Линклар

logo-print

Жиҳодчилар ҳақида видео ёйинлаган Kloop.kg сайти минтақа расмийлари босимига учради


Kloop.kg сайтидан скриншот.

Kloop.kg сайтидан скриншот.

Таҳририяти Бишкекда бўлган Kloop.kg сайти вакиллари Қирғизистонда ўзларининг ахборот тарқатиш ҳуқуқи бузилаётганидан шикоят қилаяптилар. Қозоғистонлик жиҳодчи болалар ҳақидаги материали туфайли ҳам қозоқ, ҳам қирғиз расмийлари босимига учраган Kloop.kg вакиллари эндиликда сайтни хорижий серверларга кўчириш тараддудига тушдилар.

Kloop.kg муассиси Бектур Искендернинг Озодликка айтишича, сайт ходимлари ва икки мамлакат расмийлари ўртасида юзага келган келишмовчиликка 24 ноябрь куни нашр этилмиш “Исломий давлат” видеоси: Қозоғистонлик болалар кофирларни ўлдириш билан таҳдид қилмоқда” сарлавҳали мақола сабаб бўлган.

Kloop.kg сайти муассиси Бектур Искендер.

Kloop.kg сайти муассиси Бектур Искендер.

- Бу ичида турли томонлар, шу жумладан, Қозоғистон махсус хизматларидан олинган шарҳлар бўлган янгилик эди. Аммо бу янгиликнинг ичига биз жиҳодчи болалар ҳақида Британиянинг “Daily Mail” газетаси тайёрлаган видеолавҳани ҳам қўшиб қўйгандик. Бу видеода “Исломий давлат” медиа-маркази “Ал-Ҳаят” тасвир олган кадрлардан фойдаланилган. Материал нашр этилганидан кейин аввалига Қозоғистон расмийлари биздан уни сайтдан олиб ташлашни сўрашди. Биз рад жавобини бердик. Чунки биз бундай ҳодисалар юз бераётган пайтда улар ҳақида гапириш муҳим ва бу террорчиликка қарши курашнинг энг самарали йўли, деб ҳисоблаймиз. Аммо Қозоғистон расмийларининг сиёсати бошқачага ўхшайди. Афтидан, улар муаммо билан курашишнинг энг яхши йўли оғиз очмай, жим ўтириш, деб ўйлашса керак. Шу туфайли сайтимизга Қозоғистонда тўсиқ қўйилди. Орадан кўп ўтмай бу масала Қирғизистон расмийларини ҳам безовта қила бошлади, - дейди Бектур Искендер.

Kloop.kg муассисига кўра, декабрь ойи бошларида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги юқорида зикр этилган мақолани экстремистик характерда, деб топиб, бу борадаги материалларни республика Бош прокуратурасига йўллаган. Қирғизистон Давлат алоқа агентлиги эса Бош прокуратура талабига кўра мамлакатдаги провайдерларга мазкур мақолага тўсиқ қўйиш ҳақида кўрсатма юборган.

Қирғизистондаги провайдерлар Давлат алоқа агентлигига сайтдаги алоҳида материалга тўсиқ қўйиш учун ўзларида техник имконият йўқлигини рўкач қилиб, буни фақат сайтни бутунлай тўсиб қўйиш билан амалга ошириш мумкинлигини билдиришган ва ҳатто айрим провайдерлар шундай қилганлар ҳам.

Kloop.kg сайтига хостинг хизматини кўрсатувчи “ProHost” ширкати эса 15 декабрь куни сайт ходимларини уларнинг серверлари ўчирилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Бектур Искендернинг айтишича, бу англашилмовчилик “ProHost” ширкати ходимларининг Давлат алоқа агентлиги кўрсатмасини нотўғри тушунгани туфайли содир бўлган.

- Афтидан, улар кўрсатмани нотўғри тушунганлар, чунки улар аввал-бошдан кимдир бизнинг серверларни мусодара қилади, деб қўрққан эканлар. Шунинг учун биз ҳар эҳтимолга қарши сайтимизни ўчириб, хорижий серверга кўчиб ўтишга қарор қилгандик. Аммо кечқурун ширкатдан телефон қилишиб, Давлат алоқа агентлиги кўрсатмасини бошқача тушунганларини айтишди, - дер экан Бектур Искендер бу воқеа журналистларни хушёр торттирганини, бундан буён шу каби муаммоларга дуч келмаслик учун таҳририят сайтни хорижий хостингга кўчириш бўйича қатъий қарорга келганини қўшимча қилди.

Айни пайтда Kloop.kg муассиси бу можарога қўл силтаб, қирғиз расмийлари ҳаракатини жавобсиз қолдириш ниятида эмас. Бектур Искендер мухбирингизга бу воқеа юзасидан Қирғизистон Давлат алоқа агентлиги билан ҳам, провайдерлар билан ҳам, Бош прокуратура билан ҳам судлашмоқчи эканини маълум қилди.

- Биз провайдерлар ёзувларимизга тўсиқ қўйиш орқали бизнинг ахборот тарқатиш ҳуқуқимизни бузаяпти, деган фикрдамиз. Биз Давлат алоқа агентлиги кўрсатмасини ноқонуний, деб ҳисоблаймиз. Биз ҳозир провайдерлар билан ҳам, Давлат алоқа агентлиги билан ҳам ва агар бизга Қирғизистон қонунларини бузгандек кўринса, Бош прокуратура билан ҳам судлашиш ҳақида жиддий бош қотирмоқдамиз.

Kloop.kg сайти “Клооп Медиа” жамоатчилик жамғармаси лойиҳаси бўлиб, у 2007 йилдан буён фаолият юритиб келади. Асосан рус ва қирғиз тилларида фаолият юритувчи сайтда вақти-вақти билан ўзбек ва инглиз тилларида ҳам мақолалар чоп этиб турилади.

XS
SM
MD
LG