Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:01

Қирғизистон Божхона иттифоқига қўшилиш шартномасини имзолади


Бугун Москвада ўтган Евросиё иқтисодий кенгаши саммитида Қирғизистон Божхона иттифоқи ҳамда Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш тўғрисидаги шартномаларни имзолади. Мазкур саммитда иштирок этиш учун Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 22 декабрда Москвага келган.

Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига қўшилишига асос бўлувчи ҳужжатлар лойиҳаси 22 декабрда парламентда ва ҳукуматда шошилинч муҳокама қилинган ҳамда кўпчилик томонидан маъқулланган.

Бироқ парламент депутати Максат Сабиров мазкур ҳужжатларда Қирғизистон манфаатларига зид келувчи моддалар борлигини ва бу масалалар 23 декабрда Москвада ўтадиган биринчи вице-премьерлар йиғилишида ўз ечимини топишига умид қилинаётганини билдирди.

Депутатнинг айтишича, бугун президент Атамбаев Москвада имзолайдиган шартномада Божхона иттифоқида тўпланадиган бож тўловларининг 1-2 фоизигина Қирғизистонга берилиши назарда тутилган.

-Қирғизистон сиёсий раҳбариятини Божхона иттифоқига қўшилишга давр мажбур қилаётганга ўхшайди. Аммо мана шундай вазиятда ҳам биз давлат манфаатларини унутмаслигимиз керак, -деди Максат Сабиров.

Парламентнинг яна бир депутати Улуғбек Кўчкўров фикрича, Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига қўшилиши тўғрисидаги шартномада қирғиз халқи манфаатлари ҳимоя қилинмаган.

Аммо Қирғизистон Бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаев шартномада Қирғизистон манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинган, деб билдирди.

Президент Алмазбек Атамбаев эса “Россия 24” телеканалига берган суҳбатида Қирғизистон Божхона иттифоқига қўшилиш орқали тўғри сиёсатни танлаганини маълум қилди:

-Мен бизнинг қадамларимиз тўлиқ асосланган деб ўйлайман. Бу жараённинг камчиликлари ва ютуқларини ҳисоб-китоб қилганлар иттифоққа қўшилиш ортидан Қирғизистон умуман ютуққа эришишини тушуниб туришибди, -деди Атамбаев.

Қирғизистон мухолифати эса Божхона иттифоқига қўшилиш ортидан мамлакат катта йўқотишларга, жумладан, нарх-навонинг кескин кўтарилиб кетишига дуч келиши мумкинлигини айтмоқдалар. Мухолифат Божхона иттифоқига қўшилиш масаласида референдум ўтказишни талаб қилаётир.

Москва еткачилигидаги Божхона иттифоқи 2015 йилдан ўз номини Евросиё иқтисодий иттифоқи шаклида ўзгартиради. Мазкур ташкилотга Россия, Қозоғистон ва Белорусь томонидан асос солинган эди.

Қирғизистон 23 декабрда мазкур иттифоққа қўшилиш шартномасини имзолагани билан, амалда 2015 йилнинг ёз-кузларига бориб аъзо давлатга айлана олади. Бунинг учун келаси олти ой мобайнида Қирғизистон парламенти Божхона иттифоқи шартномасини ратификация қилиши лозим.

XS
SM
MD
LG