Линклар

Норвегиядан Тошкентга қайтган 6 меҳнат муҳожири 12-13 йилга қамалди


Тошкент вилоят суди 12-13 йилга ҳукм қилган олти ўзбек.

Тошкент вилоят суди 12-13 йилга ҳукм қилган олти ўзбек.

Тошкент вилоят жиноят ишлари суди 24 декабрь куни Норвегияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб, 2014 йил баҳорида Ўзбекистонга қайтган Шуҳрат Илҳомов, Даврон Рахмонов, Асад Рихсиев, Жаҳонгир Тожиев, Зафар Каримов, Ахмаджон Холиқовларнинг ҳар бирини 12 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум қилди.

"Эримни видео кўргани учунгина 12 йилга қамашди"

Тошкент вилоят жиноят ишлари суди судланувчиларни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244 -(“Тақиқланган ташкилотларни ташкил этиш”), 159 - (“Ўзбекистон Конституциявий тузимига тажовуз қилиш) моддалари билан айбдор деб топди.

Суд ҳукми билан 12 йилга қамалган Шуҳрат Илҳомовнинг рафиқаси Дилноза Илҳомованинг айтишича, суд жараёнида судланувчилар Норвегияда жанггарилар билан боғлиқ видеороликларни Интернет орқали кўрганларини тан олган, лекин тақиқланган ташкилот тузиш, жанггарилар сафига қўшилиш ниятида тайёргарликдан ўтганликлари, бесақолбозлик тўғрисидаги айбловларни рад этган.

-Ҳамма болалар айбловларни инкор қилишди ва фақат видео кўрганликларини тан олишди. “Билмаган ҳолда Интернет орқали видеоларни кўрганмиз, лекин бундан бошқа ҳаракатларни қилмаганмиз”, деб айтишди. Судда гувоҳлик берган гувоҳлар ҳам “Умуман бу болаларда бу каби ҳаракатлар бўлмаган, буни билмаймиз, бу гапларни терговчи ўзи қўшиб қўйган”, деб айтишди, - деди Дилноза Илҳомова.

"Судланувчиларнинг қийноқлар ҳақидаги баёнотларига суд эътибор қаратмади"

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг айтишича, судланган олти одам - Шуҳрат Илҳомов, Даврон Рахмонов, Асад Рихсиев, Жаҳонгир Тожиев, Зафар Каримов, Ахмаджон Холиқов бир неча йиллик меҳнат муҳожирлигидан сўнг 2014 йил баҳорида Норвегиядан Тошкентга қайтган. Июль ойида бу шахслар қўлга олинган ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қийноқларга солиниб, ўзларига қарши кўрсатмалар беришга мажбур қилинган.

-Болалар қийноққа солинган. Уларга олти кун ухлашга рухсат берилмаган. Судда болалар ўзларини қай тарзда қийнаганларини айтиб беришди ва бунинг исботи сифатида йиртиб ташланган тилларини кўрсатишди. Бироқ прокурор ҳам, суд ҳам бу кўрсатмаларни эътиборга олмади. Судланувчиларга қийноқлар остида айблов тан олдирилган, -деди Елена Урлаева.

"Ҳукуматга ёқмай қолсанг 159-модда билан қамалаверасан"

Юқорида номи айтилган шахсларга нисбатан суд жараёни шу йилнинг октябрь ойида бошланган эди. Суд жараёнини кузатган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов судланувчиларга нисбатан жиноят иши сохталаштирилган, деган фикрда. Ҳуқуқ фаолига кўра, мазкур ишда 159-модда судланувчиларга нисбатан нотўғри қўлланилган. Аммо суд бу жиҳатни ҳам эътиборга олмаган.

-Бу иш уюштирилган нарса. 159-модда кўпинча нотўғри қўлланилади. Бу модда бирон –бир ҳаракат учун қўлланилади, диний ташкилотга аъзолик учунгина бу моддани қўллаб бўлмайди. Масалан, 159-модда қўлланилиши учун намойишми, бирон-бир давлат органига ҳужумми... Мана шу ҳолатда ишлатилиши керак 159-модда. Булар эса ўзларига ёқмаган одамларнинг ҳаммасига бу моддани пақиллатиб ишлатишиб ётишибди, -деди Шуҳрат Рустамов.

"Ўзбекистон" телеканали суд ҳукми ўқилмай туриб "жиҳодчи бесоқолбозлар"ни қоралаган

Озодлик радиоси 15 декабрь кунги эшиттиришида “Ўзбекистон” телеканалида 37 ёшли Шуҳрат Илҳомов, 30 ёшли Даврон Рахмонов, 28 ёшли Асад Рихсиев, 38 ёшли Жаҳонгир Тожиев, 29 ёшли Зафар Каримов, 34 ёшли Ахмаджон Холиқов ҳақида “Хиёнат” деб номланган фильмни намойиш қилгани ҳақида хабар берган эди. 11 декабрь куни намойиш этилган мазкур фильмда “Ўзбекистон” телеканали ҳали суд ҳукми ўқилмай туриб, айбланувчиларНорвегияда яширин фаолият кўрсатган диний-экстремистик оқимга аъзо бўлгани, уларга Ослодаги Абдувоҳид исмли имом бошчилик қилганини айтган.

"Ўзбекистон" телеканалинингўзбекистонликларни жиҳодчилик ва бесоқолбозликда айблаб, намойиш қилган кўрсатувидан сўнг Норвегия ўзбек қочқинларининг депортациясини тўхтади.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотига кўра, Норвегиядан Ўзбекистонга қайтган 18 киши тазйиқ ва босимга учраган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG