Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:38

Малайзия учқичи денгизга қулагани тахмин қилинмоқда


28 декабрь куни йўқолган Малайзиянинг AirAsia авиакомпаниясига қарашли самолётнинг денгиз тубида ётгани тахмин қилинмоқда. Бортида 162 нафар йўловчи бўлган Индонезиядан Сингапурга учаётган A320-200 учқичи Сурабай шаҳри аэропортидан учганидан бир соат ўтгач, радар экранларидан ғойиб бўлди. Бу жорий йилда Малайзия учқичлари билан боғлиқ учинчи фожиавий воқеадир.

Малайзиянинг йўқолган учқичини қидириш ишларига бошчилик қилаётган Индонезия қутқарув-қидирув агентлиги раҳбари Бамбанг Соелисто AirAsia учқичи денгиз тубида ётгани ҳақидаги тахминни билдирди.

Индонезиядан Сингапурга парвоз пайти йўқолган Малайзия учқичини қидириш ишлари душанба куни эрталабдан давом эттирилди. Кеча қоронғу тушгани ва об-ҳаво ёмонлиги боис учқични қидириш ишлари тўхтатилганди.

Бортида 162 йўловчи бўлган AirAsia ширкатига қарашли A320-200 учқичини қидириш ишларига Индонезиядан ташқари Австралия, Малайзия ва Сингапур ҳам қўшилди.

A320-200 учқичи 28 декабрь куни Индонезиянинг Сурабай шаҳри аэропортидан учганидан бир соат ўтгач, у билан алоқа узилган.

AirAsia авиаширкати вакилларига кўра, лайнер экипажи билан учқич Калимантан ва Белитунг ороллари ўртасидаги Ява денгизи устида учаётган пайтда охирги марта алоқада бўлинган.

Самолёт учувчилари оби-ҳаво ёмонлиги боис, учқич йўналишини баландроққа ўзгартиришни сўраганидан сўнг учқич радар экранларидан ғойиб бўлган.

Ушбу самолёт олти йил аввал фойдаланишга топширилгани айтилмоқда.

Самолёт бортида 155 йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси бўлган.

AirAsia авиакомпаниясига кўра, самолёт бортидаги йўловчиларнинг аксари Индонезия фуқаролари бўлиб, жами 156 индонезиялик ушбу самолётга чиққан.Самолёт бортида уч нафар жанубий кореялик ҳам бор. Шунингдек, Сингапур, Малайзия, Буюк Британия ва Франциянинг биттадан фуқароси ушбу самолёт йўловчилари рўйхатида бор.

Бу жорий йилда Малайзия учқичи йўқолиши билан боғлиқ учинчи ҳодисадир.

Жорий йилнинг 8 март куни Малайзияга қарашли яна бир самолёт- Boeing-777 учқичи ҳам ном-нишонсиз йўқолган эди.

Куала-Лумпурдан Пекинга парвоз қилаётган учқич бортида 227 йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган Boeing 777 учқичи ҳам ҳавога кўтарилганидан бир саот ўтиб радар экранларидан ғойиб бўлган эди.

Жорий йилнинг 17 июль куни эса Малайзияга қарашли бошқа бир Boeing-777 самолёти Украина шарқида уриб туширилди.

Киев ва Ғарб расмийлари бортидаги 298 одамнинг бари нобуд бўлган мазкур учқичнинг Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар томонидан БУК ракета тизими билан уриб туширганини таъкидлаб келмоқда.

Айни пайтда Россия Тергов қўмитаси Малайзияга қарашли MH17 йўловчи учқичининг Украина шарқида ким томонидан¸ қандай уриб туширилганини тасдиқловчи “самимий” гувоҳи борлигини иддао қилмоқда.

Ҳалокат юзасидан ўтказилаëтган мустақил текширув муаллифлари ҳозирча бир-бирига қарши бу иддаоларга муносабат билдирмади.

XS
SM
MD
LG