Линклар

Россия Биринчи каналида майхўрларга ирқчилик сабоқлари берилди


"Жить здорово" телешоусидан кўриниш

"Жить здорово" телешоусидан кўриниш

Россиянинг “Биринчи канал”ида кўрсатилган “Жить здорово” (“Соғлом яшаш”) дастурида Янги Йил байрами арафасида россияликлар учун жуда долзарб бўлган мавзу – ичкиликбозлик ва унинг асоратлари тўғрисидаги масалани русларнинг "қисиқ кўзлилар"дан ирқий жиҳатдан устунлигига боғлади.

Ўзларини “славян патриотлари”, “насронийлик ҳимоячилари” ёки “мигрантларга қарши курашувчилар”, деб атаётган шахсларнинг ирқчилик, ксенофобия ва миллатчилик ғоялари аста-секин давлат оммавий ахборот воситалари орқали одамлар онгига сингдирилаётган кўринади.

Масалан, Россия бош телеканалининг “Жить здорово” (“Соғлом яшаш”) дастури бошловчиси Елена Малишева телеэкран орқали миллионлаб россиялик “оқ танли” славянларга “кўзи писка” мўғулсимонлар билан спиртли ичимлик ичмасликни тавсия қилди.

“Қисиқ кўзлар билан ичиш хавфли!”

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Елена Малишева кўплаб телетомошабинларга “Здоровье” (“Соғлик”) дастури бошловчиси сифатида танилган. Унинг навбатдаги “Жить здорово” шоуси Россиянинг энг оммабоп дастурлари қаторидан ўрин олди. Унда Малишева хоним россияликларни ғайриоддий томошалар орқали соғлом яшашга ўргатиб боради.

Унинг 15 декабрь куни тақдим этган эфири “Ким билан ичиш тавсия этилмайди”, деб номланди. Россия аҳолиси учун энг долзарб бўлган ичкилик мавзусини Елена Малишева ва унинг ёрдамчилари алкоголни ҳазм қилишнинг ирқий ҳоссалари “таҳлили”га бағишлади.

Мўғул ирқига мансубларни у томошабинларга тушунарли бўлиши учун содда қилиб “кўзи қисиқ”лар деб номлади ва янада тушунарлироқ бўлиши учун қўллари билан кўзларини қисди. У "сариқ танли"лар билан спиртли ичимлик ичишни бундай тарзда тақиқлади:

- Одамлар, миллатлар,аниқроқ қилиб айтсам, миллатлардан йирикроқ ирқлар мавжуд. Масалан, биз оқ танлилар ирқи, славянлар, яна қора танлилар бор –уларнинг кимлигини кўрсатиб ўтирмайман. Ким билан Янги Йилда ичиш мумкин эмас? – дея жуда “қизиқ” ва “долзарб” мавзуни кўтарди бошловчи Малишева.

Саҳнага кўринишидан аниқ "славян" ва "оқ танли" бўлмаган шоу иштирокчиси таклиф этилди.

- Мени исмим Шухрат. Мен ўзбек.


- Сизни ҳеч ким бу ерда хафа қилмаяптими? Ахир собиқ Совет Иттифоқидан келаётган одамларга одатга кирган менсимасдан муносабат қилиш жуда даҳшатку! Хуш келибсиз, Шуҳрат! Лекин биз кўтарган масала жиддий: ким билан Янги Йилда бирга ичмаслик керак, сизнингча?


- Менинг шахсий фикрим, мен полициячи ва фмсчилар билан ичишни хоҳламаган бўлардим,- дейди дастур бошловчиси қаерга бошлаётганини ҳозирча англамаётган ўзбекистонлик Шуҳратжон.

Шу пайт юксак “илмий тадқиқот” натижаларига бошловчи ёрдамчиси Дмитрий Николаевич қўшилиб, жиддий оҳангда:

- Бутилкадошингиз соғлиги хавфсизлиги нуқтаи назаридан мўғул ирқига мансуб одамлар билан ичиш тавсия этилмайди, тўғрироғи, улар билан қатъиян ичиш мумкин эмас, - дейди.

Ана холос! “Писка кўзли”лар билан ичмасликка энг аввало уларнинг соғлигини ўйлаб даъват қилинаётган экан!

"Жить здорово" дастуридан лавҳа

"Жить здорово" дастуридан лавҳа

Шу пайт экранда мўғулларни бошқа ирқлардан адаштирмаслик учун негадир ёқут ёки бурят боланинг тасвири кўрсатилади. Пайдо бўлган ёзувда эса “Мўғул ирқига мансуб одамларга алкоголнинг ҳатто оз миқдори заҳарлидир”, деган сўзлар акс этади.

Муносабат

Елена Малишеванинг очиқчасига ирқчилик кўринишида бўлган бу “шоу”сига Россия оммавий ахборот воситаларида эътибор деярли бўлмаган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда унга бўлган муносабат билдирилиши давом этмоқда.

Интернет фойдаланувчилардан бири “Ичкиликдан бош оғриётган пайтда ҳамма бир хил кўринишга эга бўлади. Расистлар ойнага қарамайдиганга ўхшайди”, деб ёзса, бошқаси: “Сўнгги вақтларда Россия каналларида икки турдаги дастурлардан бошқаси учрамай қолди: биринчиси, пропаганда (Украина душман, Қрим бизники), иккинчиси, “Жить здорово”га ўхшаган “кўнгилочар” кўрсатувлар”, дея муносабат билдирди.

Москвалик Александра эса мана бундай хулоса чиқаради: “Давлат шу тариқа ишора бермоқда – ҳа, осиёликларни энди “юмшоқ” қилиб “кўзи қисиқлар” деб аташ мумкин. Россия жамияти эса буни иштаҳа билан ютиб юборади. Қани, Малишева чиқишидан кейин Россия жамияти чурқ этармикан?”.

Москвада анча йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган Саидаҳмад Малишеванинг бу дастурини кўрмаган бўлса-да, уни “кулгили” деб атади. У энг маъқули - умуман ичмаслик, дейди.

- Ароқ ичиш бу миллат танламайдику... Хоҳласа қора танли билан ичиши мумкин-ку! Арақ ҳеч кимни танламайди – “оқ танли”ми, “қора танли”ми, мўғулми. Алкашга нима фарқи бор! Мен шахсан умримда ичмаганман. Дунёда ичкиликни Муҳаммад с.а.в биринчи бўлиб тақиқлаган. Бутун дунё эса энди ичкилик одамни тубан йўлга киргизиб қўйишини англаб етмоқда. Ичкилик инсонни тубанликка олиб боради,- деди Саидаҳмад.

“Ичкилик гени” ўзи бор нарсами?

Айни пайтда, олимлар алкоголнинг организмдаги кўриниши бўлган ацетальдегидни “айрим ирқлар парчалай олмайди” деган ғоя чўпчак эканини аллақачон исботлаб бўлган.

Якутия.инфо сайтига берган интервьюсида Вавилов номидаги Умумий генетика институти профессори, биология фанлари доктори Светлана Боринская Елена Малишева ўз дастурида жиддий хатоларга йўл қўйгани ва ичкиликнинг ирқий жиҳатдан таъсири тўғрисида гапириш мутлақо мумкин эмаслиги тушунтирди.

“Одамнинг тана ранги ва кўз шакли бўйича фарқлаш мутлақо нотўғри. Алкоголнинг у ёки бу ирқ томонидан ҳазм қила олиши-қила олмаслиги ҳам йўқ нарса. Бу янглишмовчиликлар ўтган асрнинг 70-80 йилларида олиб борилган ва кейинчалик кўплаб олимлар томонидан хатолиги исботланган тадқиқотга бориб тақалади. Мен айтишим мумкинки, ҳеч қанақанги “ичкилик гени” деган тушунчанинг ўзи йўқ. Одамгарчилик нуқтайи назаридан эса шахсий фикрим: ким билан бокал кўтаришга ўргатиш бу телеканалнинг иши эмас”, деб тушунтириш берди генетик Светлана Боринская.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG