Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:50

Обама ташқи сиëсатининг 2014 йилги жумбоқлари


Обама ташқи сиëсатига нисбатан босим ва танқидлар ортидан Мудофаа вазири Ҳейгел истеъфога кетишга мажбур бўлди.
Обама ташқи сиëсатига нисбатан босим ва танқидлар ортидан Мудофаа вазири Ҳейгел истеъфога кетишга мажбур бўлди.

2014 йил январида ўзини Ироқ ва Шом исломий давлати деб атаган қуролли жанггарилар гуруҳи Ироқнинг Фаллужа шаҳрини ишғол қилганида¸ АҚШ президенти Барак Обама уларни Ал-Қоида террор гуруҳига солиштирганда¸ иккинчи даражали таҳдид гуруҳи сифатида таснифлади ва уларга кўп ҳам эътибор қаратишни ўзига эп кўрмади.

Орадан олти ой ўтиб¸ ИШИДчилар Ироқнинг пойтахт Бағдоддан кейинги иккинчи йирик шаҳри Мосулни қўлга олди ва йил охирида ҳам бу шаҳар ҳамон улар назоратида қолмоқда.

Мосул ишғолидан уч ой ўтиб¸ Обама “аëвсиз шавқатсизликда мисли кўрилмаган бу террорчиларни зарарсизлантириш”га аҳд қилди ва улар қўйиб берилса¸ АҚШга ҳам таҳдид солишидан огоҳлантирди.

Исломий давлатчиларнинг фавқулодда куч йиғиб¸ Ироқ ва Сурия ҳудудларида ислом номидан қилаëтган террори 2014 йил давомида Обама маъмурияти дуч келган кўплаб муаммолардан бири¸ холос.

Украинадаги қайноқ урушдан Россия билан Совуқ урушга қадар¸ Суриядаги гуманитар бўҳрондан Исроил-Фаластин можаросининг темир деворига қадар 2014 йил давомида Обама ечимини топишга уринган жумбоқлар бўлди.

- 2014 йил воқеалари умумиятла қамалда қолган аслида Обама маъмуриятидир¸ деган таассурот қолдирмай қўймади. Бир-биридан узоқдаги турли-туман инқирозлар¸ йил тугаëтган бир пайтда ҳам одамда биз уларни назоратга олдик¸ деган ишончга асос бермаяпти¸ дейди АҚШ Давлат департаменти собиқ расмийси Давид Крамер Озодлик билан суҳбатда.

Ташқи сиëсат бўйича америкалик таҳлилчиларга кўра¸ 2014 йилда юзага чиққан кутилмаган жараëнлар Обаманинг аксар вақти ва кучини мамлакат ичкарисидаги муаммолардан кўра кўпроқ ўзига жалб қилди ва дунëнинг турли бурчагида ëнган гулханларни ўчириш учун Оқ уй раҳбари АҚШ ҳарбий ва молиявий қудратини ишга солишга мажбур бўлди.

- 2014 йил ниҳоятда мураккаб келди. Тугаëтган йилда глобал жамоатчилик дуч келган муаммолар ҳар қандай президент¸ ҳар қандай Оқ уй маъмурияти учун оғир бўлган бўларди. Адолат юзасидан айтиш керак¸ дунë 2014 йилда дуч келган муаммоларнинг анчаси Обама маъмуриятининг Буш давридаги хориж давлатлари ишларига ортиқча аралашуви оқибатларини бекор қилиш истаги билан боғлиқдир¸ дейди Жорж Буш президентлиги даврида Миллий хавфсизлик кенгашида ишлаган Ричард Фоунтайн Озодлик билан суҳбатда.

ИШИДнинг фавқулодда куч йиғиши¸ кузатувчилар таъкидича¸ Обаманинг Суриядаги қонли фуқаролар урушига нисбатан ëндашувини янада мураккаблаштирмай қолмади.

Обама “минглаб фуқароларини шавқатсизларча ўлдириш ортидан легитимлигини йўқотди” деб баëнот берган Башар Асад режими ИШИД билан уруш жабҳасида қолар экан¸ АҚШ ИШИДга қарши ҳарбий амалиëтлар Асад тегирмонига сув қуймаслигини қандай кафолатлашни тополмай қолди.

Бир томондан ИШИДга қарши кураш¸ иккинчи томондан ИШИД жиҳод эълон қилган Башар билан ҳамкорлик қилмаслик каби ўта нозик вазифани бир пайтнинг ўзида адо қилиш мажбурияти¸ Вашингтоннинг Сурия стратегияси юзасидан жиддий хавотир ўйғотди.

Айни пайтда¸ Обама¸ қолаверса¸ бутун Ғарб ҳукуматлари учун 2014 йилнинг оғир жумбоқларидан бири Европа билан яқинлашув йўлини танлаганидан сўнг Россиянинг очиқ ва гизли агрессияси нишонига айланган Украина ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш масаласи бўлди.

Обама маъмурияти ЕИ даги ҳамкорлари билан биргаликда Россияни жазолаш учун иқтисоий санкцияларни ишга солди¸ бироқ АҚШ Конгрессидаги Обама мухолифлари бу жазо чораларини Россия агрессиясига лойиқ бўлмаган заиф ҳаракат сифатида танқид остига олдилар.

Обама маъмуриятининг Фаластин-Исроил можаросидаги томонларни муросага келтириш учун олиб борилган иккинчи жиддий уринишлари ҳам натижасиз тугади.

Айни пайтда¸ 2014 йил давомида Обама маъмуриятининг ташқи сиëсат жабҳасидаги муваффақияти сифатида талқин этилаëтган воқеалар ҳам анчагина.

Улар орасида Хитой билан иқлим ўзгаришига оид келишувнинг имзоланиши¸ Эрон ядровий дастури бўйича музокаралардаги кичик бўлса-да¸илгари силжиш бор.

Умумиятла¸ Обама маъмуриятининг 2014 йилги ташқи сиëсат бобидаги ҳатти-ҳаракатлари¸ республикачи мухолифлардан тортиб¸ ижтимоий сўровда қатнашган оддий америкаликларнинг аксарияти томонидан қониқарсиз деб баҳоланди.

Ана шундай босимлар таъсирида тугаëтган йилда АҚШ Мудофаа вазири лавозимига истеъфо берган Чак Ҳейгел¸ бундай танқидларнинг Обамага нисбатан адолатсизлик эканига шама қилди:

- Мен яқинда Обамага АҚШ тарихида Америкага президент бўлиш ва бу мамлакатни бошқариш учун ҳозиргиданда оғирроқ вақтлар бўлганини билмайман¸ деб айтдим¸ дейди Ҳейгел.

XS
SM
MD
LG