Линклар

Ўзбекистондан газ ололмай қолган Қирғизистон кўмирдан газ ишлаб чиқармоқчи


Қирғизистон Энергетика вазирлиги кўмирдан газ ишлаб чиқарувчи завод қуриш бўйича Туркия компанияси билан меморандум имзолади. Қирғиз ҳукумати агарда мазкур завод қурилса, мамлакат жанубини газ билан таъминлаш ва энергетика тақчиллигини озайтиришга имкон яралишини билдирмоқда.

Қирғизистон Энергетика вазирлиги кўмирдан газ ишлаб чиқарувчи завод қуриш бўйича Туркия компанияси билан меморандум имзолади. Қирғиз ҳукумати агарда мазкур завод қурилса, мамлакат жанубини газ билан таъминлаш ва энергетика тақчиллигини озайтиришга имкон яралишини билдирмоқда.

Ҳозирча номи ошкор қилинмаётган Турк компанияси билан меморандум 16-декабрь куни имзоланган.

Турк компанияси синтетик газ ишлаб чиқариш технологиялари, усулларини аниқлаб, завод қурилишининг атроф-мухитга кўрсатувчи таъсирини баҳолаб, бу борадаги ҳисоботини 3 ой ичида Қирғизистонга тақдим этиши керак.

Қирғизистон Энергетика вазирлигининг матбуот котиби Динара Мўлдўкалиеванинг айтишича, мазкур лойиҳа бўйича давлат органлари ижобий хулоса берса, компания иш бошлашга рухсат олади.

- Ҳисоботнинг техник, иқтисодий асослари юзасидан давлат органлари ижобий хулоса берса, шунингдек, атроф-муҳитни, ер ости бойликларини ҳимоя қилиш, техник ва экологик стандартлар, шартлар, ўлчовлар ва талаблар сақланса, компания Қирғизистон қонунларига мувофиқ синтетик газ ишлаб чиқариш учун кўмир конларидан фойдаланишга лицензия ва рухсат олади,- деди Динара Мўлдўкалиева.

Декабрь ойи бошида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳам мамлакат жанубини газ билан таъминлашда қўшни давлатларга қарам бўлмаслик учун алтернатив икки йўл ўрганилаётганини айтган ва Қизилқия шаҳрида кўмирдан синтетик газ ишлаб чиқариш лойиҳаси улардан бири эканини маълум қилганди. Президент бу заводни қуриш бўйича, декабрь ойининг ўрталаригача келишувга қўл қўйилиб, завод бир ярим йилнинг ичида қурилиб битирилишини маълум қилган.

- Инвестор топилди. У 200-300 миллион доллар ётқизишга рози. Ҳудо хоҳласа, декабрь ойи ўртасигача заводни қуриш бўйича келишувга қўл қўйилади, - деган эди Алмазбек Атамбаев.

Газ билан таъминлашнинг яна бир йўли сифатида президент Боткенда топилган газ конларини ҳисоблайди. Унга кўра, бу газ мамлакат жанубини 5-10 йил таъминлашга етади ва уни Ўш билан Жалолободга тортиб бориш учун 200-300 миллион доллар пул сарфланади.

Ҳукумат бунгача, мамлакат шимолидан жанубига газ тортиш режаси борлигини маълум қилганди. Бироқ президент бу лойиҳани амалга ошириш учун бир ярим миллиард доллар кераклигини айтиб, ундан кўра бу молияни мамлакатдаги газ, нефть конларини излашга ажратиш мақсадга мувофиқ бўлишини билдирган ва бу борада “Газпром” билан музокаралар бўлганини айтган.

Марказий Осиёдаги сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш масалаларини ўргангувчи халқаро жамоатчилик фондининг раҳбари Эрнис Кадирбеков, мамлакатда газ заҳираси фақат беш-етти йилга етиши совет давридаёқ аниқланганини эслатиб, бундай шароитда газ қувурларини ётқизиш ўзини оқламаслигини айтади. Эксперт, кўмирдан газ ишлаб чиқариш таклифи ҳам Қирғизистонга иқтисодий ва экологик томонидан фойдасиз эканини айтади. Унга кўра, ҳукумат электр энергияси ишлаб чиқаришга ҳаракат қилиш билангина газга бўлган эхтиёждан қутулиши мумкин.

- Кўмирдан газ ишлаб чиқарилса, унинг қуввати бир куб метрга 1000-1500 килокалорий бўлади. Халқ буни ёқа олмайди. Солиштириб кўрсак, табиий газнинг қуввати 8000 килокалорийдир. Қизилқиядаги кўмирнинг қуввати - килограммига 4500 килокалорий. Шу сабабли иқтисодий жиҳатдан қараганда бу бизга фойдасиздир. Бундан ташқари сейсмик жиҳатдан ҳам завод қуришнинг имкони йўқ. Албатта, газ масаласида қарам бўлмаслик керак. Бизда электр энергияси бор, кўмир бор. Кўмирдан станция қуриб электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин. Норин дарёсида турган Тўқтўғул каскади билан иккаласини бирдай ишлатсак, халқни 50 йил таъминлашимиз мумкин, дейди Эрнис Кадирбеков.

Қирғизистон ҳукумати “Қирғизгаз”ни 2014 йилнинг баҳорида Россиянинг “Газпром”ига сотган. Кўп ўтмай мамлакат жанубига газни “Қирғизгаз” орқали бериб келган “Ўзтрансгаз” рус компанияси билан шартнома йўқлигини айтиб, Қирғизистонга газ беришни тўхтатган. Шундан бери Қирғизистон жануби газсиз яшамоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG