Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:51

Москвани мигрантлардан "тозалаш"нинг иккинчи босқичи бошланди


Россия пойтахтида 8-18 декабрь кунлари оралиғида “Мигрант-2014” оператив-профилактика амалиётларининг иккинчи босқичи ўтказилади. Октябрь охирида ўтказилган “тозалов”нинг биринчи босқичида 50 минг хориж фуқароси ушланган, 3 минг 400 муҳожир депортация қилинган эди.

Москва шаҳри бўйича Ички ишлар бошқармаси, ФМС ва ФСБ хизматлари ҳамкорлигида жорий йилнинг 8 декабридан 18 декабрига қадар “Мигрант-2014” мигрантлардан “тозалаш” амалиётларининг иккинчи босқичи ўтказилмоқда.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси текширувлар “жамоатчилик тартиби ва хавфсизлиги устидан назоратни кучайтириш, Москвада оператив муҳитни соғломлаштириш ҳамда минтақада миграция қонунчилиги бузилиши олдини олиш”га қаратилганини эълон қилди.

- Амалиётда иштирок этиш учун 450 ортиқ оператив-қидирув гуруҳлари тузилди, улар таркибига 4500 зиёд полиция ходими жалб қилинди. Пойтахт ҳудудида 1500 объект: саноат зоналари, бозорлар, ётоқхоналар, автосервислар, автопарклар, меҳмонхона ва квартиралар синчковлик билан текширувдан ўтказилади, деб билдирди Москва шаҳар полиция бошқармаси матбуот маркази.

Москва полицияси ноқонуний муҳожирлар яшайдиган жойлар, “резина квартиралар”, подвал ва ертўлаларда яшаётган муҳожирлар тўғрисида хабар бериб боришга маҳаллий аҳолини ҳам жалб қилишни давом этмоқда.

Шунингдек, Москва ҳуқуқ-тартибот идоралари этник уюшган жиноий гуруҳларни фош этиш ва шаҳарда қалбаки миграция ҳужжатлари савдоси билан шуғулланаётган шахсларни аниқлашга қаратилган махсус амалиётларни ўтказишини маълум қилди.

Бу сафар нолегал тарзда "таксичилик" қилиб юрганларни аниқлаш ҳам режалаштирилаётгани айтилмоқда.

8 декабрь куни Москванинг биргина Шарқий маъмурий округида олиб борилган текширувлар натижасида полиция бўлимларига, асосан Марказий Осиёдан бўлган 616 хорижлик келтирилгани, жумладан 146 нафари маъмурий жавобгарликка тортилгани, яна 38 таси депортация қилингани маълум бўлди.

Эслатиш жоизки, 2014 йилнинг 23 октябридан 2 ноябригача Москва шаҳрида ўтказилган “Мигрант-2014” амалиётлари давомида 50 минг хориж фуқароси полиция бўлимларига олиб келинган, 370 муҳожир депортация марказларига олиб кетилган, ушланганлардан 3400 таси депортация қилинган эди.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси раҳбари Анатолий Якунин оммавий текширувлар давомида шаҳарда 10 мингдан зиёд турли қонунбузарликлар аниқланганини хабар қилди.

Жамоатчиликка берган ҳисоботида Якунин бошчилик қилган мигрантларни “овлаш” амалиётлари пайтида Москвада “талон-тарожлар сони 22 фоиз, босқинчилик 8 фоиз, транспорт воситаларини ўғирлаш ҳолатлари 15 фоизга камайгани” қайд этилганини айтган эди.

Айнан шу натижалардан илҳомланган Москва шаҳар ҳукумати Анатолий Якунинга “Мигрант-2014” амалиётини йил охирида яна бир бор такрорлашни буюрган эди.

Озодлик Россия пойтахтида ўтказилаётган мигрантлардан “тозалаш ишлари” давомида кўплаб ҳужжатлари жойида бўлган меҳнат муҳожирлари ҳам ушлангани, жарималарга тортилгани ва айримлари асоссиз бадарға қилинганини хабар берган эди.

Озодлик олган айрим маълумотларга кўра, “Мигрант-2014” амалиёти оқибатида диний-сиëсий таъқиб боис, ўзбек муҳожирлари Туркиядан Сурияга ўтиб, у ердаги "Исломий давлат" жангариларига қўшилмоқда.

Россиядаги сиқувлардан чарчаган ўзбек муҳожирларнинг катта қатлами Украинага кетаëтганига оид маълумотлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG