Линклар

logo-print

Ўзбек чегарачилари Тожикистон билан чегара яқинида тожик фуқаросини яралади


Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида 16 декабрь куни ўзбек чегарачилари бир тожикистонликни ўқ отар қуролдан яралади. Ўзбекистон нашрларининг хабар қилишича, давлат чегарасини ноқнуний кесиб ўтишга ҳаракат қилган яна бир тожикистонлик қўлга олинган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасига таяниб берилаётган хабарга кўра, Сирдарё вилояти Ховост туманидаги Чамбил аҳоли яшаш пунктида, давлат чегараси чизиғидан 200 метр ичкарироқда Тожикистон томонидан ўтган икки шахс чегарачиларнинг тўхташ тўғрисидаги талабларига бўсинмасдан қочишга уринган.

Уларни тўхташга мажбурлаш мақсадида чегарачилар огоҳлантириб, осмонга ўқ узган. Чегара бузувчилар талабга бўйсинмаганидан кейин чегарачилар уларга қарата ўт очишга мажбур бўлган дейилади, давлат қўмитаси хабарномасида.

Натижада, чегара бузувчилардан бири, Тожикистон Сўғд вилояти турғуни Шокир Холиқов яраланган, унинг шериги Неъмат Хасанов эса қўлга олинган. Расмий хабарномага кўра, ҳодисадан кейин яраланган тожикистонликка биринчи ёрдам кўрсатилган ва тиббий муассасага олиб борилган. Унинг аҳволи қониқарли экани айтилмоқда.

Тожикистон расмийлари Озодлик сўровига ҳодиса юзасидан изоҳ беришни истамади. Ўзини таништирмаган Тожикистон давлат чегарасини қўриқлаш хизмати вакили, “бундай ҳодисалар ҳар ҳафта рўй беради”, дейиш билан чекланди.

Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан чегараларида бу каби ҳодисалар тез-тез кузатилади.

XS
SM
MD
LG