Линклар

Одессада ҳибсга олинган ўзбекистонлик журналист бу ердаги вазият тўғрисида айтиб берди


Украинанинг Одесса шаҳрида машина портлатилиши гувоҳи бўлган ва ҳодисани видеотасвирга олган ўзбекистонлик мустақил журналист Сид Янишев маҳаллий полиция ходимлари томонидан қўлга олиниб, сўроқ қилинди. Ётоқ жойи тинтув қилиниб, шунчаки ҳодиса гувоҳи экани аниқланганидан кейин, қўйиб юборилган тошкентлик журналист Озодликнинг Украинадаги ҳозирги вазият тўғрисидаги саволларига жавоб берди.

23 декабрь куни Одессанинг Жуковский кўчасида “Москвич 2141” автомобили портлатилишига тасодифан гувоҳ бўлган ўзбекистонлик таниқли журналист ва мусиқачи Сид Янишев маҳаллий полиция бўлимига олиб кетилди ва сўроқ қилинди.

Одессада портлаш жойидаги тергов

Одессада портлаш жойидаги тергов

ОМОНнинг маскачан жангчилари уни воқеани видеотасвирга тушираётганда ҳибс этгани маълум.

Одесса область Ички ишлар бошқармаси расмий хабарига кўра, журналист яшаётган жой тинтув қилинган, шахсий текширув ўтказилиб, унга олиб қўйилган камера ва телефони қайтариб берилган.

"Портлаш" тўғрисида

Сид Янишев ўзи гувоҳ бўлган ҳодиса тафсилотларини гапириб берди. Унинг айтишича, "портлаш" соат 18-ларда “евромайдан”чиларнинг “Жамоатчилик хавфсизлиги кенгаши” биноси олдида бўлган.

Одессада портлатилган машина

Одессада портлатилган машина

- Бу ҳатто портлаш ҳам эмас эди – кимдир машина остига портловчи пакет ташлаб кетибди, машинанинг орқа бампери отилиб кетди, холос. Бу иш "портлаш" атрофида шов-шув кўтариш ва ўзига эътиборни оширишни истаган “майдончи”ларга керакли бўлган. Шу тариқа “майдон”га қарши чиққанларни айблаш учун зарур бўлган, менимча, дейди Сид Янишев.

4 соат маҳаллий милиция бўлимида сақланганидан кейин, у қўйиб юборилган.

Украиналикларнинг кундалик ҳаёти тўғрисида

Мустақил журналист, шунингдек, Укранадаги ҳозирги вазият ҳақида ҳам ўз кузатувлари билан ўртоқлашди.

Унинг айтишича, шаҳарда тинчлик ва сокинлик ҳукм сураётганига қарамасдан, одамларда зимдан қандайдир хавотир борлигини сезиш мумкин.

- Умуман олганда бу ерда, Одессада, одамлар орасида танглик сезилмаяпти. Аммо менга айтишдики, куч ишлатар тизимлар шай ҳолатда, қандайдир қўрқинчли вазиятни кутиб ўтиргандек. Аммо одамлар ўша-ўша: ишга бориб-келяпти, дам оляпти... Бу ерда ҳатто қўшни Луганск ва Донецкдаги уруш бўлаётгани умуман сезилмайди. Гўё бу уруш узоқда, бошқа мамлакатда бўлаётганидек. Одамлар турмуш тарзини мутлақо ўзгартирмаган, дейди машҳур курортлардан саналган Одесса шаҳрида ҳаёт деярли ўзгаришсиз давом этаётганини хабар қилган суҳбатдош.

Гривна ва доллар нисбати тўғрисида

Украиналикларнинг кундалик ҳаётини тасвирлар экан, Сид доллар курси маҳаллий гривнага нисбатан кун сайин ошаётганига қарамасдан, нарх-навонинг ўсиши кузатилмаётганини таъкидлади.

- Барча магазинлар товарларга лиқ тўла. Нархлар ҳам ўзгаришсиз. Доллар сурункали равишда ўсиб бораётганига қарамасдан – охирги бир ой давомида доллар 20 фоизга кўтарилди – айни пайтда, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўзгараётгани йўқ! Кимда доллар бўлса қўлида бундай вазият жуда қўл келмоқда: улар ўсиб бораётган доллар курси бўйича алмаштириб, харид қилмоқда, дейди Сид Янишев.

У икки йил олдин Одессага келганида бир доллар 8 гривна тургани, ҳозир у 16 гривнага сотилаётгани, шунга қарамасдан кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўзгармаганини қайд этди.

Ҳукуматга муносабат борасида

Тошкентлик журналист Украина аҳолиси ҳам, россияликлар каби, янги ҳукуматга турлича муносабатда бўлаётганини таъкидлади.

- Муносабат масаласида одамлар фикри бўлиниб кетган. Россиядагидек, кимдир Порошенко ҳукуматини ҳурмат қилади, кимдир уни ёқтирмаяпти. Яъни одамларда турлича фикрлар мавжуд. Мен кўплари билан шахсий мулоқотда бўлдим, умумий ва ягона бир қандайдир муносабат йўқ, дейди журналист.

Кайфият тўғрисида

Суҳбат сўнгида Сид Янишевга маҳаллий русларнинг Украина шарқида бўлаётган ҳодисаларга бўлган қарашлари борасида савол бердик. “Маҳаллий русларда “Биз ҳам ажралиб чиқмоқчимиз, мустақил давлат тузмоқчимиз”, деган кайфият кўринмаяптими?” саволимизга:

- Мутлақо йўқ! Бундай кайфият умуман сезилмайди, дея гапни қисқа қилди Сид.

XS
SM
MD
LG