Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:45

Москваликлар Янги йилни "келгинди"ларсиз кутиб олмоқчи


Янги йил арафасида Москва полицияси ва ФМС ходимлари пойтахтнинг оммавий томоша жойларида “ноқонуний муҳожир”ларни овлайди. Назоратчилар алоҳида эътиборини Қизил майдон ва “Воробьёвы горы” истироҳат боғига томошага чиққан меҳнат муҳожирларига қаратишини айтмоқда.

Москва ФМСи янги йил арафасида москваликларнинг оммавий сайл масканларида пайдо бўлган “қоравой”ларнинг ҳужжатларини текширади. Оммавий “облава”лар давомида текширувчилар шаҳарда ноқонуний юрган хориж фуқароларини аниқлаши айтилмоқда.

Москва шаҳар Федерал миграция хизмати бошлиғи Ольга Кириллова идора назоратчилари алоҳида эътиборни Москванинг Қизил майдони ва “Воробьеви гори” истироҳат боғига келган муҳожирларга қаратади, демоқда.

"Биз полиция билан ҳамкорликда шаҳарда тартиб сақлаймиз. Бу янги йил байрамларида тўқ қизил жилетка кийиб олган ходимларимизнинг катта қисми шаҳарликлар сайллари ўтказилажак томоша жойларини назорат остига олади", дея хабар қилди “Известия” газетасига Ольга Кириллова.

ФМС раҳбарига кўра, кучайтирилган назорат 31 декабрь куни соат 18:00-дан бошланади.

Маълум бўлишича, янги йил кечаси ер усти ва ер ости транспорти соат тунги учгача ишлайди. Россия пойтахти мэрияси москваликлар ва шаҳар меҳмонлари хавфсизлигини 20 мингга яқин полиция ходимлари, кўнгиллилар ва Ички ишлар қўшинлари ҳарбийлари сақлашини эълон қилди.

Ольга Кириллова, шунингдек, Москвада жорий йилда ўтган йилга нисбатан анчагина кўпроқ мигрантлар депортация қилингани тўғрисида ҳисобот берди. У Москвада муҳожирлар сонининг камайишини маҳаллий ҳукуматнинг олиб бораётган “тозалаш” амалиётлари ва Россия миграция қонунчилигини бузган хорижликларга кириш тақиқлангани билан изоҳлаш мумкинлигини айтди.

Бундан олдинроқ Россия Миграция хизмати директори Константин Ромодановский мигрантларга Янги йилни “ўз юртларида кутиб олишни” тавсия қилган эди.

Айни пайтда, 25 декабр куни Россиянинг марказий минтақаларида ёққан қалин қор туфайли мисли кўрилмаган машиналар тирбандлиги вужудга келди. Йиғилиб қолган қор шаҳар кўчаларида 60 километрли тиқинларни юзага келтирди.

Мутахассислар буни шаҳарда кўча тозаловчи меҳнат муҳожирларининг сезиларли даражада камайиб қолгани билан ҳам изоҳламоқда.

XS
SM
MD
LG