Линклар

logo-print

Россияда бошланган иқтисодий инқироз бу мамлакатда меҳнат қилаётган муҳожирлар даромадларининг ҳам кескин пасайишига олиб келди. Йирик қурилиш ва корхоналарда ишчилар сони камайтирилаётган бир вақтда, ишсиз қолаётган минглаб мигрантлар ўз юртларига кетмоқда, иш жойини сақлаб қола олган бошқа бир қисми меҳнат ҳақини оширишни талаб қилмоқда.

Россия корхоналарида ишчилар сони қисқартирилмоқда

Россияда авж олиб бораётган иқтисодий танглик мамлакатнинг турли минтақаларида меҳнат қилаётган муҳожирлар ҳолатига ҳам жиддий салбий таъсир ўтказмоқда.

Озодликка WhatsApp тармоғи орқали Туладан келган хабарлардан бирида шаҳарнинг йирик шиша ишлаб чиқарувчи заводида иш ўрни икки баробарга қисқартирилгани айтилади. Озодлик билан суҳбатда Туладаги шу заводнинг ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган ўзбекистонлик ишчиларидан бири вазиятни бундай тасвирлаб берди:

- Тулада ҳам иш жойи ва одам сони қисқартирилаяпти. Ҳозир мен ишлаяпман, аммо илгарига қараганда 30 кунлик иш куни давомида 15 кун ишлаяпман, озайиб кетди. Учта цех бўлса иккитаси ёпилди, биттаси ишлаяпти. Хуллас, ишлаб чиқариш 60 фоизга тўхтади. Ойликнинг ҳам ярмини бераяпти. Иложи йўқлигидан ишлаяпти одамлар: ҳозир ойликлар чиқса, пулни оламиз ва йўл кирага билетни олиб поездда кетамизми, автобусдами... Шу ойликни кутиб турибмиз, холос. Ўзбекистонда иш топиш қийинку, ҳаракат қилса бўлади. Фақат у ерда ота-онангиз сал кучлироқ жойда ишлаши керак: ё СНБда, ё милицияда, ё ҳокимиятда. Бундан бу ёғига пул бериш керак, ўзингиз тушунасизку, дейди заводда ойлик чиқиши билан Ўзбекистонга йўл олишини гапирган бу муҳожир йигит.

Айни вазият Россиянинг бошқа ўлкаларида ҳам кузатилмоқда. Россия пойтахтидаги “Москва-Сити” кўп қаватли иморатлар қурилишида ҳам ишчилар қисқартирилаётгани айтилмоқда.

“Сити” ни барпо этишда ишлаётган самарқандлик Алишер қурилишда катта қисқартиришлар кутилаётганини айтади:

- Бизда одам сонини, иш жойини камайтирaяпти. Ишни умуман тўхтатамиз ҳам деган эди, лекин тўхтатмади. Рубль яна қадрини тиклаяпти экан – одам сонини камайтирар экан, холос. Бизнинг ишимизни хўжайинлар арзон вақтида олган эди – 32-33 рубллигида. Ҳозир 54 ни кўрсатаяпти бир доллар. Ўйлашимча, улар зиёнга ишлаяпти. Янги йилдан кейин ҳар бир иш соатимизга 5-10 рублдан қўшилади, деяпти. Мен биринчи келишим эди, бир маротаба 25 минг рубль ойлик олдим. Болаларимиз 32-33 рублдан доллар алмаштириб юришга ўрганиб қолган. Мен ҳам алмаштириб кўраман банкда¸ агар бўлмаса¸ йўлга чиқамиз-да. Мен билган кўп болалар Ўзбекистонга қайтиб кетди, дейди қурувчи Алишер.

Меҳнат муҳожирлари иш ҳақини оширишни талаб қилмоқда. Акс ҳолда...

Россияда рублнинг долларга нисбатан қадрсизланиб қолгани туфайли иш ҳақидан қониқмаётган муҳожирларнинг бир қисми ўз юртига жўнаб кетаётган бўлса, ватанида иш топа олмаслигига кўзи етаётганлари Россиянинг ўзида меҳнат ҳақларини оширишга уринмоқда.

Куни кеча Санкт-Петербургда меҳнат қилаётган мигрантлар иш берувчиларидан иш ҳақларини кўпайтиришни талаб қилиб чиққани хабар қилинди. Акс ҳолда улар иш ташлашини билдирмоқда. Ўз ҳақларини талаб қилаётганларнинг кўпчилиги қурувчилар ва йўналишдаги такси ҳайдовчилари бўлиб, улар ишлаётган автокорхоналар раҳбарияти рубль қулаши ортидан қўшимча ҳақ тўлашдан бош тортмоқда.

Петербургдаги “Турон” Ўзбеклар жамияти раҳбари Алижон Ҳайдаров бу норозиликлар, қисман бўлса-да, натижа бераётганини айтади:

- Доллар кўтарилиши муносабати билан монолитчик, ғишт терувчи, сваркачилар каби қурувчилар “элитаси” саналган касблар эгалари иш ҳақини иш берувчи кўтаришдан манфаатдор.Таxминан 30 фоизгача кўтариши мумкин. Улар ҳозир дефицит – йўқ бу ишчилар, етишмаяпти! Бизга 100 бундай одамга кунига заявка келаяпти. Ҳайдовчилар жуда керак.... Шу сабабли, иш берувчи сал кўтаришга ҳаракат қилаяпти. Улар 50 мингдан 100 минггача олади энди, дейди Алижон Ҳайдаров.

Суҳбатдош Россияда бошланиб кетган инқироз бу давлатнинг қанчалик хорижликлар ишчи кучига таяниб қолганини яққол намоён қилганини айтади.

Петербургдаги Ўзбеклар жамияти раҳбари фикрича, бундан буëғига Россияда асосан етишмаётган мутахассисликлар эгалари қолади¸ малакасизлари ишидан ажрайди:

- Россиядаги демографик инқироз оқибатида 35 фоиз бу вояга етмаганлар, яна 35 фоиз¸ нафақахўрлар. 5 фоизи ишламайди, 10 фоизи – генерал. Ана шундан қолгани ишлаяпти! Долларнинг қимматлагани жамоатчилик ошхоналарида ишловчиларни қийин аҳволга туширди. Уларнинг ойлиги 25-30 минг рубль. Улар кўпи қайтиб кетади. Қолади фақат монолитчи, ғишт терувчи, сваркачи ва токарлар. Бошқа томондан, иш берувчи ҳам қийналаяпти: оддий ишчилар кўп, уларга эса мутахассислар керак, дейди Алижон Ҳайдаров.

Россияда ошиб бораётган ишсизлик ва рублнинг қадрсизланиши ночор аҳволда қолаётган айрим муҳожирларни турли оғир жиноятларга қўл уришга ундамоқда.

Куни-кеча Подмосковьенинг Нахабино шаҳарчасида 9 яшар қизчани гаровга олган тошкентлик 22 яшар Рустам Одиловнинг биринчи сўроқ натижалари эълон қилинди. Терговчининг нима сабабдан бу жиноятга қўл урганини билиш мақсадида берган саволига у:

- Менга пул керак бўлиб қолди, деб жавоб қайтарган.

"Тозалаш" сиёсати натижа бермоқда

Айни пайтда, ҳукумати Россия марказий вилоятларини ишсиз мигрантлардан "тозалаш" сиёсати натижа бераётгани тўғрисида ҳисобот бермоқда.

Москва мэри Сергей Собянин куни-кеча қилган чиқишида сўнгги беш йил ичида биргина Москванинг ўзидан 300 минг муҳожир бадарға қилингани ва натижада жиноятчилик 15-20 фоизга камайганини билдирди.

Айни пайтда¸ Россия Марказий банки эълон қилган сўнгги ҳисоботга кўра¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари 2014 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида камида 35 фоизга камайган.

Россия Федерал миграция хизмати ҳисобича, бугунги кунда Россияда 2 миллион 570 минг ўзбек муҳожири расман рўйхатга олинган.

Миграци расмийлари тахминича¸ мамлакатда яна камида 3,7 миллион хорижлик ноқонуний меҳнат қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG