Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:05

Россияда 9 яшар қизни гаровга олган тошкентлик йигит яраланди


Нахабинода ҳибс этилган тошкентлик Рустам Одилов
Нахабинода ҳибс этилган тошкентлик Рустам Одилов

Подмосковьенинг Нахабино шаҳарчасида 9 яшар қизчани гаровга олган шахс 5 соатлик махсус амалиётдан кейин қўлга олинди. Ўзбекистон фуқароси Рустам Одилов экани маълум қилинган бу муҳожир икки оёғидан яраланиб, ҳозирда полиция назорати остида шифохонага юборилди. Терговчилар тошкентлик муҳожирнинг бу ҳатти-ҳаракати сабаблари ҳақида аниқ изоҳ бермаётир.

Қизалоқни гаровга олган ўзбек ҳеч нарса талаб қилмади

Подмосковьенинг Красногорский туманидаги Нахабино шаҳарчасида 3 синф ўқувчиси Кира Р.ни 5 соат давомида гаровда ушлаб турган тошкентлик Рустам Баҳодир ўғли Одилов экани маълум қилинди.

Москва вилояти бўйича Тергов қўмитаси вакили Ольга Врадий ўз расмий баёнотида 22 ёшли бу муҳожир ҳеч қандай талаб қўймагани ва махсус амалиёт давомида икки оёғидан яраланганини маълум қилди.

- Айбланувчи махсус амалиёт давомида қаршилик кўрсатди ва оёқларидан яраланди. Ходимларимиз қонун доирасида ҳаракат қилган. У шифохонага олиб борилади ва кейин тергов қилинади. Ҳужум пайтида хонага кирган ходимларимиз қизалоқни залда қўлидан батареяга кишанланган ҳолатда топган. Эркак киши бошқа хонада бўлган. Тахминларимизга кўра, у қўл томирларини кесмоқчи бўлган, аммо вақтида олиб борилган ҳаракатлар туфайли уни қўлга туширдик. Охирги соатларда айбланувчи музокара қилишдан бош тортди, - дейди ўзбекистонлик Рустам Одиловни қўлга олиш тафсилотларини гапириб берган Ольга Врадий.

Тергов вакилига кўра, 9 ёшли қизалоқ озод этилган ва у билан ҳозирда психологлар шуғулланмоқда. Шунингдек, Ольга Врадий амалиётдан кейин хонада бир нечта спиртли ичимлик идишларини топганини ҳам қўшимча қилди.

Москва вилоят Тергов қўмитаси ахборот хизмати раҳбари шифохонада қолаётган Рустамнинг дастлабки сўроқ натижаларини ҳам эълон қилди.

Сўнгги бир неча ой давомида кўлга олинган тошкентлик йигит Курск вокзали ёнида яшаб келган ва ўша ерда ёрдамчи ишчи бўлиб ишлаган. Полициянинг аниқлашича, Рустам Одилов ҳодисадан икки кун олдин электрошокер ва пневматик пистолет сотиб олган ҳамда босқинчилик уюштиришни режалаган.

22 декабр куни кечки соат 17-ларда у кўзига ҳашаматлироқ кўринган квартирага қўнғироқ қилган.

- У ўзини “почтачи” деб таништириб квартирага кириб борган. Уй эгаси бўлган кекса аёлга у фотосуратда тасвирланган одамни кўрсатиб, унинг ўғлими-йўқми, деб сўраган. Нафақахўр аёлнинг ўғли йўқлиги, фақат битта қизи бор эканини эшитган бу шахс бирдан аёлни эшикдан ташқарига тортиб чиқарган ва ичкаридан ёпиб олган. Хонада 9 яшар қизча бўлган,- дейди Ольга Врадий.

Шунингдек, Рустам Одилов бу оила билан олдин мутлақо таниш бўлмагани маълум. Терговчилар маълумот беришича, уй эгасига кўрсатган фотосуратни у Интернетдан принтерда чиқариб олган, хонага бостириб кирганида атиги минг рубль топгач, жаҳли чиққан. Шу вақт, ҳодиса жойига тезлик билан етиб келган полиция ходимларини кўчада кўриб, қизалоқни гаровга олишга аҳд қилгани айтилмоқда.

Махсус амалиёт давомида Ички ишлар вазирлигининг снайперлар гуруҳи ҳам иштирок этгани маълум.

Ольга Врадий тергов давом этаётгани, Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 206 моддаси 2 қисми “д” банди (вояга етмаган шахсни гаровга олиш) асосида жиноий иш қўзғатилганини билдирди.

Ҳодиса тафсилотларидаги ноаниқликлар тўғрисида

Айни пайтда, Россия оммавий ахборот воситалари жиноятнинг бири-биридан фарқли, айрим ҳолларда умуман қарама-қарши тафсилотларни баён этмоқда.

Москва полиция бошқармаси Рустам Одилов хона ичкарисида бир нечта бутилка спиртли ичимлик бўшатганини хабар қилса, ТАСС агентлиги уни наркотик модда кайфи остида эканини ёзмоқда. Полиция ходимлари Рустам Одиловнинг руҳан соғлом эканига шубҳа билдирмоқда.

Полициядан олинган маълумотларга кўра, гўё оператив ходимлар билан мулоқот чоғида Одилов ўзини “ноадекват тарзда тутган”, деразага қизалоқнинг ота-онасидан кечирим сўраб ёзувлар ёзган. СОБР жангчилари хонага бостириб кирганида жиноятда айбланаётган тошкентлик йигит ўз паспортини ёқиб юборишга урингани ҳам айтилмоқда.

Ҳодисани кузатаётганларни шубҳалантирган яна бир тафсилот қуролланган махсус хизмат ходимлари ичкарига бостириб кирганида, Рустам ўз қўлларини кесиб турган ҳолатда топилганига зиддиятлардир. Кейинроқ, журналистларнинг “Нима учун у яраланди?” деган саволига полициячилар: “У қаршилик кўрсатди”, дея жавоб берди. Бироз вақт ўтиб эса расмий хабарларда Рустам Одилов “икки оёғи ва қўлидан” яралангани тўғрисида хабар берилди.

“Ундан хавфли жиноятчи ясалади”

Россиядаги “Ёшлар” ҳаракати раҳбари раҳбари Махсуд Абдужабборов Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ-тартибот идоралари Рустам Одиловдан иложи борича “даҳшатлироқ маҳлуқни ясаб, мигрантларнинг Россия жамияти учун ўта хавфли қатлам қилиб кўрсатиш” мақсадини кўзламоқда, дейди.

- Улар унинг мигрант эканини дарров пайқаган, мулоқот чоғида таржимон берилмаган. Ва улар бошқа муҳожирларга ибрат бўлиши учун у билан ҳеч қандай музокара олиб бормаган. Билишимча, “ҳеч қандай музокаралар бўлмасин”, деган буйруқ келган. Яна бир тафсилот: оммавий ахборот воситалари ва полициячилар гапираётган пистолет ва электрошокер ҳам унда бўлмаган. Амалиётда иштирок этган танишларимдан олган маълумотларга кўра, Рустам Одилов дарров таслим бўлмоқчи бўлган, лекин унга бу имконият берилмаган, - дейди бу иш тафсилотларини аниқлашга уринаётган Махсуд Абдужабборов.

У Нахабинодаги бу ҳодиса юзасидан адолатли суриштирув ишлари олиб борилиши юзасидан Россиядаги ўзбек диспораси вакиллари махсус баёнот билан чиқишлари кераклигини ҳам қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG