Линклар

logo-print

Кореядаги ўзбеклар порно расмлар билан шантаж қилинмоқда


Ўзбекларни шантаж қилиш “Одноклассники” тармоғида тарқалгани айтилади.

Ўзбекларни шантаж қилиш “Одноклассники” тармоғида тарқалгани айтилади.

“Одноклассники”, “Facebook”, “Twitter”, “Instagram”, “Whatsapp”, “В контакте” “Telegram” каби ижтимоий тармоқларда реал кишилар номидан сохта саҳифалар очиш ва уларни шантаж қилиш ҳоллари ҳақида Озодликка шикоятлар келмоқда. Ижтимоий тармоқлар бўйича мутахассисларга кўра¸ беҳаë расмлар воситасида ўзбекларни шантаж қилиш “Одноклассники” тармоғида кенг кўлам касб қилган.

Жанубий Кореядаги автомобиль заводида чилангар бўлиб ишлайдиган 35 яшар Муродали исмли йигит ана шундай шантаж қурбони бўлдим, дея ўз ташвишини Озодликка билдирди.

Суҳбатдошга кўра¸ Кореядаги ўзбек йигитлар унинг номидан фойдаланиб ва фотосуратларини порно тарзида монтаж қилиб, “Одноклассники” саҳифасига қўйишган.

Бу порно саҳифани ижтимоий тармоқдан олиб ташлаш учун Муродалидан 60 минг вон (50 АҚШ доллари атрофида) пул талаб қилинган.

Бу пулни бермаганидан кейин Муродалига қарши янги порнорасмлар туркуми сайтга қўйилган.

“Одноклассники” тармоғидаги монтаж қилингани шундоқ билиниб турган бу расмларда Муродали қизлар билан ноанъанавий тарзда жинсий алоқа қилаëтган ва жамият тарафидан уят дея билинган бошқа тарзларда акс этган.

Муродалининг айтишича¸ Кореядаги ўзбеклардан ташкил топган гуруҳ шантаж йўли билан ўзбек мигрантларидан пул ундирмоқда:

- Битта мен эмасман. Мен билган бир неча йигит шунақа шантажга нишон бўлди. Бу йигитлар қизлар номидан саҳифа очиб улар билан дўст бўлган. Бу йигитларнинг шаҳвоний мазмундаги ëзишмалари ҳам фош қилинмоқда. Улар бу ëзишмаларни олдин йигитнинг ўзига юборишади. "Секс мавзусидаги ëзишмаларинг бизнинг қўлимизда¸ шунча пул бермасанг Youtubeга қўйворамиз" деб қўрқитишади. Қанча йигитлар¸ "оилам барбод бўлмасин" деб пул бериб қутулди¸- дейди суҳбатдош.

Муродали айтган ҳолатни Озодликнинг Кореядаги бошқа манбалари ҳам тасдиқлади.

5 йилдан бери Кореядаги бўëқ фабрикасида ишлайдиган ва ўзини Азамат деб таништирган хоразмлик йигитнинг айтишича¸ икки йил олдин Кореядаги ўзбеклар ижтимоиий тармоқларда йигит-қизларни шантаж қилиб, пулини олиш билан шуғулланиб юрган ўзбек аëлни ушлаб полицияга топширишган:

- Кореяда ишлаб юрган қиз ва йигитларнинг фотосуратларини шармсиз монтаж қилиб қўйиб, уларни ёмонотлиқ қилиш билан шуғулланиб юрган аëлни ўзимизнинг ўзбек йигитлари ушлаб олиб полицияга топшириб юборишган. Система оддий. Ғарбда чиққан порно суратни олиб фотошопда юзини ўзбек қизи ëки йигитига алмаштириб қўйишади. Олдинига расмни нишондаги қурбоннинг ўзига жўнатиб пул сўрайди. Кўп эмас 50-60 доллар атрофида сўрашади. Кўплар балодан нари деб ўша пулни беришади. Беришмаса, улар бу расмларни сайтга чиқариб юборади¸- дейди Кореяда ишлаб юрган ўзбекистонлик Азамат.

Суҳбатдошга кўра¸ Кореядаги баъзи ўзбеклар бировларнинг фотосуратларидан фойдаланиб саҳифа очиш, ҳаёсиз фотомонтажларни амалга ошириш, ўзбекларда урф бўлмаган ҳақоратли гап-сўзларни ишлатиш, мулоқот чоғида эса бир-бирини уят гап билан сўкиб шармсиз фотосуратлар, видеороликларни тарқатиш билан кунора шуғулланишмоқда.

Озодликнинг “Ëш тўлқин” лойиҳаси бошловчиси¸ ижтимоий тармоқлар бўйича мутахассис Тўлқин Умаралиевнинг айтишича¸ беҳаë расмлар воситасида ўзбекларни шантаж қилиш “Одноклассники” тармоғида кенг кўлам касб қилган:

- Биринчидан, “Одноклассники” Ўзбекистонда кенг тарқалган. Иккинчидан, бу тармоқни бузиб кириш осон. Учинчидан профилларнинг аксари очилдастурхон бўлиб турибди. Бу профилларга сизни дўстларингиз сафида бўлмаганлар ҳам кириб расмларингиздан бемалол фойдаланиши мумкин¸ дейди Тўлқин Умаралиев.

Суҳбатдошга кўра¸ бошқа кишилар номи ва фотоларидан фойдаланиб клон саҳифалар яратиш айнан “Одноклассники”да кенг урчиган.

Жорий йилдаги маълумотларга кўра¸ шу кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги ўнлаб таниқли кишиларнинг клонлари яратилган.

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова номидан “Одноклассники”да 300 та, “Фейсбукда” 25 та, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков номидан “Одноклассники” тармоғида 275 та, “Фейсбук”да 16та, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева номидан “Одноклассники”да 158 та, “Фейсбук”да 6 та, хонанда Муниса Ризаева номидан “Одноклассники”да 311 та, “Фейсбук”да 10 та сохта саҳифа очилган.

2013 йилги сентябрь ойи ҳисоб-китобларига кўра, “Одноклассники”да 7 миллион Ўзбекистон фуқароси рўйхатдан ўтган.

Ижтимоий тармоқлар бўйича мутахассис Тўлқин Умаралиевнинг айтишича¸ шу кунда уларнинг уч миллиони фаол фойдаланувчидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG