Линклар

Ўзбекистонликлар Каримовни 29 март куни яна "сайлайдиган" бўлди


Айрим кузатувчилар 2015 йилги сайловда Ислом Каримовнинг умрбод президент этиб "сайланиши"ни фараз қилмоқда.

Айрим кузатувчилар 2015 йилги сайловда Ислом Каримовнинг умрбод президент этиб "сайланиши"ни фараз қилмоқда.

Сайлов куни эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 26 декабрь кунги мажлисида мамлакат президенти сайлови кунини 2015 йил 29 март, якшанба куни деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди¸ деб хабар тарқатди МСК матбуот хизмати.

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси 2014 йилнинг 26 декабридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясининг бошланганлигини эълон қилди ва президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурини тасдиқлади.

“Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар Марказий сайлов комиссияси, тузиладиган сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сайлов тўғрисидаги қонунларга қатъий мувофиқ амалга оширилади”¸ дейилади МСК расмий баëнотида жумладан.

Марказий сайлов комиссияси, шунингдек, президент сайловини ёритиш бўйича пойтахтнинг Навоий кўчасидаги 16-уй манзилида Республика матбуот марказини тузиш ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозирча Ўзбекистон президентлиги учун сайловларда қатнашиши мумкин номзодлар жамоатчиликка нотаниш. Озодлик суҳбатлашган мустақил кузатувчилар¸ навбатдаги сайловларда яна Ислом Каримовнинг ўз номзодини қўйиши ва унда мутлақ овоз билан ғолиб деб топилишини тахмин қилмоқда.

Ўзбекистон конституцияси бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланишини тақиқлашига қарамай¸ Ислом Каримов 1991 йилдан бери бу лавозимда ўтирган ягона шахс бўлиб қолмоқда.

Каримов президентликдан кетиш нияти йўқлигини очиқ билдириб бўлди

Тугаëтган йилнинг 15 май куни Самарқандда бошланган халқаро конференциянинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган 76 яшар Ислом Каримов¸ ҳокимиятда узоқ ўтириб қолгани ҳақидаги танқидларга қарамай¸ “халққа хизмат қилишни бундан кейин ҳам давом эттириш режасида” эканини таъкидлади.

Ушбу нутқни бевосита эшитган Франс Пресс мухбирининг ëзишича¸ 15 май кунги маърузасида Ислом Каримов анжуманга келган хориж дипломатлари ва олимларига қарата: “Мени ҳокимиятда узоқ ўтириб қолди деб танқид қилишади. Танқид қилишаверсин¸ мен барибир қоламан. Танқид қилишаверсин¸ мен барибир ишимни давом эттиришни хоҳлайман. Бунинг нимаси ëмон?(бу баëнот инглизчадан таржима – муҳаррир)” деган.

Ўз маърузасида буюк аллома Мирзо Улуғбекнинг темурийлар тахтида 40 йил ҳукмдорлик қилганини алоҳида таъкидлаган Ислом Каримов¸ Ўзбекистонда ўз саъй-ҳаракатлари билан ҳукм суриб келаëтган тинчлик мамлакат ривожининг тамал тоши эканини таъкидлади:

"Мен бу фикрга алоҳида урғу бериб айтмоқчиман. Тинчлик ва барқарорлик бўлмаса, илм-фан соҳасида ҳеч қандай ўсиш, тараққиёт бўлиши мумкин эмас. Қаерда тинчлик ва барқарорлик бўлсагина илм-фан марказлари, академиялар, олий ўқув юртлари пайдо бўлади. Энг асосийси, таълим-тарбия равнақ топиб, унга қизиқиш, эътибор кучаяди. Тинчлик-барқарорлик бўлган жойдагина одамлар ўқиб-ўрганишни, ҳар томонлама ривожланишни истайди. Одамлар кечаси уйқуга ётиб, эрталаб туришга қўрқмайдиган, эртага уларнинг бошига қандайдир муаммо ёки офатлар келмаслигини билган тақдирдагина шундай бўлади. Бу ҳақиқат кўп асрлар давомида ўз тасдиғини топган ва ишончим комилки, бугун бу мавзуда гапиришнинг ўзи ортиқча"¸ деди буюк алломалар ҳақида қилган маърузасида Ислом Каримов.

Халққа хизмат тарихи....

1991 йилнинг декабрида ўтказилган мустақил Ўзбекистон президентлиги сайловларидан бери бу лавозимни ҳеч кимга бермай келаëтган собиқ ЎзКомпартия Бош котиби Ислом Каримов¸ мустақил ҳуқуқшуносларга кўра¸ ҳозирга қадар Конституцияга хилоф равишда ҳокимиятда қолмоқда.

1995 йилда Ўзбекистонда Ислом Каримов президентлик ваколатларини 2000 йилга қадар узайтиришга оид умумхалқ референдуми ўтказилди ва расмий-ҳисоб китоб бўйича¸ ўзбекистонликларнинг 90 фоиздан кўпроғи Каримовнинг қолишини ëқлаб овоз берди.

Шу тарзда¸ гўë конституцияда белгиланган бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланмаслигига оид моддани бузмаган ҳолда¸ Каримов 2000 йилга етиб келди ва яна 91 фоиз овоз билан иккинчи бор президентликка сайланди.

Конституциявий чекловни айланиб ўтиш мақсадида 2002 йилда мамлакат конституциясига президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтиришга оид яна бир умумхалқ референдуми ўтказилди ва бу таклиф ҳам халқ томонидан гўë маъқулланди.

Ўзбекистон сайлов қонунлари муаллифлари¸ бундай ўзгартиш ортидан¸ Ислом Каримовнинг яна икки муддат президентликка даъво қилишга ҳақли экани иддаоси билан чиқдилар ва 2007 йилги сўнгги президент сайловида Каримов 2014 йилга қадар ҳокимиятда қоладиган президент этиб сайланди.

Кейинги сайлов қонуннинг янгича талқини асосида 2015 йил мартига кўчирилди ва кузатувчиларга кўра¸ Каримовнинг навбатдаги сайловда қатнашишини қўлловчи псевдо ҳуқуқий асос ҳам¸ тугаб бормоқда.

Каримов ўзининг “ўзбек халқига бундан кейин ҳам хизмат қилиш истагини” 2015 йилнинг 29 мартида ҳуқуқий жиҳатдан қандай амалга оширади¸ буниси ҳозирча жамоатчиликка қоронғу бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG