Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:00

Россиядан қайтган муҳожирдан қайси масжидга қатнагани сўралмоқда


Биометрик паспорт олиш учун ёки ишини якунлаб Россиядан Ўзбекистонга қайтаётган меҳнат муҳожирлари МХХ ходимлари томонидан суҳбатга тортилмоқда. Суҳбатдан ўтганларнинг айтишича, улардан хорижда қайси масжидга қатнагани ва кимлар билан намоз ўқигани ҳам сўралмоқда. Гувоҳлар суҳбат асносида олинган жавоблар махсус хизматларга аввалдан етиб борган ахборот билан солиштирилганини айтмоқда.

Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Қаҳҳоржоннинг айтишича, унинг 27 яшар укаси 2 ярим ой муқаддам биометрик паспорт олиш учун Россиядан Ўзбекистонга қайтган ва туман ИИБга чақирилган.

Қаҳҳоржон укасининг шахсига оид маълумотларни ошкор қилмаслигимизни сўради.

"Шу РУВДда иккитаси сўроқ қилди, МХХдан экан, деб келдида уйга. "Қаерда ишлайсиз, нима ишлар қилгансиз, қайси масжидда намоз ўқигансиз?" деб сўрашибди. У айтибди, шу-шу масжидда, деб. Кейин биттаси: "Бизда бошқача информация бор", деб, уни гапларини ўзидаги маълумотга солиштирибди-да. Уларда укамнинг қайси масжидга борганигача ахборот бор эканда", дейди фарғоналик Қаҳҳоржон.

Унинг айтишича, Москва областида бир ярим йил қоровуллик қилган укаси икки ярим ой ичида чиқиш визаси олган ва бу вақт ичида икки марта "суҳбат"га чақирилган.

"Улар энди суҳбат, деган. Лекин аслида сўроқ қилишган. Укам бир-икки марта ўша ердаги каттароқ масжидга қатнаган экан. Шуни кимдир етказган экан. Хуллас, судрашди-судрашди, охири икки ярим ой деганда визасини беришди", дейди Қаҳҳоржон.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевнинг айтишича, аслида анчадан буён Россиядан қайтаётган меҳнат муҳожирлари устидан назорат кучайтирилгани кузатилмоқда.

Хуқуқ фаоли Россия, хусусан, Москвадаги масжидларда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг ҳибсларга важ қилиниши мумкин бўлган ҳолатга гувоҳ бўлганини айтди:

- Икки йилча аввал Москвадаги масжидлардан бирида намоз ўқиган ҳамкасбимиз кўринишидан кавказлик бир имомнинг очиқ-ошкор жиҳодга даъват қилгани, радикал қарашда эканини айтиб келдида. Ўшанда шу масжидга бу ҳамкасбнинг маҳалласида яшаган иккита муҳожир ҳам кириб борибди. Шунда ҳамкасб у болаларга: "Манави камераларни кўраяпсизларми, бу ерда намоз ўқисангиз, Ўзбекистонга борганда балога қоласизлар, балки булар махсус қилаётгандир" деб огоҳлантирибди, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Кейинги йиллар давомида Ўзбекистон ва Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг террорга қарши кураш доирасида фаол ҳамкорлик қилаётгани, хусусан, Россияг кетгач, ортидан қидирув эълон қилинган муҳожирларга оид фото-видео материаллар Ўзбекистон томонига тақдим қилинаётгани айтилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сўнгги йилларда диний радикализм ва терроризмда айлаб, қидирувга берган фуқароларнинг Россия ҳудудида ўғирланиши, бироз ўтиб уларнинг Ўзбекистон ҳибсхоналаридан топилиши ҳоллари ҳам кўпаймоқда.

Бундан ташқари, мазкур маълумотлар орасида Россияда радикал кайфиятдаги диндорлар йиғилиши мумкин бўлган масжидлар рўйхати ҳам бор ва бу масждилар фаолиятига атайин имкон берилгани айтилмоқда.

- Бунақа радикал имомларнинг бемалол ишлашига имкон бериб қўйиб, балки ҳукуматлар радикал ғояларга кимдар мойиллик борлигини билмоқчидир, деган тахминларимиз бор - дейди Абдусалом Эргашев.

Фаоллар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари беихтиёр шундай жамоатда намоз ўқишга мажбур бўлиб қолиши ва соф ибодатнинг ўзи айбланишга асос бўлиб қолиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Бундан ташқари, хориждан қайтаётган ўзбекистонликлар мамлакат чегарасида ҳам кучайтирилган тартибдаги текширувдан ўтказилмоқда.

- Мобил телефони, планшетларидан диний мазмундаги маърузалар, видеолар чиқиб қолаяпти ва шуни асос қилиб, ҳибсга олишлар бўлаяпти. Чунки, ҳозир порнографик материаллар тарқалишини олидини олиш баҳонасида йўловчилар ёнидаги ҳамма техникани текширишга ҳаққи бор бўларнинг. Шу охирги йилларда диний мазмунда айбланиб, қамалаётганларнинг деярли ҳаммаси Россияда ишлаган муҳожирлар бўлаяпти-да, - дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

Дарвоқе, Россиядан қайтган муҳожирларнинг каттагина гуруҳи шу йилнинг август ойида Қашқадарё вилоятида қамоққа ташланди ва уларга Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзолик айби қўйилди.

Озодликка 2014 йилнинг 19 августида чиқарилган ажрим нусхаси йўлланди.

Унда ёзилишича, Қашқадарё вилоятида туғилган ва истиқомат қилган муҳожирлар Россия Федерациясига тирикчилик мақсадида бориб, 2010-1013 йилларда Покистонда фаолият юритаётган Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо бўлган:

“...шу мақсадда Россияда ишлаб топган пулларидан байтулмол учун 500 АҚШ доллари ажратиб, Россия Федерацияси ҳудудидан ўтувчи “Москва – Боку – Зоҳидон-Вана” поезди орқали Покистондаги террорчи гуруҳларга қўшилмоқчи бўлгани аниқланди. Шунингдек, Россия Федерациясининг номаълум гўшаларида ўқотар қуроллардан фойдаланиш, жиҳодчилик тайёргарлигидан ўтган жиноятчилар Ўзбекистондаги президентлик ва парламентар тузумини ўзгартиришни режалаштирган” дейилади суд ҳукмида.

Ўзбекистондаги “Эзгулик” жамиятининг судланувчилар ҳимоячилари ва қариндошларига таяниб ёзишича, ҳозир Қашқадарёда “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати”га мансубликда гумонланган яна 60 дан ортиқ шахсга нисбатан тергов ва суриштирув ишлари бормоқда.

Абдусалом Эргашевга кўра, бунга ўхшаш суд ишлари Андижон, Фарғона вилоятларида ҳам қайд этилган.

XS
SM
MD
LG