Линклар

“Эхо Москвы” билан ман-санга борган Михаил Лесин ишдан кетди


Михаил Лесин оилавий сабабларга кўра, ишдан кетаётганини эълон қилди.

Михаил Лесин оилавий сабабларга кўра, ишдан кетаётганини эълон қилди.

Россиянинг Газпро-Медиа ширкати раҳбари Михаил Лесин истеъфо берди. Президент Владимир Путиннинг собиқ маслаҳатчиси ва Russia Today телеканали асосчиси бўлган Лесин оилавий сабабларга кўра ишдан кетаётганини эълон қилди.

Россиядаги энг йирик медиа ширкат вакилларига кўра, Сочи Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси президенти Дмитрий Чернишенко Газпром-Медиа раҳбарлигига номзод қилиб кўрсатилган.

Лесиннинг ишдан кетиши АҚШ Федерал қидирув бюроси унинг Калифорния кўчмас мулк агентлиги билан олди-бердиларини текшира бошлаган пайтга тўғри келмоқда. Лесин АҚШ расмийлари томонидан пул ювганликда гумон қилинмоқда.

Газпром-Медиа тасарруфига НТВ телеканали, Итоги газетаси, “Эхо Москвы” радиоканали акциялари назорат пакети ва бошқа ахборот воситлари киради. “Эхо Москвы” Россия ҳукуматини танқид қилишда давом этаётган саноқли агентликлардан биридир.

Ўтган ойда Лесин “Эхо Москвы” бош муҳаррири Алексей Венедиктов билан зиддиятга киришган эди. Венедиктов Лесиннинг кутилмаганда ишдан кетишини “бемаврид”, дея атади.

XS
SM
MD
LG