Линклар

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг қийноқларга оид ҳисоботи эълон қилиниши кутилмоқда


Оқ Уй террорчилик амалиётларида қатнашганликда гумон қилинганларни Марказий Разведка бошқармаси (МРБ) томонидан сўроқ қилишда қўлланилган усуллар тўғрисидаги махфийлик мақоми бекор қилинган ҳисоботнинг эълон қилинишини олқишлади.

Жамоатчиликка ошкор қилиниш муддати бир неча бор қолдирилган ҳисоботнинг 9 декабрь куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Ҳисоботда 2011 йил 11 сентябридан сўнг “Ал-Қоида” ташкилотига аъзоларни Европа ва Осиёдаги махфий объектларда сўроқ қилишда қўлланилган усуллар тафсилоти мавжуд.

Оқ Уйдан хабар қилинишича, ҳисоботнинг таҳрир қилинган версияси Сенатнинг разведка ишлари бўйича қўмитаси томонидан сешанба куни эълон қилинади. Ҳисоботдан МРБнинг махфий дастури доирасида 100 дан зиёд маҳбуснинг қийноқлар қўллаш орқали сўроқ қилиниши тафсилотлари очиқланиши кутилмоқда.

Оқ Уй расмий вакили Жош Эрнестга кўра, Обама маъмурияти ҳисоботни эълон қилишга бир неча ой тайёргарлик кўрган ва АҚШнинг чет эллардаги муассасаларига қарши ҳужумлар эҳтимолининг олдини олиш учун зарур чоралар кўрилган.

Мудофаа вазири Чак Хейгел ҳисоботнинг эълон қилиниши муносабати билан АҚШ Қуролли Кучларида жанговар шайлик ҳолатини эълон қилди.

Бу ҳақдаги буйруқни Хейгел 9 декабрь куни Бағдодга қилган сафари чоғида берди.

АҚШ президенти Барак Обама МРБнинг тергов дастурини 2009 йили президент лавозимига ўтирганидан сўнг тўхатиб қўйган ва ўшанда террорчиликда гумон қилинган маҳбусларга нисбатан қўлланилган усуллар ўз моҳиятига кўра қийноқ эканлигини тан олган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG