Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:46

Қримликлар украиналик "норози" ишчилар ролини 400 рублга ўйнаб берди


Қримнинг Симферополь шаҳрида Украинадаги Одесса минераль ўғитлар заводининг ишчилари ролини ўйнаб берган қримликликларга 400 рублдан берилди. Талаба ва пенсионерлар гўё украиналик бўлиб, Киев ҳукуматига норозилик билдирди.

“Ҳужжатли фильм”даги оммавий саҳналарда ўйнаш истагида бўлганларни таклиф қилиш ҳақидаги эълон бир неча кун олдин ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Андрей Николаев саҳифасида пайдо бўлди.

Николаев оммавий тадбирдаги бир ярим соатлик иштирок учун 400 рублдан пул ваъда қилди. У бу фильмда иштирок этишни истаганларга 9 декабрь куни соат 13 да “Ашан” супермаркети олдида йиғилишни таклиф қилди.

Тайинланган вақтда супермаркет олдида асосан талаба ва пенсионерлардан иборат 200 га яқин одам йиғилди.

Гуруҳ сардорлари ҳаммани рўйхат қилиб, автобусларга чиқарди. Йўлда кетишаётганда қаёққа боришаётгани ва қандай фильмга суратга туширилиши ҳақида ҳеч ким ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслиги аниқ бўлди.

Ўнлаб автобуслар одамларни Симферополь ГРЭСи ҳудудидаги корхоналардан бирининг олдига олиб борди. Одамларни автобуслардан тушириб, камералар олдида қатор бўлиб туришга ундашди.

“Бугун биз ижтимоий рекламалар сериясидаги эпизодларни суратга оламиз. Биз завод олдидаги тўполонни оламиз. Сизлардан кўп нарса талаб қилинмайди. Ҳозир сизларни завод девори олдида колонна қилиб тизамиз. Баъзиларингизга кўтариб туриш учун плакатлар, транспарантлар берамиз”, деб эълон қилди ташкилотчилардан бири.

Украиналик "норози" ишчи ролини ўйнаб берган қримликлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:41 0:00

Ташкилотчининг айтишича, бу ўз ҳуқуқлари учун курашаётган ишчилар норозилигини акс эттириши лозим. Ташкилотчи бу “реклама” Россия учун олинмаётганини ҳам қўшимча қилди.

Хушёр пенсионерлар эса Россияга қарши кинога тушмасликларини айтишди. Шундан сўнг бу Украина лойиҳаси ва у ерда вазият яхши бўлмагани учун Қримда суратга олинаётганини айтиб, пенисонерларни тинчлантиришди.

Ташкилотчилар гап фақат бир корхона устида эмас, балки заводлар билан боғлиқ бугунги ҳолат ҳақида фильм олмоқчи эканликларини айтдилар.

“Митингчи”ларни қўлларига плакатлар берилганидан сўнг бу фильм Одессадаги минераль ўғитлар заводи ҳақида фильм олинаётгани маълум бўлди.

“Ноқонуний хусусийлаштириш бўлмасин!”, “Халқни талаш бас қилинсин!”, “ОПЗ – олигархларники эмас, халқники!” каби плакатлар ва “Блокадани очинг! Донбасс билан ишлашга қўйинг!”, “Коломойский, заводдан қўлингни торт!” каби транспарантларни кўтарган одамлар 15 минут давомида заводни ёпмасликни талаб қилиб, суратга тушдилар.

Соат 15 да оммавий саҳналарни суратга олиш тугаб, “актёр”ларнинг иш ҳақлари тақсимлаб берилди. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бу “ижтимоий реклама” ташкилотчиларга, транспорт харажатидан ташқари, 80 минг рублга тушган.

Оммавий саҳналар ташкилотчилари қандай мақсадда бу фильмни олаётганликларига изоҳ бермаган бўлса-да, Крым.Реалии мухбирлари плакатлардаги ёзувлардан гап нима ҳақда кетаётганини суриштирди.

Маълум бўлишича, симферополликлар ўзлари билмаган ҳолда Украинадаги Одесса минераль ўғитлар заводининг ишчилари бўлиб суратга тушганлар. Бу ишчилар заводнинг 5 фоиз акциясини Украина давлат мулк фонди сотувга қўйганига гўёки норозилик билдирганлар.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, заводни сотиб олмоқчи бўлган номзодлар орасида Россиядаги “Уралхим” компанияси раиси Дмитрий Мазелин ва Днепропетровск вилояти маъмурияти бошлиғи Игорь Коломойский ҳамда Дмитрий Фарташ сингари украиналик олигархлар ҳам бор.

Одесса минераль ўғитлар заводи 1978 йилда қурилган бўлиб, аммиак, карбамид ва азотли ўғитлар ишлаб чиқарадиган дунёдаги энг катта учта корхонадан биридир.​

XS
SM
MD
LG