Линклар

Навальний ҳимоясига Москва марказида митингга чиқмоқчилар сафи кенгаймоқда


Алексей Навальний

Алексей Навальний

Россияда қарийб 30 минг киши Фейсбукда очилган янги саҳифадан президент Путин ва унинг бошқарувидаги ҳукуматнинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун январь ойида Кремль ёнида митингга қатнашиш режасини билдириш учун фойдаланмоқда.

Фейсбукдаги янги саҳифа Алексей Навальний тарафдорларининг шу ижтимоий тармоқдаги мавжуд саҳифаси тўсиб қўйилганидан сўнг очилди.

Навальний тарафдорлари ўзларининг митингини 15 январь куни ўтказмоқчи: шу кунга фирибгарликда айбланаётган Алексей Навальний ва унинг иниси устидан суд ҳукми чиқарилиши эълон қилинган.

Навальний ўзи ва укасига нисбатан илгари сурилаётган айблов ортида сиёсий мотивлар мавжудлигини айтган.

Россия оммавий ахборот воситаларини назорат қилувчи орган - Роскомнадзор 20 декабрь куни Фейсбукдаги Навальний тарафдорлари саҳифасини ёпишга буйруқ берар экан, буйруқни Бош прокуратура сўровига жавобан берганини айтган эди.

Прокуратурага кўра, 15 январга режалаштирилган акция ташкилотчиларининг тадбирни ўтказишга расмий рухсати йўқ.

Россиялик Интернетдан фойдаланувчилар саҳифага киролмаганидан арз қила бошлади ва Фейсбук Россия ҳукумати мухолифлари танқидига учради. Танқидчилар сафига АҚШнинг 2014 йил февралигача Москвадаги элчиси Майкл МакФол ҳам қўшилди.

“Биз Роспотребнадзорнинг оддий сўровига Фейсбук, ҳатто акция уюштирувчилари билан боғланмай туриб,бу қадар тез жавоб берганидан хайрон бўлдик ва хафсаламиз пир бўлди”

Алексей Навальний номидан матбуот билан алоқа қилиб турган Кира Ярмушнинг бу сўзларини New York Times келтирди.

Кира Ярмушнинг фикрича, Роспетребнадзор талаби ортида сиёсий мотивлар мавжуд ва мақсад режалаштирилаётган акциянинг олдини олишдир.

23 декабрь куни Фейсбукдаги янги саҳифага кирган камида 29 000 киши саҳифада кўрсатилган вақт ва жойда ўтажак акцияда иштирок этажагини билдирди. 4500 киши эса, балки қатнашарман, деган ёзув қолдирди.

Фейсбукдаги икки - ёпилган ва янги саҳифаларнинг маъмури Леонид Волковнинг Озод Европа/Озодлик радиосига айтишича, янги саҳифага ҳозирча тўсиқ қўйилгани йўқ.

Фейсбук радионинг воқеа юзасидан саволига жавоб беришни истамади. Бироқ Фейсбукнинг ўзини таништирмаган вакили саҳифанинг дастлабки нусхасига ўхшаш саҳифа Россияда очилаётганини айтди.

38 яшар Алексей Навальний Россияда коррупция қарши курашчи сифатида танилган, 2011 – 2012 йилларда бўлиб ўтган аксилҳукумат акциялари уюштирувчиларидан биридир. У 2013 йили Москва мэри сайловида мэрликка номзод сифатида иштирок этган.

19 декабрь куни Россия прокуратураси Алексей Навальнийга 10 йил қамоқ жазоси берилишини сўради. Президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Навальний ўзи ва укаси Олегга қўйилаётган айбловларни Кремлнинг мухолифат овозини ўчириш ҳаракати, дея баҳоламоқда. Алексей ва Олег Навальнийлар қаллоблик йўли билан Франциянинг Yves Rocher косметика фирмасидан 27 миллион рубль (450 минг АҚШ доллари) миқдоридаги пулни ўзлаштирганлик ва пул ювганликда айбланмоқда.

Прокуратура вакиллари 19 декабрь куни судда қилган чиқишида судланувчиларнинг айби исботлангани ва Алексей Навальнийга 10 йил, укаси Олегга эса 8 йил қамоқ жазоси берилишини сўради.

Навальний коррупцияга қарши курашчи ва 2011-2012 йиллардаги аксилҳукумат намойишлар ташкилотчиси сифатида танилган.

У ҳозирда бошқа айблов бўйича беш йиллик шартли қамоқ жазосини ўтамоқда ва уй қамоғига олинган. Навальний ўзига қўйилган барча айбловлар сиёсий мотивларга асосланганини айтиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG