Линклар

logo-print

Украина шарқида Киев кучларига қарши жангларда иштирок этаётган тожиклар ўз сафларидаги диндошларини ҳақиқий мусулмонлар, қарши томонда жанг қилаётган диндошларини эса террорчилар, деб биладилар.

22 декабрь куни 36on.ru онлайн журналида “Донбассда мусулмонлар америкаликларга қарши жанг қилмоқда” сарлавҳали материал пайдо бўлди. Кирилл Нестеров қаламига мансуб бу материал Украина шарқида айирмачилар томонида туриб жанг қилаётган тожиклар билан ўтказилган суҳбатга асосланган.

Интервью чоғида ўзини Мужоҳид деб атаган ҳарбий кийимдаги соқолли йигит Луганскка бу ерда 12 йилдан буён оиласи билан истиқомат қилаётган акаси Толибнинг даъватига кўра келганини айтади.

Толибнинг айтишича, Киев кучларига қарши жанг қилаётган сафдошлари ичида тожиклар, чеченлар, арманлар, казаклар ва бошқалар бор.

- Порошенко туфайли бутун Совет Иттифоқи унга қарши турди, - дея акасининг сўзини давом эттиради ўзини Мужоҳид деб таништирган тожикистонлик.

Кўплаб мамлакатлардаги жангларда қатнашганини эътироф этган тожикистонлик Толиб бу ерда пул учун жанг қилмаётганини таъкидлайди.

- Биз бу ерда интизом ва адолат учун урушаяпмиз. Биз Украина фуқароларига қарши жанг қилишни истамаймиз. Биз америкаликлар ва бу жойларга келганларга қарши жанг қилаяпмиз. Украинлар ҳам славянлардир. Улар америкаликлар бурнини суққан ҳамма жойда – Сурия, Афғонистон, Покистон, Ироқнинг ҳамма жойида уруш кетаётганини тушунмаяптилар, - дейди Толиб.

- Украин халқи бу ерда келажакда иккинчи Афғонистон ёки иккинчи Ироқ бўлишини тушунмаяпти. Биз бунга йўл қўймоқчи эмасмиз. Биз Совет Иттифоқи таркибида бўлган давлатлар Америка ва Европанинг ёрдамига муҳтож бўлмаслигини истаймиз. Улар охиригача доим Россия билан бирга бўлишлари керак, чунки биз ҳаммамиз битта муштдаги бармоқлармиз ва доим бирга бўлишимиз керак, - дея акасига қўшимча қилади Мужоҳид.

У Украина парламенти – Радада ўтирган барчани “НАТО жосуслари ва уларнинг гапига қулоқ солиш керак эмас”, деб ҳисоблайди.

Украина армияси сафида Грузия фуқаролари жанг қилаётганини айтган Толиб уларни “пул учун жанг қилаётган ёлланмалар”, деб атайди.

- Биз эса пул учун жанг қилмаяпмиз. Биз шунчаки ёрдамга келдик. Биз кўнгиллилармиз. Бизга пул керак эмас. Нариги томондаги пул учун жанг қилаётганлар эса сотилганлардир. Улар ўз виждонларини сотганлар. Улар томонида жанг қилаётган, НАТО ва америкаликларга ёрдам бераётган мусулмонларни биз ҳатто мусулмон ҳам, деб ҳисобламаймиз, - дея акасига қўшимча қилади Мужоҳид.

Шу сўздан кейин интервью олувчи: “Агар мусулмон бўлмаса, ким улар?” дея савол ташлайди.

- Улар виждонини сотганлар. Қуръонда виждонини пулга сотсин, деб ёзилмаган, - дейди Мужоҳид.

“Ана ўшаларни террорчи, деб атайдилар. Биз эса террорчи эмасмиз. Биз адолат ва ҳалоллик учун жанг қилаётганлармиз”, дея гап қистиради укасининг сўзини бўлган Толиб.

23 декабрь куни Озодлик радиоси тожик хизмати журналистларига интервью берган Тожикистоннинг Украинадаги элчихонаси вакиллари Донбассдаги жанггариларнинг тожикистонлик эмаслигини билдирди.

Сўнгги пайтларда Украина шарқидагина эмас, ахборот фазосида ҳам шиддатли жанглар бораётганини кузатиш мумкин.

2014 йили Кремль томонидан молиялаштирилаëтган оммавий ахборот воситалари Ғарбга қарши очиқ ахборот урушига ўтди.

Россия телеканаллари, Интернет нашрлари ўз пропагандасининг асосий нишони сифатида “тарихан ўз таъсир доирасида бўлиб келган ҳудудлардаги манфаатларини қатъий туриб ҳимоя қилишга қарор қилган Россиядан уятсизларча ўч олаëтган Ғарб”ни танлади.

Бу уринишлар турли манбалардан ахборот олиш имкони чекланмаган Ғарбда сезиларли муваффақият келтирмаган бўлса-да¸ кузатувчилар 2014 йил давомида Россия ахборот фазосида қолаëтган Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон каби постсовет давлатлари аҳолисининг каттагина қисмини ўз таъсирига олганини таъкидламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG