Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:14

Истанбулда ўзбек имомини ўлдиришда гумон қилинган кишининг шахси очиқланди


Озодлик тасарруфидаги ҳужжатлар орасида Собир Шукуров номига берилган Россия паспорти нусхаси ҳам бор.
Озодлик тасарруфидаги ҳужжатлар орасида Собир Шукуров номига берилган Россия паспорти нусхаси ҳам бор.

Истанбулда асли ўзбекистонлик имомнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган шахс ëнидан Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси чиқди. Бу ҳақда Озодликка мазкур жиноятни тафтиш қилаëтган тергов гуруҳи вакили маълум қилди. Шунингдек, Озодлик ушбу мақолани ҳозирлашда туркиялик журналист Ҳамди Қўч ўғли¸ ўлдирилиш рўйхатида бўлган ўзбек мухолифатчиси Муҳаммад Солиҳ ва Қорасувдаги масжид имоми Рашод Қори Камоловлар билан бўлган суҳбатларга ҳам таянди.

Андижоннинг Шаҳрихон туманида туғилган 39 яшар имом Мирзағолиб Латифович Ҳамидов бундан саккиз кун олдин Истанбулда отиб ўлдирилган эди.

Озодликка исми ошкор этилмаслиги шарти билан эксклюзив суҳбат берган Истанбулдаги терроризмига қарши кураш бошқармаси зобити "Қотиллик излари Ўзбекистон ва Россияга олиб бормоқда", дея таъкидлади.

Лекин суҳбатдошимиз қотиллик Ўзбекистон ва Россиядаги қайси доиралар қотилликни буюрганини аниқлаштирмади.

Истанбулдаги терроризмига қарши кураш бошқармаси ходимининг ўз тасарруфидаги маълумотларга таяниб Озодликка айтишича¸ суиқасдни уюштириш учун 20 кишилик гуруҳ Туркиядан келган.

“Бу гуруҳнинг Ўзбекистон ва Россиядан келгани ҳақида маълумотлар бор,”- деди суҳбатдош.

Гумонланувчининг ҳайдовчилик гувоҳномаси
Гумонланувчининг ҳайдовчилик гувоҳномаси

Зобитнинг айтишича, бир неча кун аввал Истанбулдаги меҳмонхоналардан бирида ўзбекистонлик имомнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган шахс ëнидан Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси чиққан.

Унга кўра¸ 30 яшар Собир Ëқубович Шукуров қотиллик "буюртмачиси", дея гумон қилинмоқда.

Туркия матбуоти ҳам хавфсизлик идораларига таяниб, уч киши ҳибсга олингани, булар Собир Шукуров, Элдор Аслан ва Зелимхон Махтиев, деб хабар қилмоқда.

Шунингдек, Собир Шукуров ўзбек мухолифати етакчиларидан бири Муҳаммад Солиҳга суиқасд уюштиришга уринишда ҳам гумон қилинмоқда.

Айни пайтда, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган Туркия терроризмга қарши кураш бошқармаси зобитига кўра, Собир Шукуров ëнидан Россия паспорти ҳам чиққан. Шу билан бирга паспортнинг ҳаққонийлиги ва гумондорнинг айнан қайси давлат фуқароси экани ўрганилмоқда.

Истанбулдаги терроризмига қарши кураш бошқармасининг гумон қилишича, Собир Шукуров Ўзбекистон хавфсизлик тизимларида ишлаган бўлиши мумкин.

Унинг айтишича, Собир Шукуров Туркияга келиб, суиқасдни амалга ошириш учун ижрочиларни қидирган.

Суиқасд ижрочиси, деган гумон билан 11 декабр куни қўлга олинган 27 ёшли Украина фуқароси чечен миллатига мансуб Зелимхон Махтиев ва асли асхика туркларидан бўлган Туркия фуқароси Элдор Асландан олинган маълумотларга таянган суҳбатдош имомнинг ўлдирилиши қай тарзда ташкил қилинганини айтиб берди:

“Собир Шукуров Туркия ҳудудида уч киши, яъни Мирзағолиб Ҳамидов, Муҳаммад Солиҳ ва Темур Солиҳларга суиқасд уюштириш учун Туркия фуқароси Элдор Аслан билан боғланади. Ўз навбатида Элдор Аслан қўлида Украина паспорти бўлган чечен миллатига мансуб Зелимхон Махтиевни топади. Зелимхон Махтиев ëлланган қотил вазифасини бажариб 10 декабрь куни ўзбекистонлик имом Мирзағолиб Ҳамидовга қараб ўқ отади. Ҳамидов ўша куни кечга яқин касалхонада жон беради.”

Туркия хавфсизлик идоралари гумонланувчи ёнидан топган ҳужжатларнинг айирмлари Озодлик тасарруфига келиб тушди.

Улардан бирида Мирзағолиб Ҳамидов ҳақида муфассал маълумот бор.

Унда 39 яшар имом Мирзағолиб Латифович Ҳамидовниг асосан пайшанба¸ жума ва шанба кунлари соат 10 дан 21 гача мадрасада бўлиши¸ бошқа кунлари эса Мармара денгизи яқинидаги мавзеъда бўлиши ëзилади.

Шунингдек, ҳужжатда имомнинг Ўзбекистондаги манзили ва оиласи¸ қўлланиладиган алоқа воситалари ҳамда телефон рақамлари қайд этилган.

“Рус тилида ëзилган бу маълумотлар кўмагида Зелимхон Махтиев 10 декабрь тонгида суиқасдни амалга оширди ва унинг навбатдаги нишони Муҳаммад Солиҳ ва унинг ўғли Темур Солиҳ эди,” деб таъкидлади Истанбулдаги терроризмига қарши кураш бошқармаси ходими.

Суҳбатдош Озодлик мухбирига суиқасд ташкилотчилари ëнидан топилган қўшимча ҳужжатларни тақдим этди.

Мирзағолиб Ҳамидовга суиқасдда гумон қилинаëтган шахс ëнидан чиққан ҳужжатда Муҳаммад Солиҳ уйининг харитаси акс этган.
Мирзағолиб Ҳамидовга суиқасдда гумон қилинаëтган шахс ëнидан чиққан ҳужжатда Муҳаммад Солиҳ уйининг харитаси акс этган.

Улардан бирида Темур Солиҳ фотосурати акс этган, бошқаси эса Муҳаммад Солиҳнинг Истанбул шаҳар Тузла туманидаги ҳовлисига бориш йўллари тасвирланган харитадир.

Қотилнинг қўлида Муҳаммад Солиҳ яшайдиган уйнинг чизмаси бўлганлигини Yenı Şafak газетаси мухбири Ҳамди Қўч ўғли ҳам Озодликка билдирган эди.

Ҳамди Қўч ўғлининг айтишича¸ гумонланувчиларни қўлга олишда қотиллик содир этилган жойдаги кузатув камераларидан олинган тасвирлар ёрдам берган.

Суиқасддан мақтул ва бошқаларнинг хабари бўлган

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ суиқасд воқеасидан 3 ой олдин қатл рўйхатида бўлганларнинг ҳаммаси хабардор бўлган.

2014 йилнинг 17 сентябрида муҳожиротда яшаëтган имом Муҳаммад Солиҳ Абутов ўз радиоблогида Истанбулда Бухорий номи билан танилган Мирзағолиб Ҳамидов билан суҳбатлашади.

Суҳбат давомида Мирзағолиб Ҳамидов ўзига суиқасд таëрланаëтганини аниқ билишини таъкидлайди:

- Бундан бир ой олдин (2014 йил 17 август) баъзи кишилар келиб қўлида ҳужжатлар билан менга қарши суиқасд тайëрланаëтганлигини айтишди. Уларни қўлида жиддий ҳужжатлар бор эди. Аммо мен Оллоҳга таваккул қилиб бу ҳақда Туркия истихборотига (Хавфсизлик тизимларига) хабар бермадим¸ - деган эди ўлимидан икки ярим ой олдин Мирзағолиб Ҳамидов.

Ҳамидов 12 сентябрь куни Истанбулдаги терроризмига қарши кураш бошқармаси вакиллари билан суҳбатлашганини айтади:

- Истанбулдаги терроризмига қарши кураш бошқармаси вакиллар менга қараб¸ сен нега ўзинга қарши суиқасд ҳозирланаëтгани ҳақида ҳеч нарса демадинг деб айтишди ва мени огоҳ бўлишга ҳамда керакли тадбирларни олишга чақиришди¸- деган эди Мирзағолиб Ҳамидов.

Туркиядаги етакчи ва иқтидорга яқин Yenı Şafak газетаси мухбири Ҳамди Қўч ҳам Озодлик билан суҳбатда бу суиқасд тайëрланаëтгани ҳақида 3 ой олдин хабар топганини айтган эди.

Туркия хавфсизлик идораси ўлдириладиганлар рўйхатида бўлганини айтаётган Қорасувдаги масжид имоми Рашод Қори ҳам режаланган суиқасдни уч ой олдин билганини Озодликка айтди:

Қорасувлик имом Рашод қори Камолов.
Қорасувлик имом Рашод қори Камолов.

- Суиқасд режалангани тўғрисида, рўйхатда 4 киши борлигини эшитган эдим. Бундан тақрибан 3 ойдан кўпроқ аввал эшитган эдик буни хабарини. Бизга хабар етказганларга албатта Абдуллоҳ Бухорийгаям етказинглар деб айтган эдик. Абдуллоҳ Бухорийниям бу тўғрида хабари бор эди. Шахсан ўзимга нисбатан буюртмани, Қирғизистонда юрган кўча болаларидан эшитган эдим,- дейди Рашод қори.

Айни пайтда, Рашод қори ҳуқуқ-тартибот идораларига ўзига нисбатан таҳдид борлиги тўғрисида билдирмаганини айтади.

Ўзига ва ўғлига нисбатан суиқасд режалангани ҳақида бундан 3 ой олдин Ўзбекистон мухолифат арбоби Муҳаммад Солиҳ ҳам огоҳлантирилган.

Ўзбек мухолифати арбоби Муҳаммад Солиҳ
Ўзбек мухолифати арбоби Муҳаммад Солиҳ

- Уч ой олдин Истанбул полициясидан келиб мени суиқасд эҳтимолидан огоҳлантиришди. Лекин ўшанда бунга жиддий аҳамият бермаган эдим. Воқеаларнинг бундай ривожи боис хозир менинг уйим ëнидаги ҳавфсизлик тадбирлари икки марта кучайтирилди¸- дейди Муҳаммад Солиҳ.

Тазйиқлар билан юзма-юз

Ўзбекистон мухолифати арбобларига нисбатан ҳужумлар биринчи марта бўлаëтгани йўқ. Ўтган йилнинг 24 августга ўтар кечаси Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги уйи ўққа тутилган эди.

Журналист Алишер Соипов
Журналист Алишер Соипов

2007 йил 24 октябр куни таниқли журналист, ўзбек тилида Ўшда чиқадиган "Сиёсат" газетасининг ношири ва бош муҳаррири, "Америка овози" радиоси мухбири Алишер Соипов номаълум шахслар томонидан отиб кетилган эди.

Фуад Рустамхўжаев
Фуад Рустамхўжаев

​2011 йилнинг 24 сентябрь куни, ўзбек мухолифати фаолларидан бири Фуад Рустамхўжаев Иваново шаҳрида ўз уйи олдида отиб кетилганди.

Обид қори Назаров
Обид қори Назаров

2012 йил 22 февраль куни Швециянинг Стромсунд шаҳрида Ўзбекистондаги Каримов режимини ошкора танқид қилиб келган таниқли уламо Обид қори Назаровга ўз уйи подъездида суиқасд уюштирилган эди.

Яқин тарихга назар солсак, ўзбек мухолифат етакчиларининг таҳдид билан юзма-юз бўлган ҳолатлари кўплигини кўрамиз.

2001 йил 15 июнида Қашқадарёлик мухолифатчи¸ парламент депутати Шовриқ Рўзимуродов қўлга олинди ва сал ўтмай жасади оиласига қайтарилди. Шовриқ Рўзимуродовнинг тергов давомидаги қийноқ оқибатида ўлгани айтилади.

1999 йили Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг терроризмга қарши бош бошқармаси бошлиғи полковник Ботир Турсунов ва Интерполнинг Ўзбекистон бўлими бошлиғи полковник Маҳмуд Хайитовлар, Россияда тадбиркорлик билан шуғулланадиган собиқ милиционер Баҳром Мўминохунов иштирокида Муҳаммад Солиҳга қарши амалга ошмай қолган суиқасд ҳақида Озодлик радиоси рус хизмати мақола эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG