Линклар

Каримов: Ўзбекистон ҳеч қачон СССРга ўхшаган тузимларга қўшилмайди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 5 декабрь куни Ўзбекистон Конституциясининг 22 йиллиги муносабати билан ўтказилган йиғинда сўзлаган нутқида Ўзбекистонда одамларни савияси Мустақиллик йилларида ўзгаргани, Cовет замонлари ўтмишда қолганини айтиб, “қаердадир СССРга ўхшаган тузим шаклланса Ўзбекистон унга қўшилмайди”, деди.

- Эски замонларни қўмсаганлар ҳозир, қарасанг,баъзи бир Совет Иттифоқини қўмсаганлар сони бугунги кунда кўпайиб боряпти. Ҳайратда қоласан. Энди бу қанақаси бу. Бунақа гапларни эшитиб, нима эмиш у замонлар ҳали қайтиши мумкин, эмиш. Мени эшитинглар, ҳеч қачон, ҳеч қаерда, бунақа гапларни эшитганда оғзини ёпинглар. Ҳеч қачон Совет тузимига, СССР деган, шунга ўхшаган давлат тузими агар қаерда шаклланса, фақат, Ўзбекистон бунга ҳеч қачон қўшилмайди ва ҳеч қанақа бунга ўхшаган давлатларни қаторига кирмайди, - деди Каримов.

Ўзбекистон раҳбари нимани назарда тутиб бу ҳақда гапиргани маълум эмас.

Кузатувчилар Россиянинг Қримни аннексия қилгани ортидан Кремль СССРни қайта тикламоқчи деган хавотирлар реал шамойил касб қилаётганини айтишади.

Бу хавотирлар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон каби фуқаровий жамият ва демократик институтлар ривожланмаган мамлакатлар мустақиллигини савол остига қўймоқда.

Бундан аввал Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳам: “Биз ҳеч қачон Қозоғистон мустақиллигига таҳдид соладиган ташкилот таркибида бўлмаймиз”, деб таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG