Линклар

Андижон шифохоналарида оқ халат 500 сўмга ижарага берилмоқда


Андижон вилояти шифохоналаридан бирининг тез тиббий ёрдам бўлими пештахтасига илинган эълон (WhatsApp тармоғи орқали тингловчи йўллаган сурат)

Андижон вилояти шифохоналаридан бирининг тез тиббий ёрдам бўлими пештахтасига илинган эълон (WhatsApp тармоғи орқали тингловчи йўллаган сурат)

Андижон вилоятидаги шифохоналарда беморларини йўқлаётган зиёратчилардан оқ халат ва бахилани бир марталик кийиш учун 500 сўм сўралмоқда. Озодликка тингловчилардан келган фото-шикоятда айтилишича, касалхоналарнинг ҳар бир бўлимида эълон осилган, эшикларни қоровуллаётган ходимлар эса пул беришни истамаган ёки имкони бўлмаганларга хаста яқинларини кўришга изн бермаётир.

Андижон вилоятининг Шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига иши тушган бир оиладан оқ халат ва бахила (гигиеник тозаликни сақлаш оёқ кийим устидан кийиладиган целлофан ниқоб) 500 сўмдан ижарага берилаётгани ҳақида Озодликка шикоят келди.

Фотосурат илова қилинган шикоятда шундай дейилади:

"Biz andijon shahrida yashaymiz. Andijon shahar областной больница ga keldik Buvimni operatsiya qilishdi. Shu kuni biz bolnissaga kelganimizda navbatchi bizga tozalikka roiya qilishimizni talab qildi va bizga poyafzal uchun maxsus kiyiladigon paket berdi qarabsizki navbatchi uni 500 so'mdan sotayotgan ekan. . Meni jaxlim chiqib so'radim . Nima uchun pul berishim kerak deb . Lekin u menga bu qonun bo'yicha 500 so'm baholanganini aytdi .

Shoshilib turganim sabab pulga olishga majbur bo'ldim. Iltimos bu aslida qonuniy pulli qilinganmi yoki hamshiralar o'z manfati yo'lida pullashmoqdami. 500 so'mni kimdur bera oladi kimdur esa yo'q . Shuning uchun shu masalada yordam bersangiz oldindan raxmat", деб ёзди исмини сир сақлашни сўраган тингловчи.

Озодлик билан суҳбатда шикоятчилардан бири баъзи ҳолларда оқ халат учун 500, бахила учун 500 сўмдан алоҳида пул талаб қилинаётганига гувоҳ бўлганини ҳам иддао қилди:

- Шошилинч ёрдамга ҳамма шошилиб боради, қайсидир яқинининг ҳаёти хавф остида бўлгани учун эшик олдидаги ходимлар берган оқ халат билан бахилани шошилинчда кийиб кетадими?! Кейин чиққанда, унисига 500 сўм, бунисига 500 сўм берасиз, дейишяпти. Нимага, десангиз, девордаги эълонни кўрсатади. Мен ўзим кўрдим, пул беролмаганларни киргизишмаётиганини. Бу нимаси, десак: "Ҳоҳласангиз шу", дейишяпти, - дейди исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган тингловчи.

Озодлик шикоятда тилга олинган Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилояти бўлимига боғланди.

Ўзини таништирмаган ходим муассасада даволанаётган беморларни кўришга борган яқинларидан бахила учун пул олинаётганини инкор қилмади. Аммо, оқ халатга пул олинаётгани ҳақидаги маълумотга аниқ изоҳ бермади:

"Бу нарса ҳамма жойда бор. Бахила пуллик. Оқ халат ҳам оз-да. Ҳар битта отделениеда иккитадан, ошиб борса, устадан халат туради. Қаердан етказишсин?!", деди саволга савол билан мужмалгина жавоб берган мулозим.

Мухбир вилоятдаги яна бир неча шифохоналарга қўнғироқ қилди. Бошқа муассасаларнинг ходимлари ҳам оқ халат ва бахила беморларнинг яқинларига бир неча соатга пулга берилаётганига оид маълумотларни инкор қилмади.

Аммо, тиббий муассасаларнинг масъулларидан оддий гигиеник буюмлар қай асосда пулга берилаётгани ҳақида расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Озодлик тингловчилари Ўзбекистондаги шифохоналарда оёқ кийими устидан кийиладиган бахила сўнгги 5-6 йил ичида пулланаётганидан шикоят қилиб келмоқда. Аммо оқ халат ҳам пуллангани ҳақида Озодлик илк бор хабар олмоқда.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бу борада бирор изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Шу ўринда мухбир республика тиббий муассасаларида 300-500 сўмга пулланаётган бахила савдоси билан ҳам қизиқиб кўрди.

Torg.uz сайтида эълон берган тужжорлардан бири шу кунда бир дона бахилани нақд пулга 150 сўмдан, пул банк орқали ўтказилганда тақдирда эса 175 сўмдан сотаётганини айтди. Шунингдек, тужжор харидорга энг камида 1000 дона бахила сотилишини ҳам урғулади.

Шу тариқа, 150-175 сўмга олинган оддийгина гигиеник буюм шифохонада хаста ётган яқинини кўришга борган фуқароларга қай асосда 300-500 сўмдан сотилаётгани, бу савдонинг ортида кимлар турганига оид саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.

Мухбир бу саволларга ойдинлик киритишга уринмоқда, янгиликларни Озодликда кузатинг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG