Линклар

Ўзбекистонга бир кунлик расмий ташриф билан келган Россия раҳбари Владимир Путин ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов билан озиқ -овқат импорти, Ўзбекистоннинг Россиядан қарзи ҳамда Ўзбекистонга қурол-аслаҳа етказиб бериш масалаларини муҳокама қилди. Россия Ўзбекистоннинг 890 миллион долларлик қарзидан воз кечишини билдирди.

Россия президенти Владимир Путин 10 декабрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Ҳиндистонга кетаётиб Тошкентда бир кунга тўхтаган россиялик меҳмонни Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов Тошкентнинг халқаро аэропортида кутиб олди.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг Тошкентдаги икки томонлама музокараларида, асосан, иқтисодий ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.

"Марказий Осиёда Россиянинг манфаатлари ҳар доим мавжуд бўлган ва бу мавжудлик ҳар доим барқарорлаштирувчилик характерига эга бўлган”, деди Ислом Каримов Тошкентдаги музокаралар пайти.

Ўз навбатида Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонни минтақадаги муҳим ҳамкор деб атади.

- Россия Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ҳамкорлари орасида биринчи ўринни эгаллайди ва биз ҳамкорлик алоқаларини шу даражада ушлаб туришга ҳаракат қилишимиз керак, Ўзбекистон минтақадаги муҳим ҳамкорларимиздан биридир, - деди Владимир Путин.

Тошкентдаги музокаралар сўнггида Россия расмийлари Ўзбекистоннинг 890 миллион долларлик қарзидан воз кечишини билдирди.

Бу ҳақдаги келишувни Россия Молия вазири Антон Силуанов ва Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовлар имзоладилар.

-Ўзбекистонни қарзи 890 миллион долларни ташкил этади. Шундан 500 миллиони асосий қарзи. Ўзбекистон томони шундан 25 миллионини бизга тўлайди, қолганидан воз кечилади, - деди Россия молия вазири Антон Силуанов.

Лекин, Россия 890 миллионлик қарздан нимани эвазига воз кечгани маълум эмас.

Россия президенти Владимир Путин Тошкентдаги музокараларда Ўзбекистон ҳукумати билан ўзаро молиявий даъволар ва мажбуриятларни тартибга солишга келишилганини таъкидлади.

- Биз бу борада узоқ музокара олиб бордик ва ҳатто тортишдик. Ўзбекистонни ўз қараши, Россияни ўз қараши бор, - деди Путин.

Россия раҳбарига кўра, Москва ва Тошкент яқин фурсатда Ўзбекистоннинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқи билан эркин савдо ҳудуди борасидаги шартномани имзолаши бўйича маслаҳатлашувларни ўтказади.

Ўзбекистоннинг Россиядан қарзи

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Ўзбекистоннинг Россияга қарзи бугунга келиб 890 миллион АҚШ долларини ташкил этишини маълум қилган.

Унинг “баъзи ҳисоб-китобларга” таяниб айтишича, жорий йилнинг ноябригача Ўзбекистоннинг Россияга қайтариш муддати ўтиб кетган қарзи қарийб 890 миллион доллар бўлиб, бу бу миқдорнинг 500 миллиони қарзнинг ўзи, 388 миллиони тўпланиб қолган устама фоиздир.

Россия Стратегик тадқиқотлар институтининг катта илмий ходими Аждар Куртовга кўра, Ўзбекистоннинг Россияга қарзи ўтган аср тўқсонинчи йиллари биринчи ярмида пайдо бўлган.

Ўша йиллари Ўзбекистон бошқа собиқ совет ўлкалари қатори рубль худудидан чиқишга мажбур бўлган ва Россия товарлари ҳамда техникасини Ўзбекистон насияга олган. Йиллар ўтиб Россиядан олинган махсулотлар пули тўланмай қолиб кетган ва қарз юзага келган.

2000 йилларга келиб, Ўзбекистоннинг Россияга қарзи 550 миллион АҚШ долларини ташкил этиши аёнлашади.

Ўзбекистонни қарзлари 10 миллион долларлик йиллик фоиз ҳисобига ошиб, 890 миллион долларга тенглашган.

Озиқ-овқат импорти

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковга кўра, Тошкентдаги музокараларда кўтариладиган масалалардан яна бири Ғарбнинг Россияга санкциялари ортидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги махсулотларининг Россияга экспорти кўламини оширишдир.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга Ғарбнинг Москвага санкциялари ортидан Россияга Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импортини ошириш масаласи икки ўртадаги мулоқотлар мавзуси бўлишини айтган.

"Янги имкониятлар очилмоқда ва ушбу соҳада ишлар бир неча ойдан бери аллақачон амалга оширилмоқда", - деди Ушаков.

Россия Ғарб санкцияларига жавобан Европа ва Шимолий Америкадан озиқ-овқат махсулотлари импортига бир йилга чеклов жорий қилган.

Ҳозирда Москва ўзидаги озиқ-овқат махсулотларига бўлган эхтиёжни қўшни давлатлар ҳисобидан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон ва Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган қўшма корхоналарни ишга тушириш ниятида.

Россия Иқтисод вазири Алексаей Улюкаев "Россия" телеканали мухбири билан суҳбатда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги махсулотлари импортини ошириш имконлари борлилигини айтди.

- Бу ерда гап сабазавот мева ва пахта ҳақида бормоқда. Бундан ташқари ўзбекистонлик ҳамкорларимиз мева-сабзавотларни қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда, - деди Улюкаев.

Ўзбекистон ўтган йили Россияга 200 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилган. Бундан мамлакат 300 миллион доллар фойда кўрган.

Бу йил Ўзбекистон Россияга 250 минг тонна мева-сабзавот етказиб берган.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг четга экспорт қиладиган қишлоқ хўжалиги махсулотларининг 80 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келмоқда.

Россия Ўзбекистонга қурол-аслаҳа етказишни режаламоқда

Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга сафари доирасида Ўзбекистонга қурол-аслаҳа етказиб бериш масаласи ҳам ҳал бўлиши мумкин.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковга кўра, ўзаро молиявий талаб ва мажбуриятларни тартибга солиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланади.

Мазкур битим, Ушаковга кўра, Россия ва Ўзбекистонга ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хусусан, Россиядан Ўзбекистонга қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техника етказиб бериш учун янги имкониятлар яратади.

Лекин, айнан қандай қуроллар ҳақида гап кетаётгани маълум эмас.

Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи пайти икки мамлакат орасида тўртта шартнома имзоланган.

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳақидаги келишув, ўзаро молиявий талаб ва мажбуриятларни тартибга солиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2015 йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда наркотиклар ноқонуний савдосига қарши курашда ҳамкорлик қилиш бўйича имзоланган келишувлар шулар жумласидан.

Шунингдек, Путин Ўзбекистон ва Россия энергетика ва ядровий соҳаларда ҳамкорлик қилиш салоҳиятига эга эканини таъкидлади.

Тошкентдаги музокаралар пайти ўзбекистонлик талабаларни Россия олий ўқув юртларида ўқитиш имконларини кенгайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилган.

- Кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттирамиз. Ҳозир Россия олийгоҳларида 12 минг ўзбекистонлик ўғил қиз тахсил олмоқда, улар турли йўналишлар бўйича билим олмоқда, - деди Путин.

2013 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш 4,6 миллиард долларни ташкил қилган.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковга кўра, ўтган 11 ой ичида бу кўрсаткич 8 фоизга ошган.

Россиянинг Ўзбекистон иқтисодига сармояси ҳажми сўнгги беш йил мобайнида 6 миллиард долларга етган.

Каримов Путин билан сўнги бор сентябрь ойида Душанбеда учрашган эди. Ўшанда Каримов Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида “ориентирни белгилаб олишда” Кремль хўжайинидан ёрдам сўраган эди.

Айни пайтда, Путин ташрифи арафасида Каримов Ўзбекистон “СССР каби ташкилотларга ҳеч қачон қўшилмаслиги”ни баён қилди. Ўзбекистон раҳбарининг Конституция куни муносабати билан 5 декабрь куни қилган баёноти кузатувчилар тарафидан Тошкентнинг Кремль етакчилигидаги Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш нияти йўқлиги, дея талқин қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG