугунга келиб ташкилотчилар концерт бутунлай бекор қилинганини эълон қилишди.

Ташкилотчилик ишларига 50 минг доллар сарфланган концертнинг бекор бўлганини Озодликка изоҳлаган ўзбек-шоу бизнес олами вакиллари концертнинг “атайин” қолдирилгани ва пировардида Юлдуз Усмонова “чув” туширилганлигини иддао қилишмоқда.

Таги йўқ таклифнома

Ўзбекистонда шоу - бизнеси тафсилотлари ҳақида ëзадиган www.shov-shuv.uz нашри муҳаррири¸ журналист Жасур Ҳамроевнинг Озодликка айтишича¸ концерт қолдирилганига ташкилотчилар айбдор:

- Бу ерда икки сабаб айтилмоқда. Биринчи сабаб¸ АҚШга чақириш учун таклифномаларда камчилик бўлган. Билишимча¸ таклифнома юборилмаган ҳам. Баъзи манбаларимиз эса¸ ташкилотчилар концертнинг атайин қолдирилишига эришишганлигини айтишади. Бундан мақсад концерт қўймасдан пул ишлаб олиш¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик Юлдуз Усмонованинг чет элдаги концерт фаолиятидан хабардор бўлган шоу- бизнес вакили билан ҳам бу ҳақда суҳбатлашди.

Исми айтилмаслик шарти билан гапирган суҳбатдош Юлдуз Усмонова алдов қурбони бўлганлигини таъкидлади:

- “С” исмли аëл бу концертни ташкил қилмоқчи эди. Ўртага самарқандлик бизнесмен йигит тушди. Юлдуз Усмоновада айб йўқ бу ерда. Сиëсий сабаб ҳам йўқ. Ўша аëл алдаб кетди¸ холос. Бу аëл илгари ҳам кўп ўзбек санъаткорларини чув туширган эди¸ деб таъкидлайди суҳбатдош.

Юлдуз Усмонова ўтган йили Нью-Йоркдаги концерти санасини кечиктирган эди.

Бу концертни ташкилидан хабардор бўлган тошкентлик журналистга кўра¸ ўтган йили концерт кечикиб томошабинларнинг сарсон бўлишига Юлдуз Усмонованинг ўзи сабабчи бўлган:

- Ўтган йили АҚШлик продюсер Асия Бургос томонидан Ню- Йоркдаги “Мастер” театридаги концерт куни белгиланиб чипталар сотилганида Усмонова телефон қилиб концертни кечиктирди. “Асрлар садоси” деган концертда чиқиб¸ Гулнора Каримовага лаганбардорлик қилиш учун АҚШдаги концертни кечиктирган эди. Ўшанда Нью-Йоркда қанча томошабин сарсон бўлган эди. Бу сафар Юлдузни чув туширишган бўлса¸ навбат у кишиники экан¸ дейди суҳбатдош.

Юлдуз Усмонова учун 2007 йилдан буён Ўзбекистонда катта саҳнада чиқмайди. Давлат тадбирлари ва телевидениеда кўринмайди.

Норасмий тақиққа учраган халқ артисти фақат тўй-ҳашамлар ва кичик доираларда концерт бериб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG