Линклар

logo-print

Ўзбекистонда биометрик паспорт олиш жараёни бир неча ойга чўзилмоқда, мамлакатнинг минтақаларида янги паспорт учун ариза топширганларга келаси йил ўрталарида расмга тушиш учун талон берилмоқда.

Ўзбекистонда янги биометрик паспорт олиш учун бугун ариза топширганларга келаси йил ўрталарида расмга тушиш учун талон берилмоқда.

Бу ҳақда Тошкентнинг Миробод тумани паспорт столига ариза топширган тошкентлик (суҳбатдош айтганлари паспорт олиш жараёнига салбий таъсир қилишидан қўрқиб исми сир қолишини истади - таҳр.) суҳбатда буларни айтди:

- Мана шу душанба куни узоқ навбатда туриб, бугун Миробод тумани паспорт столига эски паспортимни биометрик паспортга алмаштириб бериш учун ариза бердим. Менга расмга тушиш учун 2015 йил 6 июль куни келишим кераклиги ёзилган талонни беришди. Расмга тушиб кетганимдан сўнг ҳам у ёғи камида уч ҳафтага чўзилар экан, - дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонда биометрик паспорт олиш жараёнининг ойлаб чўзилаётгани сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин мунозара мавзусига айланди.

Однакласники.ру тармоғида айрим фойдаланувчилар янги биометрик паспортга август ойида ҳужжат топширганликлари ва уларга келаси йилни март ойида суратга тушиш белгилангани ҳақида ёзишган.

"Август ойида топширган бўлсам мартга талон беришди. Меники етти ойда бўляпти, унда ҳам битса агар", деб ёзди Андижон вилояти Асака тумани паспорт столига ариза топширган Однакласники.ру тармоғининг Озода исмли фойдаланувчиси.

Айни пайтда, эски паспортини янгисига алмаштиришга улгурганлар жорий йил бошида вазият бир мунча яхши бўлганини айтишади. "Одноклассникичилар"дан яна бири Бахтиёрга кўра, жорий йил бошида бир ой ичида паспорт олишга муваффақ бўлган.

Наманган шаҳри паспорт столи олдида навбат

Наманган шаҳри паспорт столи олдида навбат

"Мен январ ойининг бошида ариза топширган бўлсам, бир ой ичида янги паспортим қўлимга теккан эди. Лекин, ҳозир укамга ариза топширишимиз керак, ҳали талонга навбатимиз келмаяпти. Ҳар куни Мирзо Улуғбек тумани паспорт столи олди очеред, саксон-юз одам туради. Талон олганларга олти ойдан кейин кел дейишяпти", деб ёзади тошкентлик Бахтиёр.

Ўзбекистонда қонун бўйича фуқаро паспорти тўққиз иш кунида берилиши керак.

Лекин, Ўзбекистондаги масъул идоралар паспортини алмаштирмоқчи бўлган фуқароларнинг аризаларини қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш ва биометрик паспортни вақтида тайёрлаб беришни уддалай олмаяптилар.

Нимага Ўзбекистонда биометрик паспорт олиш ойлаб чўзилаётганига изоҳ олиш учун Озодлик мухбири Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат этди.

Вазирлик матбуот ҳизмати расмийси бу ҳақда паспорт столлари масъулларининг ўзидан сўраш кераклигини тавсия қилди.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани паспорт столининг Озодлик мухбири боғланган расмийси эса янги биометрик паспорт олиш ойлаб чўзилаётганини навбат кўпайиб кетгани билан изоҳлади.

- Ҳозир очеред кўп-да. Одамлар очередга ёзилиб-ёзилиб, успет қилмаяпмиз (улгурмаяпмиз, демоқчи-таҳр.). Кунига 150та қабул қиламиз. Қолгани одам кўплигидан сурилиб, сурилиб мана шу холатга етиб келди,- дейди Озодлик мухбири гаплашган Мирзо Улуғбек тумани паспорт столи ходими.

Шу ўринда паспорт столи ходими ишни тезлатишнинг иложиси ҳам борлиги ва бунинг учун бошлиқ билан гаплашишни тавсия қилди.

Айни пайтда, ўзбекистонликлар орасида ҳукумат паспорт беришни атайлабдан пайсалдга солаётганига доир фикрлар урчимоқда. Айниқса, Россияда меҳнат муҳожирлигида юрганлар бунга шубҳа қилишмайди.

- Атайлабдан қилишяпти буни. Одамлардан пул олиш учун сабаб керакку. Яқинда акахонимиз Андижонга қайтиб бориб паспорт олгани борганида очиқ айтишиби “тезлатиш 200 доллар бўлади”, деб. Улар ҳам кўриб турибди-да, одам Россияга қайтиб кетиши керак, ҳар бир кун қолиши Ўзбекистонда зарарига бўляпти. Шу пулни берган, шунда ҳам бир ойда қилиб беришди,- дейди исми сир қолишини истаган андижонлик.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра, четдан олиб келинадиган биометрик чип ускуналари кўп ҳолларда бузилиб қолади ва шу боис паспорт тайёрлаш жараёни чўзилади.

Ўзбекистонда янги биометрик паспорти олиш жараёни ойлаб чўзилиши хорижда яшаб, ишлаётганлар учун жабр бўлмоқда.

Хорижда яшовчи кўпчилик ўзбекистонликлар янги паспорт ва чиқиш виза олиш чўзилиб кетишидан қўрқиб, Ўзбекистонга боришдан тийилишяпти.

- Мен АҚШда контракт асосида ишлайман. Паспортим муддати икки ойдан сўнг тугайди. Янги паспорт олгани Ўзбекистонга қайтиб борсам у ерда камида олти ойга қолиб кетишим аниқ. Бу ердаги ишимдан айрилишимга тўғри келяпти. Бундан ташқари чиқиш ваза ҳам олиш чўзилади. ҳозир четдан келганларга атайлаб паспортни ҳам чиқиш визасини ҳам чўзишаётган экан,- дейди АҚШнинг Филаделфия шаҳрида яшовчи Илҳом.

Одатда Ўзбекистоннинг хориждаги консулхоналари ўз фуқароларига паспортини алмаштириб бериши керак ва бу халқаро амалиётда мавжуд бўлган тартибдир.

Лекин, Ўзбекистоннинг чет мамлакатлардаги консулхоналари эски паспортни биометрик паспортга алмаштириб беришни сўраб келганларга рад жавоби бериб, уларга Ўзбекистонга боришни тавсия қилмоқа.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG