Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:08

Марказий Разведка бошқармаси қўллаган қийноқлар тўғрисида ҳисобот эълон қилинди


АҚШ Конгресси Сенатининг Разведка масалалари бўйича махсус комиссияси “Ал-Қайда” террор тармоғининг қўлга олинган аъзоларига нисбатан Марказий Разведка бошқармаси (МРБ) қўллаган сўроқ усуллари таҳлил этилган махфий ҳисоботнинг баёнини эълон қилди.

Ҳужжатда маҳбусларга нисбатан “шафқатсиз руҳий ва жисмоний босим” қўллашнинг бир қатор ҳолатлари келтирилган, сўроқнинг бу усуллари самара беришига шубҳа билдирилган ҳамда МРБ ўз фаолиятининг бу қисмига доир баъзи тафсилотларни Оқ Уй ва Конгрессдан яширган, деган хулоса қилинган.

Бу хулоса АҚШ қонун чиқарувчиларининг бир қисми ҳамда МРБ танқидига учради.

Сенат таҳлилчилари ҳисобот устида 5 йил ишлади. Ҳужжат 2012 йил охирида тайёр бўлган эди. Умумий ҳажми 6300 саҳифали ҳисобот махфийлигича қолмоқда, сешанба куни эълон қилинган ҳужжат эса, ҳисоботнинг 500 саҳифали баёнидир. Баёнда шу пайтгача маълум бўлган қийноқ фактларининг кўпи келтирилган.

2002 йил бошида, “Ал-Қоида”нинг Усама бин Ладинга яқин дастлабки аъзолари қўлга олинганидан сўнг президент Жорж Буш АҚШ сўроқ ўтказишнинг Адлия вазирлиги экспертлари томонидан маъқулланган қаттиқ усулларидан маҳбусларга нисбатан фойдаланишга рухсат берган эди.

Қўллашга рухсат берилган қийноқ усуллари ҳаммаси 10 та бўлиб, улар орасида “уотербординг”( waterboarding) деган усул ҳам бўлган. Бу усулни қўллаш билан ўтказилган сўроқ пайтида маҳбус ўзида бўғилиш аломатларини сезади. Ҳисоботдан маълум бўлишича, “уотербординг” 119 маҳбусдан “энг муҳим” маҳбуслар сафига киритилган 3 кишига нисбатан қўлланилган.

Маҳбусларга нисбатан қўлланилган бошқа қийноқлар орасида маҳбусга узоқ вақт, баъзи ҳолатларда 180 соатгача уйқу бермаслик, маҳбуслар фақат тик турган ҳолатда сиғадиган контейнерга қамаб қўйиш, узоқ вақт изоляцияда ушлаш, маҳбуснинг ўзини ёки яқинларини отиб ташлаш билан қўрқитиш каби усуллар бўлган.

Қийноқларга оид фактларнинг кўпи анчадан буён маълум эди. Улар МРБнинг Бош тафтишчиси комиссияси томонидан бир неча йил муқаддам аниқланган, ўшанда комиссия терговчилар баъзи ҳолатларда рухсат этилган чегаралардан ташқарига чиқиб кетганини қайд этган эди.

Бу гал эса, асосий эътибор сўроқ пайтида қийноқ қўллаш, барибир, МРБ ўз усулларини оқлаш учун айтиб келгансамарани бермаганига қаратилди.

Конгресс экспертлари МРБ ўзининг мазкур махфий дастурини амалга оширишда “жиддий камчиликларга” йўл қўйганини аниқлаган.

Ҳисобот баёнининг эълон қилинишига қаршиларга жавоб берар экан, Сенатнинг Разведка масалалари бўйича махсус комиссияси раҳбари, демократ Дайан Файнстайн бундай деди:

“Тарих бизга қонун устуворлигига асосланган адолатли жамиятнинг қай даражада тарафдори бўлганимизга, нохуш ҳақиқатга кўзига қарашга ҳамда бундай амал қайтарилмаслиги тўғрисида баёнот беришга қанчалик тайёр эканлигимизга қараб баҳо беради”.

Президент Обама МРБнинг маҳбусларга нисбатан қўллаган усулларини “шафқатсиз ва самарасиз”, деб атади.

“Бироқ бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, агар хатога йўл қўйган бўлсак, биз хатоларимизни тан оламиз”, деди Обама.

Ҳисоботни эълон қилишнинг тўғри амал эжканлигига шубҳа билан қараганлар фикрича, мазкур ҳужжатни эълон қилишнинг ўзи “нохолис”дир.

Республикачи сенаторлар раҳбари Митч Макконелл ва Сенатнинг Разведка масалалри бўйича комиссияси аъзоси, республикачи Саксби Шамблислар ўз вақтида МРБ ҳаракатлари юзасидан текширув ўтказиш ташаббуси билан чиққан демократларни мафкуравий буюртма бажарганликда айбладилар.

Макконнеллга кўра, демократлар томонидан тайёрланган тадқиқот “мафкурага йўғрилган бўлиб, тарихий воқеаларнинг бузиб кўрсатилишидир”.

Республикачиларга кўра, МРБ ўтказган сўроқ-терговлар “Ал-Қоида” аъзолари бўлган террорчилар изига тушишга, Усама бин Ладин яширинган жойни топишга ҳамда тайёрланаётган террор амалиётларининг олдини олишга хизмат қилган.

XS
SM
MD
LG