Линклар

21 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда сайловчиларнинг 88 фоиздан кўпроғи овоз берган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов якшанба куни кечқурун Тошкентда ўтган брифингда билдирди.

Абдусаломов сайлов жараёнида қонунчилик бузилгани ҳақида жойлардан бирор-бир маълумот келмаганини таъкидлади.

Марказий сайлов комиссияси раисига кўра, сайловнинг дастлабки натижалари 22 декабрь куни соат 15 да эълон қилинади.

Бу галги парламент сайловида Ўзбекистонда фаолият юритувчи ва президент Ислом Каримов сиёсатини қўлловчи тўрт партия ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати қатнашди. Айни пайтда унда мухолифатдаги “Эрк” ва “Бирлик” партиялари ҳамда “Бирдамлик” ҳаракати вакиллари иштирок этмади.

Сайлов натижаларига кўра, парламентдаги 135 та ўрин тўрт партия ўртасида тақсимланиши, 15 ўрин эса Экологик ҳаракат вакилларига берилиши кутилмоқда.

2009 йилги парламент сайловида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси энг кўп овоз йиққан эди.

XS
SM
MD
LG