Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:55

ЎИҲ Пешовардаги ҳужумни ёқлади, янги ҳужумлардан огоҳлантирди


Ўзбекистон исломий ҳаракати Покистоннинг Пешовар шаҳридаги мактабга қилинган террор ҳужумини қувватлади ва бу каби ҳужумлар яна бўлишидан огоҳлантирди. Террорчи ҳаракат даъвосича, 148 киши, жумладан 140 боланинг ўлимига сабаб бўлган ҳужум "куфр режим"ларни қувватлаган Покистон ҳукуматидан олинган қасосдир.

Покистондаги "Таҳрики Толибон" гуруҳи масъулиятини ўз зиммасига олган ҳужум 16 декабрь куни Пешовар шаҳридаги ҳарбий мактабда ўқиган 140 ўқувчи ва 8 ўқитувчини ҳаётдан олиб кетди.

Покистон матбуоти эълон қилган Ўзбекистон исломий ҳаракати баёнотида бу ҳужум Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом уммати орасидаги "ўзаро тенглик ва адолатни тиклаш" учун амалга оширилган "жиҳодий ҳаракат", дея қувватланган.

17 декабрь санаси билан битилган баёнотга ЎИҲ матбуот котиби Яҳё Ҳикматий имзо чеккан.

Муҳими, баёнотда ЎИҲ бу ҳужумнинг "АҚШга хизмат қилаётган Покистон ҳукумати" томонидан бошқарилаётган мактаб ва коллежларга қилинадиган ҳужумларнинг биринчиси экани айтиб, таҳдид қилинган.

Ҳаракатнинг расмий сайтида чоп этилган ва 22 декабрь куни Покистон, Афғонистон ҳамда Ҳиндистон матбуотида кенг ёритилган ушбу баёнотда Пешоварда ўлдирилган болалар куфр режимларига хизмат қилаётганларнинг болалари экани ва бу мусулмонларнинг нобуд бўлаётган минглаб болалари учун қасос экани ҳам таъкидланган.

Покистон матбуоти бераётган хабарларга кўра, ЎИҲ шу кунларда Покистондаги бир неча йирик ҳужумлар учун масъул кўрилган гуруҳ - Муҳаммад Хуросоний бошчилигидаги олти ёхуд етти кишилик мужоҳидлар гуруҳи ҳужумларини тўлиқ қувватлаб келмоқда.

Айни гуруҳ шу кунга қадар ишончли даражада қўриқланмоқда, деб кўрилган бир неча текширув-ўтказиш пунктлари, мактаб ва коллежларга қилинган ҳужумга масъул кўрилмоқда.

Пешовардаги ҳарбий мактабга ҳужум ҳақида берган баёнотида ЎИҲ, шунингдек, 2007 йилда бўлган Лаъл масжид қамалини ҳам хотирлатади. Ҳаракат иддаосича, масжидни ишғол қилиш чоғида ва ундан кейин 2004-2014 йиллар орасида Покистон армияси томонидан "юзлаб бегуноҳ гўдаклар ва болалар" бомбардимон қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон исломий ҳаракати Покистон армиясининг Вазиристон минтақасида амалга ошираётган ҳарбий амалиётларини ҳам юзлаб бегуноҳ мусулмонлар ўлимига сабаб бўлмоқда, деб қоралаган.

Баёноти сўнгги Покистон Бош вазири Навоз Шариф ва мамлакат армияси бош штаби раҳбари генерал Рахил Шарифга мурожаат қилган ЎИҲ: "Эй Наваз ва Рахил! Сиз Мусулмонларнинг болаларини ўлдириш билан ўз болаларингизнинг ўлим фармонини имзолагансиз!" дея тўғридан-тўғри таҳдид қилади.

ЎИҲ иддаосича, Покистон ҳукумати ва армияси етакчилари Пешовар ҳужумидан сабоқ чиқариб, Вазиристон минтақасига ҳужумларини тўхтатмаса, ўз ҳарбий қудратини ўз болалари ўқиётган мактаб ва коллежларни қўриқлашга мажбур қоладилар.

Покистон бош вазири Навоз Шариф эса 16 декабрь куни мамлакатга даҳшатга солган террор хуружидан сўнг терроризм билан боғлиқ жиноятларларда айбланганларга нисбатан ўлим жазосига мораторийни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Шунингдек, бу хуруждан сўнг мамлакат армиясининг террорчи гуруҳларга қарши ҳарбий амалиёти кўламини кенгайтириш ва кучайтиришини айтган.

Пешовар шаҳридаги мактабга 16 декабрь куни қилинган қилинган ҳужумда 148 киши, жумладан, 140 бола нобуд бўлди. Покистон ҳарбийларига кўра, мактабни гаровга олган ҳужумчи жанггариларни бартараф қилиш амалиёти 8 соат давом этган ва амалиёт чоғида 9 жанггари ўлдирилган.

Ўша куниёқ ҳарбий мактабга қилинган ҳужум учун масъулиятни “Таҳрики Толибон” гуруҳи ўз зиммасига олди. Гуруҳ матбуот котиби Муҳаммад Хуросоний ҳам бу ҳужум Покистон армиясининг Шимолий Вазиристондаги ҳаракатларига жавоб бўлганини айтди.

“Биз ҳужум учун ҳарбий мактабни танладик, чунки расмийлар бизнинг оилаларимиз ва аёлларимизни нишонга олаяпти”, деган эди Хуросоний.

Ушбу ҳужумдан сўнг Покистонда 3 кунлик мотам эълон қилинди.

Покистон расмийлари 21 декабрь куни Пешовардаги ҳарбий мактабга қилинган ҳужумга алоқадор бир неча киши ҳибсга олинганини маълум қилган.

Покистон Ички ишлар вазири Чаудхри Нисор Али Хонга кўра, мактабга ҳужум юзасидан тергов жадал суръатда олиб борилаётганини таъкидлади.

Вазир мазкур террорчилик хуружи юзасидан қанча одам ҳибсга олингани ва уларнинг ким эканини очиқламаган.

XS
SM
MD
LG