Линклар

Сурия расмийлари Исроилни Дамашқ яқинида авиарейд ўтказганликда айблади


Сурия армияси мулозимлари Исроилни ҳукумат кучлари томонидан Дамашқ яқинида ушлаб турилган икки ҳудудга авиарейдлар ўтказганликда айблаб чиқди. Исроил ҳаво зарбаларига дучор бўлган объектлардан бири пойтахтдаги халқаро аэропорт бўлган.

Сурия Қуролли кучлари қўмондонлигининг давлат телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилган баёнотида ҳаво зарбалари учоқларга шикаст етказган бўлса-да, ундан ҳеч ким нобуд бўлмагани қайд этилади. Баёнотда Исроил армияси президент Башар Ассадни ҳокимиятда четлатишга уринаётган Суриядаги аксилҳукумат кучларини қўллаётгани ҳам таъкидланади.

Қароргоҳи Британияда бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари гуруҳи Исроил томонидан ҳаво зарбалари берилган иккинчи ҳудуд ҳарбий объект бўлгани ҳақида маълумот тарқатди. Ҳуқуқ фаоллари баёнотида ҳаво зарбалари берилган Дамашқ аэропорти ҳам фуқаровий, ҳам ҳарбий мақсадларда фойданилгани айтилади.

2011 йили бу мамлакатда ички ҳарбий низо бошланганидан буён Исроил Сурия ҳарбий объектларига бир неча марта ҳаводан зарба берган. Бу зарбаларнинг асосий қисми замонавий қуроллар жойлаштирилган ҳарбий объектларга қаратилган. Исроил бу қуроллар “Ҳизбуллоҳ” экстемистик гуруҳи учун мўлжалланган, деб ҳисоблайди.

Исроилнинг Сурия ҳудудидаги объектларга аввалги авиарейди шу йил март ойида ўтказилганди.

XS
SM
MD
LG