Линклар

Эрон аккредитациядан ўтган америкалик журналистга айблов эълон қилди


Washington Post газетаси мухбири Ж.Резаян.

Washington Post газетаси мухбири Ж.Резаян.

Теҳрон маҳкамасида Washington Post газетаси мухбирига расман эълон қилинди. Эронда аккредитациядан ўтган Жейсон Резаян жорий йил июлида ҳибсга олинган. Америкалик журналистга қандай айбловлар илгари сурилаётгани ҳозирча ошкор қилинмади. АҚШ Давлат котиби қонуний ишлаб турган журналистга айблов эълон қилинганидан таассуф билдирди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Эронда ҳибсга олинганига тўрт ойдан ошган Washington Post газетаси мухбири Жейсон Резаянга нисбатан расман айблов эълон қилинганидан “хафсаласи пир бўлгани”ни билдирди.

АҚШдаги газеталар хабарига кўра, Жейсон Резаяннинг иши 6 декабрь куни Теҳрондаги суд ҳакамлари томонидан кўрилган пайтда у маҳкамада тахминан 10 соат бўлган.

Воқеага яқин манбага таяниб Washington Post газетасининг ёзишича, Жейсон Резаян ўзига нисбатан айблов эълон қилинганини тушунгани тўғрисидаги ҳужжатга имзо чеккан.

Бироқ журналистга нисбатан қандай айбловлар эълон қилингани ҳозирча аниқ эмас.

АҚШ Давлат котиби 7 декабрь куни эълон қилган баёнотида Резаяннинг иши қандай кўрилаётгани, жумладан, унга адвокатдан фойдаланишга рухсат берилмаганидан ҳайратга тушгани билдирилган.

Жон Керри бу Эрон ва халқаро қонунларга зид эканини таъкидлаб Резаянни зудлик билан қўйиб юборишга чақирди.

Washington Post газетаси мухаррири Мартин Барон эълон қилган баёнотда Жейсон Резаян ҳозиргача Теҳроннинг Эвин қамоқхонасида ушлаб турилганидан жиддий ташвиш билдирди.

“Эрон ҳукумати Жейсон нима сабабдан ҳибсга олингани ёки нима учун тўрт ойдан ортиқ вақтдан бери адвокатсиз қамоқда сақланаётганига тушунтириш бермаган” дейилади Washington Post газетаси мухаррири баёнотида.

Мартин Баронга кўра, Резаян “тўлиқ аккредитациядан ўтган журналист” сифатида фаолият юритган.

38 яшар Жейсон Резаян 2012 йилдан бери Washington Post газетасининг Теҳрондаги бюро бошлиғи бўлиб ишлаб келган.

3 декабрь куни Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Эроннинг адлия тизими расмийлари Резаяннинг ҳибсда сақланиши муддатини январь ойи ўртасигача узайтириш ҳақида қарор қабул қилганини маълум қилди.

Келиб чиқиши эронлик бўлган, икки фуқароликка эга бўлган америкалик Жейсон Резаян 22 июль куни журналист рафиқаси Ягона Солиҳий билан бирга қўлга олинган.

Кейинроқ рафиқаси гаровга пул қўйиш эвазига қамоқдан озод қилинган.

Эрон расмийлари мамлакатда Ғарб оммавий ахборот агентликлари учун ишлаётган журналистларни ҳибсга олиши ёки таҳқирлаши тез-тез кузатилади.

XS
SM
MD
LG