Линклар

logo-print

Каримов 2015 йилни "Кексаларни эъзозлаш йили" деб эълон қилди


Ота бола Ислом ва Гулнора Каримова.

Ота бола Ислом ва Гулнора Каримова.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 5 декабрь куни Ўзбекистон Конституциясининг 22 йиллиги муносабати билан Тошкентдаги Форумлар саройидаўтказилган йиғинда 2015 йилни "Кексаларни эъзозлаш йили" деб эълон қилди:

- 2015 йилни "Кексаларни эъзозлаш йили" деб номласак, нима дейсизлар?- деди Каримов Форумлар саройига йиғилганларга қарата.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов тўқсонинчи йиллар бошидан буён ҳар йили Конституция куни арафасида бўлажак йилга ном беради.

Ўтиб бораётган йилни жаноб Каримов "Ўзбекистонда соғлом авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни давом эттириш" мақсадида, "Соғлом бола йили", деб номлаганди.

Кузатувчилар Ўзбекистонда йилларни номлаш бир - бирини такрорлаётгандек тасаввур пайдо қилаётганини айтишади.

Хусусан, 2015 йил учун танланган “Кексаларни эъзозлаш” номи 2002 йилдаги “Қарияларни қадрлаш”га ёки 2014 йилги “Соғлом бола йили” 2000 йилдаги “Соғлом авлод йили”га уйқаш. 2012 йилда эълон қилинган “Оила йили” мавзуси 1998 йил учун ҳам танланган эди.

2015 йил "Кексаларни эъзозлаш йили", деб эълон қилиниши арафасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов келаси йилдан эътиборан ёшга нисбатан бериладиган нафақа миқдорини ошириш ҳақидаги фармонни имзолади.

Ҳозир ёшга нисбатан бериладиган нафақаларнинг минимал миқдори энг кам иш ҳақи (118 400 сўм) билан тенглашган бўлса, янги қарорга мувофиқ, 2015 йилнинг 1-январидан бошлаб ёшга нисбатан бериладиган нафақаларнинг минимал миқдори 231 575 сўм қилиб белгиланди.

2015 йилни президент Ислом Каримов “Кексаларни эъзозлаш йили”, деб эълон қилишига кузатувчилар турлича фикр билдирмоқда.

“Ушбу муждани 2015 йил контекстидан келиб чиқиб таржима қилсак: “мени 78га кирганимни ҳисобга олиб, яна бир марта лавозимимда қолишимга рози бўлсаларинг...” демоқда”, - деб ёзди Францияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида.

Каримов ва Назарбоев МДҲ маконидаги энг кекса президентлар

Каримов ва Назарбоев МДҲ маконидаги энг кекса президентлар

Бугунги кунда Ислом Каримов МДҲ ҳудудидаги энг кекса ҳамда собиқ Совет Иттифоқи давридан қолган икки ҳукумат раҳбарининг биридир.

У Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев билан бир вақтда ўз мамлакатини 1989 йилдан, яъни Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиблигига сайланганидан бери бошқариб келади.

"Совет замонларига қайтиш йўқ"

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 5 декабрь куни Ўзбекистон Конституциясининг 22 йиллиги муносабати билан ўтказилган йиғинда сўзлаган нутқида Ўзбекистонда одамларни савияси Мустақиллик йилларида ўзгаргани, Cовет замонлари ўтмишда қолганини айтиб, “қаердадир СССРга ўхшаган тузим шаклланса Ўзбекистон унга қўшилмайди”, деди.

- Эски замонларни қўмсаганлар ҳозир, қарасанг,баъзи бир Совет Иттифоқини қўмсаганлар сони бугунги кунда кўпайиб боряпти. Ҳайратда қоласан. Энди бу қанақаси бу. Бунақа гапларни эшитиб, нима эмиш у замонлар ҳали қайтиши мумкин, эмиш. Мени эшитинглар, ҳеч қачон, ҳеч қаерда, бунақа гапларни эшитганда оғзини ёпинглар. Ҳеч қачон Совет тузимига, СССР деган, шунга ўхшаган давлат тузими агар қаерда шаклланса, фақат, Ўзбекистон бунга ҳеч қачон қўшилмайди ва ҳеч қанақа бунга ўхшаган давлатларни қаторига кирмайди, - деди Каримов.

Ўзбекистон раҳбари нимани назарда тутиб бу ҳақда гапиргани маълум эмас.

Кузатувчилар Россиянинг Қримни аннексия қилгани ортидан Кремль СССРни қайта тикламоқчи деган хавотирлар реал шамойил касб қилаётганини айтишади.

Бу хавотирлар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон каби фуқаровий жамият ва демократик институтлар ривожланмаган мамлакатлар мустақиллигини савол остига қўймоқда.

Бундан аввал Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳам: “Биз ҳеч қачон Қозоғистон мустақиллигига таҳдид соладиган ташкилот таркибида бўлмаймиз”, деб таъкидлаган эди.

"Кимки демократияни кўрмоқчи бўлса Ўзбекистонга келсин"

Ислом Каримов ўз нутқида Ўзбекистонда одамларни савияси Мустақиллик йилларида ўзгаргани, совет замонлари ўтмишда қолганини айтиб, “кимки демократияни, ҳақиқий демократияни кўрмоқчи бўлса Ўзбекистонга келсин, десам нима дейсизлар”, - деди.

Жаноб Каримовга кўра, мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисоди беш баравар ўсган, аҳолининг ўртача даромади 8,7 фоизга ортган. Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишида, шунингдек, мамлакатнинг ташқи қарзи умумий ялпи махсулотнинг 15 фоиздан ошмаслиги, давлатнинг ички қарзи эса 0га тенглигини таъкидлади.

Ўзбекистон давлат статистикасининг мамлакатдаги иқтисодий ўсиш ҳақидаги баëнотлари¸ мустақил экспертлар¸ қолаверса оддий ўзбекистонликлар томонидан кучли шубҳа билан қарши олинади.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистон раҳбарининг бундай баёноти хусусида ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида шуларни ёзди:

"Бугун И.Каримов демократия ҳақида хавотирли даражада кўп гапирди. Уни чорак аср ҳокимиятда эканлигини ва ўзбек демократиясининг Жаслиқда ётганини ҳисобга олсак, И.Каримовни муждасини қуйидагича қабул қилиш мумкин: “барака топгур, демократияга ҳали бўкиб қоласан, лекин фақат мендан кейин...”.., - деб ёзди Раббимов.

Йилга ном бериш анъанаси

Ўзбекистонда йилга ном бериш анъанаси тўқсонинчи йиллар бошидан бери давом этиб келади.

1997 йил “Инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган бўлса, 1998 йил “Оила йили”, 1999 йил “Аёллар йили” ва 2000 йил эса “Соғлом авлод йили”деб эълон қилинган.

2001 йил Ўзбекистонда “Оналар ва болалар йили”, 2002 йил “Қарияларни қадрлаш йили”, 2003 йил “Обод маҳалла йили”, 2004 йил “Меҳр-мурувват йили”, 2005 йил “Сиҳат-саломатлик йили”, 2006 йил “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”, 2007 йил “Ижтимоий ҳимоя йили”, 2008 йил “Ёшлар йили”, 2009 йил “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили”, 2010 йил “Баркамол авлод йили”, 2011 йил “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили”, 2013 йил эса “Обод турмуш йили” деб эълон қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG