Линклар

Украинага дастак бўйича қонун лойиҳаси АҚШ президентига имзолаш учун юборилди


Вашингтонда Украинага мудофаа учун ҳарбий аслаҳалар етказиб беришга рухсат берувчи ва Россияга қарши янги санкциялар жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси АҚШ Сенати томонидан бир овоздан маъқулланиб, имзолаш учун президент Барак Обамага йўлланди.

Оқ уй мазкур қонун лойиҳаси юзасидан ҳали ўз позициясини билдирганича йўқ. Лойиҳа АҚШ президентига украиналик ҳарбийлар учун 350 миллион долларлик мудофаа аслаҳалари ажратиб бериш имконини беради, аммо у бу ишни амалга оширишга мажбур эмас.

Қонун лойиҳаси, шунингдек, Россиянинг мудофаа ҳамда энергетика соҳаларига қарши, шу жумладан, қурол экспорт қилувчи “Рособоронэкспорт” ширкатига қарши санкциялар жорий этилишига имкон яратади. Аммо АҚШ президенти миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда бу санкцияларни қўллашдан бош тортиши ҳам мумкин.

Лойиҳа АҚШ Сенати ва Намояндалар палатаси томонидан 11 декабрь куни қабул қилинган, бироқ Қўшма Штатлар қонунчилигидаги маблағ ажратишда риоя қилинадиган ўзига хос жиҳатлар туфайли Сенат бу ҳужжат юзасидан яна бир марта овоз бериши лозим.

Россия ташқи ишлар вазири муовини Сергей Рябков бу қонун лойиҳасини “АҚШдаги аксилроссиячилик кайфиятларининг яна бир кўриниши”, дея баҳолади.

XS
SM
MD
LG