Линклар

Путин Россия муаммоларида Ғарбни айблади


Владимир Путин Ғарб "рус айиғини" кишанламоқчи, қабилидаги иддаоларни яна такрорлади.

Владимир Путин Ғарб "рус айиғини" кишанламоқчи, қабилидаги иддаоларни яна такрорлади.

Россия Президенти Владимир Путин Ғарбни янги “виртуал” Берлин деворини қурганликда айблади ва рубльнинг қулаши вазиятида пайдо бўлган хавотирларни бостириш уриниши ўлароқ Россия иқтисоди, албатта, оёққа туриб олади, дея ваъда берди. 18 декабрь куни ўтказилган анъанавий йиллик матбуот анжуманида Путин ўз ҳукумати юз тутган қийинчиликлар олдида кучли етакчи имижини ясашга уринди.

Россияда байрам таътили бошланиши арафасида, рубль қулаган, мамлакат иқтисодий инқирозга юз тутган ва Ғарб билан қарама-қаршилик кучайган вазиятида ўтказилган йиллик марафон-матбуот анжуманида Путин Россия иқтисоди оёққа туриб олиши “муқаррардир”, дея таъкидлаб, бунинг учун икки йил талаб қилинишини тахмин қилди.

Бир неча юз журналист олдида қилган чиқишида Путин Россиянинг молиявий қийинчиликлари ташқи факторлар, жумладан нефть нархларининг тушиб кетгани билан боғлиқлигини эътироф этиб, энергия воситалари экспортига қарам бўлган мамлакат иқтисодини диверсификация қилишни ваъда берди.

- Келаси икки йил ичида – бунга шубҳа қилмайман – иқтисодимизни диверсификация қилиш учун кўп нарсани амалга оширишимига тўғри келади. Чунки реалликнинг ўзи бизни шунга мажбур қилади – оддий қилиб айтганда, бизнинг бошқа иложимиз қолмайди, деди Путин.

Украина масаласиа тўхталганда Путин агрессив оҳангга ўтди ва Киев ҳукуматини мамлакат шарқидаги қуролли можарони келтириб чиқарганликда айблай кетди. Москва билан Ғарб ўртасидаги қарама-қаршиликда Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқини агрессор мақомига қўйди.

- Сиёсий маънода биз ҳеч кимга ҳужум қилаётганимиз йўқ. Биз ўз манфаатларимизни ҳимоя қиляпмиз. Ғарбдаги ҳамкорларимиз, ақниқса, америкаликларга эса бу ёқмаяпти,- дея таъкидлади Путин.

Путин Украина битта сиёсий макон бўлиб қолиши керак, дея таъкидлаб, Киев ҳукуматини шарқий Украинада “жазо операциясини” ўтказганини иддао қилиб, ҳукумат барча минтақалар, жумладан россияпараст айирмачилар қўлида қолаётган вилоятлар билан “тўғридан-тўғри, тенг ҳуқуқли” мулоқот ўрнатиши шарт, дея талаб қилди.

Апрель ойидан бери 4700дан ошиқ одам ҳалок бўлган шарқий Украинадаги можарода, НАТО вакиллари Россия бевосита иштирок этаётганини айтиб келади.

Путин 1991 йилда Совет Иттифоқи қулашидан кейин НАТОнинг шарқ томон кенгайиши ва АҚШ аксилракета мудофаа тизими ишлаб чиқилганини Европада янги тўсиқлар яратилаётганига мисол сифатида келтирди ва Россиянинг Украина бўйича позицияси Ғарбга бу йўлдан воз кечиш фурсати келгани тўғрисида сигнал бўлиши керак, дея таъкидлади.

У Ғарб давлатларини Россиянинг Шимолий Кавказ минтақасида “террорчиларни тўғридан-тўғри ва тўлалигича” қўллаб-қувватлаганликда айблади. Путин доим такрорлаб келадиган, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Россияни оёғини кишанлаш ҳаракатларидан ҳеч қачон воз кечмайди, қабилидаги иддаоларини яна бир бор такрорлади.

- Баъзан ўйлаб қоламан, балки айиғимиз тинчгина ўтиргани яхшимикин, деб. Балки, тайгада тўнғизчаларни қувмасдан, реза мевалари ва асалини еб юрса, уни тинч қўйишармикин? Йўқ, ҳеч қачон тинч қўйишмайди. Чунки уни ҳар доим кишанлашга ҳаракат қилишади. Кишанлаб бўлишганда эса, унинг тиш-тирноқларини суғуриб олишади. Бугунги маънода бу ядровий тийиш кучларидир. Буни амалга оширшгандан кейин эса, айиқча ҳам керак бўлмай қолади.

Йиллик матбуот анжумани Путин 1999 йилда иқтидорга келганидан бери анъанага айланган тадбирдир. Путин президентлигида ҳам, бош вазир лавозимидалигида ҳам ўтказиб келинадиган бу тадбирни асосан ўзининг мамлакат ичкарисидаги обрўйини ошириш ва ғарбга надомат тошларини отиш воситаси сифатида ишлатиб келади.

Бу йилги машварат Украина бўҳрони ва рубльнинг қулаши фонида Россия жаҳон диққат марказига тушган пайтда ўтказилди.

Россия март ойида Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилди. Бунга Европа Иттифоқи билан Ассоциация келишувини имзолашдан бош тортган Украина президенти ҳокимиятдан ағдарилиши сабабчи бўлди.

Украинада иқтидорга келган ғарбпараст ҳукумат Москвани шарқий Украинадаги россияпараст айирмачиларга қурол ва қўшинлар билан ёрдам бераётганликда айблаб келмоқда.

Юзага келган бўҳрон боис АҚШ ва ЕИ томонидан Москвага жорий қилинган санкциялар ва нефть нархининг тушиши йил бошидан бери Россия рублининг икки баробар қадрсланишига олиб келди.

Қўшма Штатлар Россия Украина бўйича тутган йўлидан қайтадиган тақдирда санкцияларни тез орада бекор қилишни таклиф қилган. АҚШ Давлат котиби Жон Керри 16 декабрь куни қилган чиқишида “президент Путин танлаган йўлга қараб санкциялар бир неча ҳафта ичида бекор қилиниши мумкин”, дея баён қилди.

Путин санкциялар халқаро қонунлар ва Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига зид келишини айтишдан тўхтамаётир.

Путин Украинада тинчлик ўрнатиш борасидаги навбатдаги музокалар “иштирок этишга доим тайёрлиги”ни таъкидлади, лекин Россия бу бўҳрондаги сиёсатини ўзгартиришга тайёрлигини аниқ-тиниқ билдиргани йўқ.

Путин аниқ ибораларни ишлатмасдан, Россия Украинага қўшин юборганини яна бир бор инкор қилди. У ерда жанг қилаётган ҳар қандай россиялик “кўнгил чақирувига” амал қилган кўнгиллилар эканини иддао қилди.

Бугунги матбуот анжуманида саволлар берилишидан аввал Путин вазиятни безатиб кўрсатиш уриниши ўлароқ, жорий йилда мамлакат иқтисоди ўсиши ва даромад харажатлардан кўра анча каттароқ бўлишини ҳам иддао қилди.

Қрим аннексиясидан кейин Путиннинг мамлакат ичидаги рейтинги мисли кўрилмаган даражада кўтарилди. Лекин иқтисодий муаммолар унинг обрўйи путурини кетказа бошлади.

62 ёшли Путин 2018 йилда жорий муддати тугашидан кейин яна президентлик курсиси учун курашишини эҳтимодан соқит қилмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG