Линклар

Қозоғистонда Украинадаги уруш ҳақида ёзган журнал ёпилди


'Adam bol' журналининг шу йил 28 август куни чиққан сони муқоваси.

'Adam bol' журналининг шу йил 28 август куни чиққан сони муқоваси.

Олмаота шаҳрининг Медеу туман судида 24 декабрь куни “Adam bol” журнали иши бўйича маҳкама жараёни якунига етди. Суд журнални ёпиш ҳақида қарор чиқарди.

Амалдаги расмийларга мухолиф кайфиятда бўлган “Adam bol” журнали устидан судга арзномани Олмаота шаҳар ҳокимиятининг Ички сиёсат бошқармаси ноябрь ойида берган. Ҳокимият мулозимлари журналда шу йил 29 августида чоп қилинган “Ёт урушдаги бизникилар” сарлавҳали мақолада урушга ташвиқ аломатлари борлигини айтиб, судга шикоят қилганлар. Мазкур материал Киевда яшовчи қозоғистонлик сиёсий муҳожир, “Майдан” миллатлараро лигаси ҳамраиси ўлароқ таништирилган Айдос Садиқов билан интервьюдан иборат эди.

Кеча Медеу туман суди Олмаота ҳокимияти вакиллари даъвосини қондириб, журнални ёпиш ҳақида қарор чиқарган.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг хабар қилишича, чоршанба кунги судда - ҳали маҳкама давом этаётган пайтда журнал ходимлари прокурорга отвод берганлар. Бироқ судья Асель Абишева уларнинг талабини рад қилган. Шундан сўнг улар судьяга отвод берганлар ва у судни ташлаб чиқиб кетган.

Шундан сўнг Медеу туман судининг бошқа судьяси ҳамкасби Асель Абишевага берилган отводни бекор қилган. Бу қарордан кейин суд залига қайтган Асель Абишева маҳкама жараёнини давом эттириб, уни “Adam bol” журнали иштирокисиз якунлаган – даъвогарлар аризасини қондириш ҳақида ҳукм чиқарган. Бу эса журнал ёпилишини англатади.

Ҳукм ўқилган пайтда суд залида бўлмаган журнал ходимлари эндиликда мазкур ҳукм юзасидан шикоят қилишни, дастак учун жамоатчилик ва халқаро институтларга мурожаат қилишни режалаяпти. Журналистлар нашрга қарши очилган ишни сиёсий таъқиб сифатида баҳоламоқдалар. Аммо қозоғистонлик расмийлар бу даъвони рад қилмоқдалар.

25 декабрь куни Олмаотадаги “Адил сўз” журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти “Adam bol” журнали ишини кўриб чиққан судья Абишева процессуал меъёрларни бузгани ҳақида баёнот тарқатди.

“Қозоғистон Республикаси фуқаролик-процессуал кодексига мувофиқ, томонлар отводга оид илтимоснома кўриб чиқиладиган вақт ҳақида огоҳлантирилиши лозим эди. Илтимоснома тақдирини суд раиси томонидан тайинланган бошқа судья белгилайди ва агар у илтимосномани рад қилган тақдирда, маҳкамага раислик қилувчи ўз жойига қайтиб, янги суд мажлиси санасини эълон қилиши лозим”, дейилади “Adam bol” журналини ёпиш ҳақидаги қарор тунда жавобгарлар иштирокисиз чиқарилган” деб номланмиш баёнотда.

“Adam bol” журналини чиқариш суд томонидан 20 ноябрь куниёқ тақиқланганди. Суд нашрнинг давлат қайдини бекор қилган, журналнинг янги сони эса мусодара қилинганди.

XS
SM
MD
LG