Линклар

Бугунги кунда иқтисодий ишлар бўйича Халқаро арбитражга саккиз ширкат мурожаат қилиб, Қирғизистондан ўз фойдаларига 1, 5 миллиард доллар ундириб беришни талаб қилмоқда. Ташқи қарзи 3,5 миллиард долларга яқинлаган Қирғизистон шу кунгача халқаро судларда ютишга муваффақ бўлмади.

Қирғизистон адлия вазири Алмамбет Шикмаматовнинг маълум қилишича, бугунги кунда Қирғизистонга қарши 8 ширкат 1, 5 миллиард долларлик даъво аризаси билан халқаро судларга мурожаат қилган. Вазир 2010 йилги апрель инқилобидан сўнг мазкур ширкатлар фаолияти Қирғизистон ҳукумати томонидан тўхтатиб қўйилгани ортидан улар судга мурожаат қилганини айтди. Адлия вазирининг иддао қилишича, 8 ширкатнинг барчаси собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг айни пайтда Лондонда қочқинликда юрган ўғли Максим Бакиев билан ҳамкорликда ишлаган.

-Мана шу саккиз ширкат Қирғизистонда Максим Бакиев ва унинг дўсти Гуревичнинг қўллаб-қувватлаши билан фаолият юритган. Шунинг учун ҳам бу ширкатларни ҳукумат миллийлаштиришга мажбур бўлган. Бизда иккита йўл бор эди: биринчиси, бу ширкатлар фаолияти ноқонуний бўлганини исботлаб, уларни миллийлаштириш, иккинчиси эса, халқаро судлардан қўрқиб, йирик корхоналарни халқаро товламачиларнинг ихтиёрида қолдириш. Биз биринчи йўлни танладик, -деди Алмамбет Шикмаматов.

Бироқ шу кунгача Қирғизистон бу каби ишлар кўриб чиқилаётган Халқаро судларда ютилиб қолмоқда. Масалан, Москва Халқаро арбитражи Қирғизистон ҳукуматини Туркия ширкатига 11 миллион доллар, латвиялик тадбиркор Белоконга 16,5 миллион доллар тўлаб беришга мажбур қилувчи қарорларни чиқарган. Бундан ташқари Канада суди Қирғизистондаги энг йирик “Қумтор” олтин кони акцияларини ҳибсга олган. Москва арбитражи Канаданинг “Стэнс энержи корп” ширкати фойдасига Қирғизистондан 118 миллион доллар ундириб бериш ҳақида қарор чиқарган.

Халқаро судларнинг ширкатлар фойдасига ҳукм чиқараётгани ташқи қарзи хавфли кўрсаткичга яқинлаб қолган ва иқтисоди заиф Қирғизистон учун қаттиқ зарба бўлмоқда.

Қирғизистон Молия вазири Ольга Лаврова ноябрь ойида Қирғизистоннинг ташқи қарзи Ички ялпи маҳсулотнинг 60 фоизига яқинлаб, пул миқдорида 3 миллиард 400 миллион доллардан ошгани ҳақида маълумот берган эди.

Қирғизистон Молия вазири Ольга Лаврова очиқлаган маълумотларда айтилишича, Қирғизистон Хитойдан 1 миллиард 42 миллион доллар, Россиядан 300 миллион доллар, Япониядан 253 миллион доллар, Германия ва Туркиянинг ҳар биридан 100 миллион доллар қарздор. Бундан ташқари Қирғизистонга Жаҳон банки 700 миллион доллар, Осиё банки 600 миллион доллар, Халқаро валюта жамғармаси 200 миллион доллар қарз берган.

Агар бу қарзларга ширкатларнинг судлардаги даъволари қўшилса, у ҳолда Қирғизистоннинг ташқи тўловлари миқдори 5 миллиард доллардан ошиб кетади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG