Линклар

22 яшар Акмал Янгийўл милицияси қийноққа солганини иддао қилмоқда


Калтакланган Акмал Тоҳировга мия чайқалиши ташхиси қўйилган.

Калтакланган Акмал Тоҳировга мия чайқалиши ташхиси қўйилган.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида истиқомат қилувчи 22 яшар Акмал Тоҳиров милиция ходимлари уни қийноққа солиб, сохта кўрсатма ёздириб олишганини иддао қилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлигини тан олган Акмалнинг айтишича, терговчи уни қонунга кўра жазолаш ўрнига, қаттиқ калтаклаган.

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар ички ишлар бошқармаси терговчиси Акмал Маҳкамов 6 декабрь куни рулда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги учун ушлаб келтирилган янгийўллик 22 яшар Акмал Тоҳировни қаттиқ калтаклаган.

Спиртли ичимлик ичиб рулга ўтирганини тан олган Акмал Тоҳировнинг иддао қилишича, терговчи уни қонун билан жазолаш ўрнига, қийноққа солган:

- Ўртоқларим билан учрашиб, бир бакал пиво ичиб рулга ўтиргандим. Биз бир оз қийқириб РОВДнинг олдидан бир марта ўтиб кетдик. Кетимиздан кейин учта мошинада ГАИлар тушди, мен эса қочдим. Қувлаб келган битта ГАИ мошинаси орқамиздан урди. Кейин тўхтадим. Бизни РОВДга олиб келишди. Мошинадан туширишлари билан Акмал Маҳкамов деган мелиса мени ўша ернинг ўзида тепиб ташлади,- дейди ҳайдовчи.

Акмал Тоҳировга кўра, уни кабинетга олиб киришганидан сўнг, калтаклаш яна давом этган:

- Ўша Акмал деган терговчи “мен мошинани орқага юргизаётганимда, ГАИни мошинасини уриб олдим”, деб ёзиб берасан деди. Мен айтдимки, мен урганим йўқ, ГАИ ўзи келиб орқамиздан урди, мен ичганимни бўйнимга оламан, қочганимни ҳам, қонун бўйича чора кўринг, дедим. Терговчи эса оёқларимни, бошимни тепиб ташлади. Сочимдан ушлаб бошимни столга урди. Икки кўзим кўкариб, битта қошим ёрилиб кетди. Терговчи агар ёзиб бермасанг, мошинангга наркотик ташлаб қаматиб юбораман, деди. Кейин қўрққанимдан ёзиб бердим,- дейди Акмал Тоҳиров.

Ҳайдовчининг айтишича, шундан сўнг уни бир кеча камерага қамаб қўйишган:

- Эрталабгача азоб чекиб ётдим. Эрталаб уйга қўйиб юборишди. Агар бирор жойга арз қилсанг, мошинангдан наркотик чиқади, деб қўрқитишди. Кейин нима бўлганини ҳеч кимга айтмай уйда ётдим. Уч кундан сўнг бошим айланиб қуса бошладим. Кейин онамга бор гапни айтдим ва улар мени дўхтирга олиб келишди, ҳозир касалхонада ётибман,- дейди Акмал Тоҳиров.

Акмалнинг дадаси Қўчқор Тоҳиров барча тафсилотларни билганидан сўнг, Янгийўл тумани ички ишлар бошлиғига арз қилган. У ердан қониқарли жавоб ололмагач Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянсига мурожаат қилган.

Альянс раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, ташкилот бу қонунбузарлик ҳақида барча идораларга шикоят аризаси ёзган:

- Биз Акмал Тоҳировнинг яқинлари билан Ўзбекистон Бош Прокуратурасига, Ички ишлар вазирлигига зудлик билан бу масалани кўриб чиқишлари ҳақида мактуб ёздик. Милициянинг ишонч телефонларига сим қоқдик. Перзидент девони олдида пикет ўтказмоқчи эдик, лекин милиция йўлимизни тўсди. Бугун касалхонага бориб Акмални кўрдик. Ҳамма жойи моматалоқ бўлиб кетган, мияси жароҳат олган. Уни қийноққа солган милиция ходимлари қонун олдида жавоб бериши керак, деди Елена Урлаева.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш мақсадида Янгийўл шаҳар ички ишлар бошқармасига қўнғироқ қилди. Телефон гўшагини кўтарган тергов бўлими мулозими мақсадимизни билгач, гўёки бизни овозимиз унга эшитилмагандай гўшакни қўйиб қўйди. Бизнинг бошқа уринишларимиз натижа бермади.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг айтишларича, Ўзбекистонда қийноқ қўллашни тақиқловчи қонун кучга кирганига бир йил бўлганига қарамасдан, тергов изоляторларида ва қамоқхоналарда гумонланувчи ва маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш давом этмоқда.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси сўнгги бор 2013 йилнинг ноябрида Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат қамоқхоналардаги “систематик қийноқлар”га чек қўйишга чақирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG