Линклар

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 26 декабрь кунги мажлисида мамлакат президенти сайлови кунини 2015 йил 29 март, якшанба куни деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди¸ деб хабар тарқатди МСК матбуот хизмати.

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси 2014 йилнинг 26 декабридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясининг бошланганлигини эълон қилди ва президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурини тасдиқлади.

“Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар Марказий сайлов комиссияси, тузиладиган сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сайлов тўғрисидаги қонунларга қатъий мувофиқ амалга оширилади”¸ дейилади МСК расмий баëнотида жумладан.

Ҳозирча Ўзбекистон президентлиги учун сайловларда қатнашиши мумкин номзодлар жамоатчиликка нотаниш. Озодлик суҳбатлашган мустақил кузатувчилар¸ навбатдаги сайловларда яна Ислом Каримовнинг ўз номзодини қўйиши ва унда мутлақ овоз билан ғолиб деб топилишини тахмин қилмоқда.

Ўзбекистон конституцияси бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланишини тақиқлашига қарамай¸ Ислом Каримов 1991 йилдан бери бу лавозимда ўтирган ягона шахс бўлиб қолмоқда.

Ҳар сайлов арафасида конституцияга киритилган ўзгартишлар Каримовнинг 23 йилдан бери президентликни ҳеч кимга бермаëтганини легитимлаштиришга асос сифатида тақдим этилмоқда.

XS
SM
MD
LG