Линклар

logo-print

Россия MH17 учқичининг Украина томонидан уриб туширилганини тасдиқловчи “гувоҳ”и борлигини иддао қилмоқда


MH17 учқичи қулаб тушган жой.

MH17 учқичи қулаб тушган жой.

Россия Тергов қўмитаси Малайзияга қарашли MH17 йўловчи учқичининг Украина шарқида ким томонидан¸ қандай уриб туширилганини тасдиқловчи “самимий” гувоҳи борлигини иддао қилмоқда.

Айни пайтда¸ Украина ва Ғарб расмийлари бортидаги 298 одамнинг бари нобуд бўлган мазкур учқичнинг Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар БУК ракета тизими билан уриб туширганини тасдиқловчи далиллар кўпайиб бораëтганини таъкидлаб келмоқда. Ҳалокат юзасидан ўтказилаëтган мустақил текширув муаллифлари ҳозирча бир-бирига қарши бу иддаоларга муносабат билдирмади.

Чоршанба куни Россия Тергов қўмитаси расмийлари 17 июль куни Украина шарқида ҳалокатга учраган Малайзия учқичининг Украина учқичидан туриб отилган ракета уриб туширганига оид гувоҳлик кўрсатмаси борлигини эълон қилди.

Бу баëнотдан икки кун аввал Комсомольскаяа правда нашри ўз офисига кўнгилли тарзда Малайзия учқичининг ким томонидан қандай уриб туширилганини ҳикоя қилишга қарор қилган Украина фуқароси кириб келганини иддао қилди ва сирли бу шахс билан суҳбатни чоп этди.

Шахси ошкор этилмаëтган бу гувоҳ¸ нашр иддаосича¸ Украинанинг Днепропетровск шаҳридаги Авиаторское посëлкасидаги аэропортда ишлаган ва оиласи Украинада қолгани боис¸ гувоҳлик кўрсатмасини очиқ бера олмаслигини билдирган.

Бу аэропортда қирувчи учқичлар ва вертолëтлар жойлашгани¸ шу ердан ҳавога кўтарилган Су-25 қирувчилари Донецк ва Луганск шаҳарларини бомбалаганини иддоа қилган сирли гувоҳ газетанинг уч мухбири билан суҳбатда¸ Малайзия учқичи ҳалокатга учраган 17 июль куни ўзининг ишда бўлганини таъкидлайди.

Ўша куни учта қирувчи ҳавога кўтарилди¸ улардан иккитаси қайтиб келмади¸ учинчи Су-25 эса бортидаги ҳаво-ҳаво русумидаги ракетасиз қайтиб келди¸ дея иддао қилади Россиянинг Комсомольская правда газетасига орқа томони ва овози ўзгартирилган ҳолда видеоинтервю берган “самимий гувоҳ”.

17 июль кунги парвоздан сўнг аэропортга қайтиб келган учқични 30 ëшлар атрофидаги капитан Владислав Волошин бошқарганини иддао қилган сирли гувоҳ¸ ўзи билан ҳавога кўтарилган икки учқичнинг айирмачилар томонидан уриб туширилганидан қўрқиб кетган капитан¸ адашиб Малайзия йўловчи учқичини нишонга олган бўлиши мумкин¸ деган тахминни айтади.

На шахси¸ на профессионал даражаси жамоатчиликка эълон қилинмаëтган бу сирли гувоҳнинг сирли ҳикояси¸ Россия Тергов қўмитаси ва давлат хизматидаги оммавий ахборот воситалари томонидан эндиликда Малайзия учқичининг уриб туширилишига Украина ҳарбийларининг алоқадорлигини тасдиқловчи далил сифатида тақдим этилмоқда.

Россия Тергов қўмитаси “ишончли гувоҳ” сифатида тилга олган сирли шахс иддаоларига муносабат билдириш сўралган Киев расмийлари¸ уни Россия уюштираëтган навбатдаги уйдирма деб атади ва бу баëнот Россия ҳарбий ҳаво кучлари фожиадан кўп ўтмай қилган баëнотларга зидлигини таъкидлади.

Украина ва Ғарб мутахасислари 17 июль фожиасидан кўп ўтмай 10 минг метрдан баландроқда учиб кетаëтган Малайзия учқичининг Украина шарқини назорат қилаëтган россияпараст айирмачилар томонидан айнан Россия берган Бук ер-ҳаво русумидаги ракета томонидан уриб туширилганлик эҳтимоли кучли экани ҳақида гапирдилар.

Россия расмийлари эса¸ ҳозирга қадар Украина қирувчи учқичи Малайзияга қарашли Боинг 777 учқичини уриб туширди¸ деган иддаосини қувватлаш учун бир-бирига тескари баëнотлар қилмоқда¸ бу иддаони қўллаш учун турли сирли гувоҳлар иқрорини тарқатмоқда.

Малайзия учқичи бортидаги аксар йўловчилар голландияликлар бўлгани боис¸ учқич ҳалокати юзасидан мустақил экспертлар тадқиқотини ўрганиш масъулиятини Амстердам ҳукумати ўз зиммасига олди. Ҳалокат юзасидан ўтказилган дастлабки текширув натижасида мустақил мутахассислар учқич ташқи объект воситасида уриб туширилган¸ деган хулосага келдилар¸ аммо қаердан¸ айнан қандай восита орқали уриб туширилганига оид тафсилотларга ойдинлик киритмадилар.

Россия Тергов қўмитасининг янги гувоҳи Киев ва Москва вакиллари Минксда Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар намояндалари билан ЕХҲТ воситачилигида навбатдаги музокараларга келган куни эълон қилинди.

Ëпиқ эшиклар ортида беш соатдан кўпроқ давом этган бу музокараларда томонлар бирор муросавий тўхтамга кела олмадилар ва музокаралар кейинги даврасининг қачон давом этишини ҳам эълон қилмадилар.

Музокараларнинг 26 декабрь куни давом этиши ва томонларнинг якуний тинчлик келишувига қўл қўйишлари кутилаëтган эди.

Аммо россияпараст айирмачилар музокараларни давом эттириш ҳақида ваъда бера олмасликларини билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG