Линклар

Фарғона вилояти суд ижрочилари департаменти раҳбари порахўрликда айбланиб қамалди. Олмалиқда ёлғиз қария 30 минг сўм учун ўлдирилди. Григорий Лепснинг Тошкентдаги концерти колхоз томошасига ўхшатилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Марказий сайлов комиссияси: Cайловчилар сони 20,8 миллиондан ошди”

21 декабрь куни ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловга тайёргарлик ниҳоясига етди (“Ўзбекистон овози”, 18 декабрь).

Марказий сайлов комиссияси раҳбари Мирзо Улуғбек Абдусаломовга кўра, Қонунчилик палатасига сайлов бўйича ўртача 154 минг сайловчи ҳисобига 135 та сайлов округи, 9035 та сайлов участкаси тузилди. Барча сайлов участкалари тўлиқ ҳолга келтирилган.

Участка сайлов комиссиялари сайловчиларнинг тўлиқ рўйхатини тузган бўлиб, улар 20 миллион 895 минг 572 нафарни ташкил этди.

“Фарғона вилояти суд ижрочилари департаменти раҳбари порахўрликда айбланиб қамалди”

Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси раҳбари Тўлқинжон Жўраев порахўрлик билан шуғулланиб келгани ва катта миқдордаги маблағни талон-тарож қилгани аниқланди (“Ҳуқуқ”, 18 декабрь).

Жўраев, масалан, хизмат вазифасини бажариш эвазига Фарғона вилояти энергия марказидан 3000, “Фарғона эркин савдо” жамиятидан 2500 доллар пора олган. Бундан ташқари, 80 миллион сўмга яқин маблағни талон-тарож қилган.

Ҳудудий бошқармада ходимларни юқорироқ лавозимларга ўтказиш учун ҳам “ставка” асосида пора олинган. Қайд этилишича, Жўраевга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ушбу жиноий иш бўйича вилоят суд ижрочилари идораларининг яна ўнга яқин мансабдори қамалган.

“Нақшбандийликнинг сохта пири шаккокликда айбланди”

Ўзини нақшбандийлик тариқатининг пири деб эълон қилди қозоғистонлик Қурбонали Аҳмедов ёлғон даъволар билан чиқмоқда. Тошкентда эса унинг “халифалари” пайдо бўлмоқда (“Даракчи”, 18 декабрь).

Қайд этилишича, Қурбонали Аҳмедов “Руҳнома” деб номланган китобида ўзини “Оламларнинг қутби”, “Оламларнинг соҳиби” деб эълон қилган. Газетага кўра, ўзини оламларнинг эгаси деб эълон қилиш ислом динида тақиқланган ширк саналади.

Айтилишича, Қ.Аҳмедовнинг “Нимага ҳозир арвоҳга, жонга, Руҳга, Руҳониятга, Нурга, Пирга имон келтирган ота-боболаримизнинг ишончини тарк қиляпсиз?” деган фикрлари “шаккоклик” ва “диндан чиқиш”дир.

“Энг ёмони, мамлакатимизда ҳам ана шу Қурбонали Аҳмедовни нақшбандия тариқатининг “пири муршиди” сифатида кўриб, унга кўр-кўрона эргашаётган, тез-тез унинг зиёратига – суҳбатига бориб келиб турадиган кишилар тоифаси шаклланди”, дейилади газета мақоласида.

“Ўзбекистонда сунъий уруғлантириш тақиқланган”

Ўзбекистонда сунъий уруғлантириш тақиқланган, аниқроғи, бу амалиётга изн берадиган қонун йўқ (“Оила даврасида”, 18 декабрь).

Бу ҳақда Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори ўринбосари Рўзиқул Фозилбеков маълум қилади. Фарғоналик фуқаро Равшаной Юсупов икки қиздан кейин сунъий уруғлантириш орқали ўғил кўриш ниятида эканини билдирган.

“Бироқ бизда сунъий уруғлантириш технологиялари йўқ. Чунки бизда сунъий уруғлантиришнинг ҳуқуқий асоси йўқ. Яъни бунга рухсат берадиган қонун қабул қилинмаган. Буни фақат хорижда амалга ошириш мумкин”, деган Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори ўринбосари Фозилбеков.

“Григорий Лепснинг Тошкентдаги концерти “Қизил октябрь” колхози сут соғувчилари учун уюштирилган томошага ўхшатилди”

Россиялик хонанда Григорий Лепснинг Тошкентда ўтган концерти танқидларга сабаб бўлди (“Новий век”, 18 декабрь).

Аввало, концерт чиптаси олибсотарлар қўлига ўтиб кетган ва чипталар олдинги қаторлар учун 100 минг сўмдан ошиққа пулланган.

“Концерт ташкилотчиларига қаерга қараган билмайсиз! Санъаткорлар “Қизил октябр” колхозининг сут соғувчиларига томоша кўрсатгани келган гўё. Саҳнанинг кўриниши абгор аҳволда... Қўшиқчининг ортидаги алмисоқдан қолган экранда наридан-бери олинаётган тасвирларни кўриш мумкин, афтидан, профессионал съёмкадан бехабар ҳаваскор дастёр тасвирга олаётган эди”, деб ёзади газета.

Концерт давомида, шунингдек, овоз режиссёрининг нўноқлиги панд берган. Қўшиқчининг ўзи ҳам аввалги дискидаги қўшиқларини такрорлаш билан чекланган.

“Олмалиқда ёлғиз қария 30 минг сўм учун ўлдирилди”

Ёлғиз қарияларни тўнаш, фирибгарлик ва қотиллик жиноятларида айбланган олмалиқлик Жамшид Соатов 20 йилга, Сардор Учқунов 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

“Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, икки судланувчи ўзини коммунал хизматлар вакили сифатида таништириб ўнга яқин ёлғиз қарияни тўнаб кетган, қотиллик жинояти ҳам содир этган. Хусусан, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 85 ёшли Газалина Шараповани уйида бўғиб ўлдиришган.

Марҳуманинг ҳамёнидан эса бор-йўғи 30 минг сўм пул топишган. Қайд этилишича, жияни Учқуновни жиноятга бошлаган Соатов аввал ҳам икки бора қамалган.

“Қаршилик қиз бўлажак эри ўз фамилиясига мажбурлаб ўтказаётганидан арз қилди”

Қаршилик Нигора Маликова яқинда турмуш қуриши, бўлажак куёв уни ўз фамилиясига ўтказишга мажбурлаётганидан шикоят қилган (“Адолат кўзгуси”, 18 декабрь).

Тошкент шаҳар 1-никоҳ уйи ходими Дилафрўз Аҳмедовага кўра, фамилия танлаш эр ва хотиннинг шахсий ҳуқуқи саналади. Никоҳ тузиш вақтида эр ва хотин ўз хоҳиши билан эри ёки хотинининг фамилиясини умумий фамилия қилиб танлайди ёки уларнинг ҳар бир ўз фамилиясида қолади.

Мабодо эр ёки хотин фамилиясини ўзгартирмоқчи бўлса, у ҳолда доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG