Линклар

Оила аъзолари билан босқинчиликда айбланиб қамалган ва 2010 йилда амнистия туфайли озодликка чиқарилган 71 ёшли Раҳбархон Одилова Ўзбекистон президенти резиденцияси олдида пикет ўтказди. У ҳуқуқ-тартибот ходимлари унинг оиласига нисбатан жиноят ишларини сохталаштирганини айтиб,топталган ҳақ-ҳуқуқлари тикланишини талаб қилмоқда.

Пикет милиция ходимлари томонидан тўхтатилди

Қўқонлик Раҳбархон Одилова 4 декабрь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов резиденцияси олдида ўзи ва қизларининг ҳуқуқлари тикланишини талаб қилибўтказган пикети милиция ходимлари томонидан тўхтатилганини айтди:

-Нимага мен бу аҳволдаман деб,“дод” деб, кеча мен резиденцияга бордим. Қўлимда плакат бор эди, “Мени ва менинг оилам оқлансин. Менинг ва фарзандларимнинг топталган ҳуқуқлари тиклансин”, деб ёзилган эди плакатда. Резиденциядан бир мелиса ходими чиқиб, қўлимдаги плакатимни йиртиб ташлади. Кейин паспортимни талаб қилиб, қўлимдан тортди. Мен: ”Сенинг ҳақинг йўқ. Мен ноҳақ қамоқда ўтириб чиққан 71га кирган аёлман”, деб қўлидан паспортимни тортиб олдим. Мелиса ходими “Паспортни ксерокопия қилиб келасиз”, деб уч соат мени издеватся қилиб турди.

Раҳбархон Одилованинг айтишича, унинг ўзи, қизлари Ирода ва Муҳайё, ўғли ноқонуний тарзда судланиб, озодликдан маҳрум этилган. Унинг фарзандларига нисбатан тергов жараёнида қийноқлар қўлланилган. Раҳбархон Одилова қамоқда саратон касалига чалинганини айтмоқда. Раҳбархон Одилованинг узоқ йиллар Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси тергов бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган турмуш ўртоғи эса оиласи қамоққа олинганидан сўнг вафот этган.

"Қизим Муҳайёни қамоқда зўрлашган"

Раҳбархон Одиловага кўра, унинг Қўқон гўшт комбинатида инжинер бўлиб ишлаган қизи Ирода комбинатнинг ўша даврдаги раҳбарларининг ишлаб чиқариш корхонасини талон-тарож қилишига қарши чиққан. Бунинг ортидан, 2006 йилда Раҳбархон Одилованинг кичик қизи Муҳайёни милиция ходимлари ўз уйидан қимматбаҳо буюмларни ўғирлаганликда айблаб, милицияга олиб кетишган. Раҳбархон Одилова бу жиноят иши сохталаштирилганини, қизи Муҳайё тергов давомида зўрлангани ва қийноқларга дучор этилганини айтди.

-Қизим Одилова Муҳайёни 27 кун управлениянинг подвалида сақлашди. Урушаяпти, сочларини кесиб ташлашаябди... Саккиз ой мобайнида мен қизимни фақат судда кўрдим. Суд уни 7 йилга ҳукм қилганидан кейин, уни Тошкентга жўнатишаяпти. Тошкентдаги қамоқхонада эса қизимнинг бўйидан уч ойлик боласи тушаяпти. Қизимни қамашганида ҳеч қандай ҳоимиласи йўқ эди. Кейин билсам, Қўқонда бунинг олдига начальник управления бўлган одам кириб, қизим билан тўла алоқа қилаверган. Мен бу ишни эшитганимдан кейин қизим Иродахон билан адолат излаб хатлар ёза бошладик, -деди Раҳбархон Одилова.

Озодлик радиоси 2011 йилнинг 21 ноябрида ва 24 ноябрда Муҳайё Одилованинг қамоқда зўрланиши билан боғлиқ мақолаларни эълон қилган эди. Мазкур мақолаларда Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи полковник Абдукарим Шодиев Олий мажлисда бўлиб ўтган йиғинда қўқонлик Муҳайё Одилова 2006 йилда тергов пайтида милиция зобити томонидан зўрлангани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлагани айтилгани ва бир неча кундан сўнг Ўзбекистон ИИВ Муҳайё Одилова зўрлангани расман тан олингани ҳақидаги маълумотларга раддия бергани хабар қилинган.

"Ҳақ-ҳуқуқларимиз тикланмагунича курашдан тўхтамайман"

Раҳбархон Одилованинг айтишича, у ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан қизи Муҳайёни зўрлаганлар жазога тортилишини талаб қилгани, яна бир қизи Ирода эса Қўқон гўшт комибантини талон-тарож қилаётганларга нисбатан курашни тўхтатмагани учун таъқиб остига олинган. Охир - оқибат оиланинг қолган аъзолари ҳам 2007 йилда босқинчилик айблови билан судланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 2010 йилда амнистия билан озодликка чиққан.

Раҳбархон Одилованинг айтишича, оила аъзолари қамоқда ўтирган пайтда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларининг қариндошлари жабрланувчилар сифатида уларнинг мол-мулкларини ўзлаштириб олган.

71 ёшида кўчада қолганини айтаётган Раҳбархон Одилова ўзининг ва оиласининг ҳақ-ҳуқуқлари тикланмагунича пикетларни давом эттирмоқчи экан.Унга кўра, 4 декабрдаги пикет 8 декабрда нишонланадиган Ўзбекистон Конституцияси куни билан боғлиқ. 21 декабрда ўтадиган парламент сайловлари арафасида Раҳбархон Одилова яна пикет ўтказишини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG