Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:55

ЕХҲТ: Сайлов рисоладагидек ўтди, аммо асл рақобат бўлмади


ЕХҲТ расмий сайтида Ўзбекистондаги парламент сайловлари ҳақида берилган пресс-релиз
ЕХҲТ расмий сайтида Ўзбекистондаги парламент сайловлари ҳақида берилган пресс-релиз

Ўзбекистондаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси матбуот котиби Томас Ример сайловларни "рисоладагидек ташкил қилинган, аммо асл рақобат ва очиқ мулоқот руҳи етишмади" деб баҳолади. Миссия матбуот котиби Томас Римернинг Озодликка айтишича, зоҳиран яхши ташкил қилинган сайловлар моҳиятан демократик тамойилларга мос ўтказилмаган.

22 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Dedeman меҳмонхонасида ўтказилган матбуот анжуманида ЕХҲТ кузатувчилар миссияси дастлабки хулосалари эълон қилинди.

Миссия хулосасича, 21 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият кенгашлари депутатлигига ўтган сайловлар, умумиятла, қонунбузарликларсиз, жуда яхши ташкиллаштирилган тартибда ўтказилган.

Бироқ, бу сайловда ҳам ўтган сайловлардан сўнг киритилган муҳим тавсиялар, жумладан, "ифода эркинлиги ва фуқароларнинг уюшиш эркинлиги ҳимояланган муҳитни яратиш"га оид тавсиялар ҳануз бажарилмагани қайд этилди.

Бундан ташқари, гарчи бу гал халқаро кузатувчилар ҳамда сиёсий партиялар, маҳаллий ҳокимиятлар йўллаган минглаб кузатувчи иштирок этган бўлса-да, бу жараёнда фуқаровий жамият вакилларининг қатнашишига имкон берилмагани ҳам танқид қилинди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси матбуот котиби Томас Ример Озодлик билан суҳбатда овоз бериш жараёнининг жуда яхши ташкил этилганини алоҳида урғуларкан, моҳиятан бу сайлов демократик тамойилларга мос бўлмаганини таъкидлади:

- Биринчи муҳим жиҳат шуки, гарчи ғоявий, ижтимоий ёки бошқа турдаги позицияни илгари сурган, турли платформалар билан сайлов кампаниясига кирган бўлса-да, номзодларини илгари сурган 4 партиянинг ҳаммаси ҳукуматни қувватлаган ва ҳукумат томонидан қувватланган партиялардир. Айни пайтда уларнинг ўзаро рақобатлашиши ҳам кузатилмайди, - дейди Томас Ример.

Ташкилот тарқатган пресс-релизда айтилишича, энг кўп кўзга ташланган камчилик - бир оила номидан бир кишининг овоз бергани ва бунинг сайловчилар иштирокига оид расмий маълумотда тилга олинган натижага сабаб бўлганидир.

Марказий сайлов комиссияси Тошкент вақти билан соат 10 даёқ сайловчиларнинг 34 фоиздан ортиғи овоз бериб бўлганини эълон қилди. 22 декабрь куни эълон қилинган дастлабки расмий натижага кўра, сайловчиларнинг 89 фоизи - 18 миллион 400 минг сайловчи овоз берган.

Сайловчилар, номзодлар ҳамда уларни илгари сурган партиялар ва маҳаллий раҳбарлар билан суҳбатлашган кузатувчилар хулосаларини жамлаган ЕХҲТ мулозими бу йил кўзга ташланган бир янгиликни тилга олди:

- Бу йил илгари сурилган номзодларнинг аксарияти янги, кўп ҳолларда эса ёш номзодлар эди ва бу ҳол, бизнинг назаримизда, сайловлар сифатини ошириш ва парламентга сайланган фракцияларнинг сиёсий системадаги ролини ошириш йўлида илгари ташланган муҳим қадам сифатида кўрилиши мумкин. Аммо, бу ўзгаришлар номзодлар ва партиялар ўртасида ўзаро рақобат бўлмаган муҳитда бўлаётгани боис, кўзланган мақсадларга етиш барибир мушкуллигича қолмоқда, - дейди Томас Ример.

ЎзА агентлиги ушбу сайловларнинг дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан борган 300 дан ортиқ халқаро ва хорижий кузатувчилар кузатганини маълум қилди.

Томас Римернинг айтишича, Ўзбекистонга борган ЕХҲТ кузатувчилар миссияси аъзолари мамлакатдаги 60 дан ортиқ сайлов участкаларига борган ва овоз бериш жараёнини шахсан кузатган:

- Бизнинг чекланган миқдордаги кузатувчиларимиз 60-65 тача участкада бўлди. Яъни, овоз бериш участкаларининг сайлов кунидаги фаолияти ҳақида муайян маълумотимиз бор. Аммо, миссиямиз чеклангани учун сайлов участкалари фаолиятини мувофиқ равишда кузата олмадик ва шу боис, улардан бирортаси ҳақида якуний хулоса бера олмаймиз, - дея урғулади Томас Ример.

ЕХҲТ мулозими Ўзбекистонда парламент сайловлари сифатини ошириш учун ҳали баъзи жиддий ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини айтаркан, бу борадаги якуний тавсиялар сайловнинг якуний натижаси маълум бўлгач билдирилишини ҳам қайд этди.

22 декабрь куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси парламент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Унга кўра, 135 сайлов округининг 113 тасида депутат сайланган, қолган 22 та округда эса қайта сайлов ўтказилади.

Дастлабки натижага кўра, сайловда Либерал-демократик партия етакчилик қилмоқда. Ушбу партиядан 47 нафар, “Миллий тикланиш” партиясидан 28 нафар, Халқ демократик партиясидан 21 нафар, “Адолат” социал-демократик партиясидан 17 нафар депутат сайланган.

Шунингдек, Экологик ҳаракатнинг Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси анжуманида яширин овоз бериш йўли билан сайланган 15 номзод Қонунчилик палатасига депутат бўлган.

XS
SM
MD
LG