Линклар

“Миллион” гуруҳини лицензиядан маҳрум қилган концерт йилнинг энг яхши дастури деб топилди. Маҳалла оқсоқоли миллионларни ўмаришда айбланди. Кореялик олима “Алпомиш” ва “Жумонг” ҳақида ўзбекча диссертация ёқлади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Пластик карточкалар чипи сифатсиз чиқиб мижозлар сарсон бўлмоқда”

Ўзбекистондаги турли тижорат банклари томонидан муомалага чиқарилаётган пластик карточка чиплари сифатсизлиги ортидан яроқсиз бўлиб қолмоқда (“Новий век”, 25 декабрь).

Яроқсиз ҳолга келган пластик карточкани қайта олиш учун эса мижозларнинг 5 евро маблағи ва анчагина вақти исроф бўлмоқда.

Газетага кўра, пластик карточка одамлар ҳар куни неча қайта фойдаланадиган буюм саналади ва ишлаб чиқарувчилар ҳамда банклар карточкаларнинг пишиқ-пухталигини таъминлаш чорасини кўриши лозим.

“Узун тумани ҳокимининг биринчи ўринбосарига иш очилди”

Сурхондарё вилояти Узун тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Шаймардоновга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддаси бўйича иш қўзғатилди (“Ҳуқуқ”, 25 декабрь).

Ҳоким ўринбосари фуқаро Г.Тошмуродованинг маиший хизмат шахобчаси қуриш учун ер ажратишни сўраб ёзган аризасини 2 ойдан ошиқ вақт давомида кўриб чиқмаган.

Газета хабарига кўра, вилоят прокуратураси 2014 йилнинг ўтган даврида туман ҳокимларининг 31 та, назорат-текширув идораларининг 22 қарорига протест келтирган. Қонун бузилишлари бўйича 9 та жиноий иш очган.

“Давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилган ер зарарини қоплаш ҳақида ҳужжат кучга кирди”

Тошкент шаҳар ҳокимининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан нотурар жой биноси бузилган шахсларга зарарни қоплаш тўғрисидаги низоми кучга кирди (“Адолат кўзгуси”, 25 декабрь).

Айтилишича, Тошкент ҳокими қарорига асосан шаҳар ҳудудида қурилиш, ободонлаштириш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш муносабати билан нотурар жойлар бузилиши мумкин.

Ушбу низомга кўра, нотурар жойи бузилган жисмоний ва юридик шахслар етказилган зарар қопланиши керак. Қайд этилишича, биноларни бузиш ва уларга компенсация тўлаш билан махсус комиссия шуғулланади.

“Миллион” гуруҳини лицензиядан маҳрум қилган концерт йилнинг энг яхши дастури деб топилди”

“Даракчи” нашри “Миллион” жамоасининг жорий йил апрел ойида Тошкентдаги “Истиқлол” саройида ўтган концерт дастурини йилнинг энг оммалашган юмористик шоу дастури деб эълон қилди.

Газетанинг 25 декабр сонида ўзбек шоу бизнесининг ўзига хос йиллик рейтинги эълон қилинган. Унга кўра, Дилноза Кубаева – йилнинг энг яхши актрисаси, Бобур Йўлдошев – энг яхши актёри, “Кўргим келади” – энг яхши фильми, “Опа-сингиллар” – энг яхши сериали, “Бахтлимисан, айт?” (Алишер Файз) – энг яхши қўшиғи деб топилган.

Қайд этилишича, йиллик рейтинг таҳририятга қилинган қўнғироқлар ва газета сайтидаги сўровнома асосида тузилган.

“Маҳалла оқсоқоли миллионларни ўмаришда айбланди”

Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Умид” маҳалла фуқаролар йиғини раиси С.Шерматов нафақага аталган катта миқдордаги маблағни талон-тарож қилишда айбланди (“Бозор ва истеъмолчи”, 24 декабрь).

Айтилишича, маҳалла оқсоқоли вояга етмаган болали ва кам таъминланган оилаларга аталган нафақалардан 13,9 миллион сўмини талон-тарож қилган.

Бундан ташқари, у “Умид” маҳалласи ҳудудида жойлашган 100 дан ошиқ гараждан йиғилган жуда катта миқдордаги маблағни ҳам ўзлаштирган. Хабарга кўра, жиноятлари фош этилган маҳалла раиси “қонун олдида жавоб берган”.

“Кореялик олима “Алпомиш” ва “Жумонг” ҳақида ўзбекча диссертация ёқлади”

Жанубий кореялик олима О Ин Кёнг “Алпомиш” ва “Жумонг” достонлари материаллари асосида ўзбек ва корейс қаҳрамонлик эпоси таҳлилига бағишланган докторлик диссертацияси ҳимоя қилди.

Қатор матбуот нашрлари хабарига кўра, кореялик олима диссертацияни Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида ўзбек тилида ҳимоя қилган.

Бу Ўзбекистонда илмий даража тизими ислоҳ этилганидан кейин гуманитар соҳада ёқланган илк докторлик диссертациясидир.

Сеулдаги Донгук аёллар университетида фаолият юритадиган олима бунгача Истанбул университетида диссертация ҳимоя қилиб, PhD унвонини олган.

“Тошкентда музда учиш қанчага тушади?”

Тошкентда янги йил арафасида “Ice Rink” муз майдони иш бошлади (“Оила даврасида”, 25 декабрь).

Музда бир соат учиш нархи катталар учун кечқурун (18 дан 20 гача) 24 минг, болалар учун 15 минг сўмни ташкил қилади. Кундузи эса музда учиш баҳоси (10 дан 18 гача) катталар учун 20 минг, болалар учун 12 минг сўм этиб белгиланган.

Хабар берилишича, 12 та машғулотдан иборат ойлик абонент катталарга 150 минг, болаларга 120 минг сўмга тушади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG