Линклар

Жаҳон лидерлари толибларнинг Пешовардаги мактабга қилган ҳужумини қораламоқда


Пешовардаги мактабга қилинган ва 130 ҳаётига зомин бўлган толиблар ҳужуми халқаро ҳамжамият ва жаҳондаги етакчи лидерлар томонидан кескин қораланди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун содир бўлган воқеани “қўрқитиш ҳаракати ва айни пайтда ўтакетган қўрқоқлик”, деб атади.

АҚШ президенти Барак Обама ва Франция президенти Франсуа Олланд яна бир бор Покистонни экстремизм ва террорчиликка қарши курашда қўллашларини билдирдилар.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани эса “айбсиз болаларни ўлдириш Ислом динига мутлақо зид” эканини таъкидлади.

Нобель тинчлик мукофоти лауреати, покистонлик ҳуқуқ фаоли Малала Юсуфзай содир бўлган воқеани “совуққонлик билан амалга оширилган мантиқсиз террорчилик хуружи”, дея баҳолади.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти директор ўринбосари Дэвид Гриффитс эса болаларга қилинган ҳужумни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини урғулади.

Бу орада Афғонистондаги Толибон ҳаракати ҳам покистонлик толиблар ҳаракатини қоралаб чиқди.

“Айбсиз одамлар, болалар ва аёлларни қасдан ўлдириш Ислом дини асосларига тамомила зид келади ва бу мезон ҳар бир исломий жамоат ва ҳукумат томонидан кўриб чиқилиши лозим”, дея иқтибос келтиради Толибон вакили Забиуллоҳ Мужоҳид сўзларидан Reuters ахборот агентлиги.

XS
SM
MD
LG