Линклар

logo-print

Обама АҚШ ва Куба муносабатларида “янги давр” бошланганини эълон қилди

  • Садриддин Ашур

Президент Барак Обама бир неча ўн йиллик танаффусдан сўнг Қўшма Штатлар билан Куба ўртасидаги дипломатик алоқаларни яхшиланишига қаратилган музокаралар бошланганини эълон қилди. Президент бу ўзгаришлар икки давлат муносабатларида “янги давр очиши”ни башорат қилди.

“Вашингтон ўн йиллар давомида АҚШ манфаатларини “жадаллаштиролмаган эскирган усул”дан воз кечади”, деди Барак Обама 17 декабрь куни Оқ уйда қилган чиқишида.

Президент бу ўзгаришлар икки давлат муносабатларида “янги давр очиши”, жумладан, Ҳаванада АҚШ элчихонаси иш бошлаши ҳамда кўп йиллик савдо эмбаргоси олиб ташланиши ҳақида хабар берди.

Шу куннинг ўзида расмий Ҳавана Куба қамоқхонасида беш йил ўтирган америкалик гуманитар ташкилот ходими Алан Гроссни маҳбусларни алмаштириш тадбири доирасида қамоқдан озод қилди.

Обама Оқ уйда нутқ сўзлаётган бир пайтда чиқиш қилган Куба президенти Раул Кастро мамлакатлар бир-бири билан дипломатик муносабатларни бошлашга келишгани ҳақида баёнот берди.

1959 йилда оролда содир бўлган инқилоб ва Фидел Кастронинг ҳокимиятга келиши ортидан АҚШ билан Куба ўртасидаги алоқа узилган эди.

17 декабрь куни эрталаб Барак Обама ва Раул Кастро ўртасидаги телефон сўзлашуви 45 минут давом этди. Бу икки давлат раҳбарларининг 1961 йилдан буён илк сўзлашуви бўлди.

Оқ уй баёнотида айтилишича, “янги давр”даги икки томонлама муносабатлар келгуси ойдан бошланадиган “олий даражали ташрифларни” ўз ичига олади. АҚШнинг расмий делегацияси миграция масалаларини муҳокама қилиш учун Ҳаванага келади.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри “60 йил орасида Кубага сафар қилаётган биринчи давлат котиби бўлишини” сабрсизлик билан кутаётганини айтди.

Оқ уйнинг расмий вакили Жош Эштон Обаманинг Кубага ташрифи бўлишини ҳам эътибордан соқит қилмади.

Расмий Вашингтонга кўра, АҚШ фуқароларининг Кубага саёҳатларида ҳам енгиллик бўлади. Оролда қариндошлари бор америкаликлар, Куба билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган олимлар ва мутахассисларга рухсат берилади. Бироқ ҳозирча эркин туризм ҳақида гап бўлгани йўқ.

Дунё муносабати

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун АҚШ - Куба ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишини олқишлар экан, БМТ “яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишда икки мамлакатга ҳам ёрдам беришини” таъкидлади.

Рим Папаси Франциск АҚШ ва Кубани дипломатик муносабатларни қайта ўрнатгани билан табриклади. Ватикан баёнотида айтилишича, икки томоннинг саъй-ҳаракатлари натижасида шундай қарор қабул қилинган.

Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер ҳам бу икки мамлакатни эришган ютуқлари билан табриклар экан, Европа Иттифоқи билан Кубанинг инсон ҳуқуқлари борасидаги сўзлашувлари 2013 йилда бошланганини таъкидлаб ўтди.

“Франция бунга кўпдан бери умид қилган эди”, деб баёнот берган Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус ҳам бу дипломатик қадамларни олқишлади.

Эмбарго масаласи

Раул Кастро Вашингтонни Кубага нисбатан қўлланилган савдо-иқтисодий эмбаргони олиб ташлашга даъват этди.

Обама эмбарго масаласини Конгресс билан жиддий муҳокама қилмоқчи бўлганини айтар экан, “изоляция самара бермади”, деб қўшимча қилди.

Бироқ АҚШ президентининг республикачи конгрессменлар қаршилигига дучор бўлиши аниқ кўринади. Асли келиб чиқиши кубалик бўлган сенатор Марко Рубио 17 декабрь куни Обаманинг Куба халқи ҳисобидан тарихда қолишга қаратилган “бу хавфли ва умидсиз ҳаракатини тўхтатиш учун ҳамма чорани қўллаши”ни айтди.

Вакиллар палатасидаги республикачилар лидери Жон Бонер Куба билан бошланган муносабатларни диктатурага “бемаъни ён босиш” деб атади.

Сенатор Боб Коркер эса ташқи сиёсатдаги бу ўзгаришлар оқибатларини конгрессменлар диққат билан кузатиб боришини айтди.

Обама шу пайтгача Кубага нисбатан қўлланилган сиёсат самарасиз бўлганини қайд этар экан, оролдаги инсон ҳуқуқлари вазияти масаласидаги ташвиш сақланиб қолишини таъкидлади.

Вашингтон дипломатик алоқаларини Гавана билан 1961 йилда узган эди.

XS
SM
MD
LG