Линклар

ЎзТВ "жиҳодчи ўзбеклар"ни бесоқолбозликда айблади


"Хиёнат ёхуд ватанга қарши ишлатишнинг янги усули" кўрсатувидан скриншот.

"Хиёнат ёхуд ватанга қарши ишлатишнинг янги усули" кўрсатувидан скриншот.

11 декабрь куни "Ўзбекистон" телеканали орқали намойиш қилинган "Хиёнат" кўрсатувида Норвегияда сохта кўрсатмалар билан қочқинлик мақоми олган ўзбеклар кўплиги, улар жиҳодчилар сафига қўшилаётгани иддао қилинган. Шунингдек, кўрсатувда Европадаги "жиҳодчи ўзбеклар" бесоқолбозликда айбланган.

35 дақиқадан иборат "Хиёнат ёхуд ватанга қарши ишлатишнинг янги усули" деб номланган кўрсатувда тошкентлик олти йигитнинг Норвегияга бориб, қочқинлик олгани ва жиҳодчилар сафига қўшилгани даъво қилинган.

Тахминларга кўра, тергов изоляторида суратга олинган тасвирларда 28-37 ёшлардаги Тошкент шаҳридан деб таништирилган олти йигит "кўрсатма" берган.

Ўз интервьюсида йигитларнинг барчаси Норвегияга бориб, сохта кўрсатмалар орқали қочқинлик мақоми олганини ҳикоя қилади.

Жумладан, 29 ёшли Зафар Каримов исм-фамилиясини ўзгартиргани ва қидирувда экани ҳақидаги ёлғон маълумот билан қочқинлик мақоми сўраганини сўзлайди.

30 ёшли Даврон Раҳмонов қиморбозлик қилиб қарз бўлгани учун уни таъқиб қилишлари, 34 ёшли Аҳмаджон Холиқов эса наркотик моддалар савдосига аралашгани ҳақидаги ёлғон важ билан Ўзбекистонга қайта олмаслигини айтиб, қочқинлик идорасига мурожаат қилганини айтишади.

Кўрсатув муаллифлари Норвегиянинг тегишли идораларини ўзбекистонликларнинг уйдирма гапларига ишониб қолаётгани ва ҳатто жиноятчиларга ҳам қочқинлик бераётгани юзасидан "таассуф билдириб", қочқинлик мақомининг кимларга ва қай тартибда берилишига тўхталган.

"Хиёнат" давомида тошкентлик олти йигит Норвегияда яширин фаолият кўрсатган диний-экстремистик оқимга аъзо бўлгани, уларга Ослодаги Абдувоҳид исмли имом бошчилик қилганини айтишади.

Жиҳодчиликка тайёрланганларини "бўйнига олган" бу йигитлар бесоқолбозлик билан ҳам шуғулланганликларини "эътироф этганлар".

Жумладан, 28 ёшли Асадулла Ризқиев ва 37 ёшли Шуҳрат Илҳомов бесоқолбозлик билан шуғулланганликларини камера олдида "тан олиб" гапиришади.

Кўрсатувда шу икки йигитнинг сўзидан ташқари "жиҳодчи ўзбеклар" бесоқолбозлик билан шуғулланганаётганига оид бирор факт келтирилмайди.

Бу олти йигитнинг ҳозирги тақдири ҳақида "Хиёнат"да бирор маълумот йўқ. Тергов тугаб, иш маҳкамага ошганми ёки йигитлар аллақачон қамоқ жазосини ўтаяптими - булар кўрсатувда очиқланмаган.

Озодлик Тошкентдаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан бу борада бирор маълумот олишга муваффақ бўлолмади.

"Хиёнат" кўрсатуви президент Ислом Каримов мамлакат уламоларини фуқароларнинг Исломий Давлат таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга чақирганидан кейин ёйинланган иккинчи ҳужжатли кўрсатувдир.

26 ноябрь куни ҳам ЎзТВ ИШИД - "газандалар тўдаси"га тушиб қолган ўзбеклардан гап очган эди.

"Манфурлик" номи остида 14 дақиқадан ошиқроқ давом этган ҳужжатли фильмда “мўмай даромад” ниятида Россияга кетиб, у ерда радикал гуруҳлар таъсири билан “Исломий давлат” сафига жиҳодга борган қашқадарёлик 27 ёшли Нодир Жавлиевнинг тазарруси намойиш қилинади.

Турли манбалар, жумладан, Қозоғистон ва Россия махфий хизматлари ҳамда туркиялик ҳуқуқ фаоллари ҳисоб-китобича, Сурия ва Ироқда жанг қилаётган ўзбек жанггарилари сони 500 нафардан 1 минг 200 нафаргачадир.

Шу кунга қадар Ўзбекистон ҳукумати Сурия ва Ироқда жанг қилаётган фуқароларига оид бирор баёнот бергани йўқ. Айни пайтда Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари, яқинда эса Қозоғистон ҳукумати ҳам бу борада ўз расмий позициясини билдирган ҳамда фуқароларни террор ғояларидан иҳота қилиш учун чора-тадбирлар кўраётганини маълум қилган.

Эътиборли жиҳати шуки, "Исломий давлат" сафидаги марказий осиёликлар ҳақидаги тадқиқотлар ва расмий баёнотларнинг барчасида бу жанггариларнинг аксар қисмини ўзбеклар ташкил қилиши айтиб келинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG