Линклар

logo-print

Мактабга ҳужум ортидан Покистон ўлим жазосига мораторийни бекор қилди


Пешавордаги мактабга қилинган ҳужум қурбонларининг дафн маросимида ўқилган жаноза намозига минглаб киши қатнашди

Пешавордаги мактабга қилинган ҳужум қурбонларининг дафн маросимида ўқилган жаноза намозига минглаб киши қатнашди

Покистон бош вазири Навоз Шариф 16 декабрь куни Пешавор шаҳридаги ҳарбий мактабга қилинган ҳужум оқибатида 132 ўқувчи ва 9 ўқитувчи ўлдирилганидан сўнг 17 декабрь куни терроризм билан боғлиқ жиноятларларда айбланганларга нисбатан ўлим жазосига мораторийни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Бугун Пешавор шаҳрида мамлакат парламентининг барча фракциялари вакиллари олдида қилган чиқиши чоғида Шариф Покистон терроризмга қарши курашни давом эттираверажаги тўғрисида баёнот берди.

Покистон бош вазири фракциялар вакиллари билан ўтказган учрашувида мамлакатдаги барча сиёсатчиларни жанггарилар зўравонлигига қарши биргаликдаги курашга чақирди.

Навоз Шариф Пешавордаги мактабга қилинган ҳужумни “ёввойилар амалга оширган миллий фожеа”, деб атади.

Покистан 2008 йили ўлим жазосини қўллашга мораторий жорий этган, лекин судьялар вақти-вақти билан терроризм билан боғлиқ жиноятларда айбдор, деб топилганларга ўлим жазоси тайинлаш тўғрисида ҳукм чиқариб келаётган эди.

Лекин эълон қилинган мораторий туфайли ўлимга маҳкум этилганлар устидан ҳукм ижро этилмасди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ва маҳаллий гуруҳлар ҳисоб-китобича, шу кунда мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган ўлимга маҳкум қилинган 8000 нафар атрофидаги маҳбуснинг қарийб 800 нафари терроризм билан боғлиқ жиноятлари учун қамалган.

16 декабрь куни Пешавор шаҳридаги мактабга қилинган ҳужум Покистон тарихидаги энг қонли ҳужум бўлди.

Мазкур ҳарбий мактабда ҳарбий ва ноҳарбий оилаларнинг ўғил-қизлари таълим олади.

Покистон Армияси расмийлари тарқатган маълумотларга кўра, мактабга бомба бойланган камзулли 7 жанггари ҳужум қилган, улар мактабда хонадан хонага ўтиб, ўқувчилар ва ўқитувчиларни бирин-кетин отиб ташлаган.

Ўзини Тахрики Толибон ҳаракати матбуот вакили Муҳаммад Хуросоний деб таништирган шахс Озодликнинг Покистон хизматига телефон орқали боғланиб, ҳужум учун масъулиятни ҳаракат ўз зиммасига олиши, бу армиянинг Шимолий Вазиристондаги ҳаракатларига жавоб бўлганини иддао қилди.

Пешовардаги мактабга қилинган ва 130 ҳаётига зомин бўлган толиблар ҳужуми халқаро ҳамжамият ва жаҳондаги етакчи лидерлар томонидан кескин қораланди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун содир бўлган воқеани “қўрқитиш ҳаракати ва айни пайтда ўтакетган қўрқоқлик”, деб атади.

АҚШ президенти Барак Обама ва Франция президенти Франсуа Олланд яна бир бор Покистонни экстремизм ва террорчиликка қарши курашда қўллашларини билдирдилар.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани эса “айбсиз болаларни ўлдириш Ислом динига мутлақо зид” эканини таъкидлади.

Нобель тинчлик мукофоти лауреати, покистонлик ҳуқуқ фаоли Малала Юсуфзай содир бўлган воқеани “совуққонлик билан амалга оширилган мантиқсиз террорчилик хуружи”, дея баҳолади.

XS
SM
MD
LG