Линклар

Индонезиядан Сингапурга парвоз чоғи йўқолган Малайзия учқичини қидириш давом этмоқда


Ғойиб бўлган учқич бортидаги йўловчиларнинг аксариятини индонезияликлар ташкил қилади.

Индонезия вице-президенти Юсуф Калла бортида 162 нафар йўловчи билан Индонезиядан Сингапурга учган Малайзия учқичи қулаб тушган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурди.

- Индонезия ҳукумати Миллий қидирув-қутқарув хизмати, ҳарбий ҳаво кучлари, флот ва армияга ҳамда маҳаллий ҳокимият органларига бу учқични денгиз ёки қуруқликда қидириш учун барча куч ва зарур жиҳозларни сафарбар этиш ҳақида топшириқ берди, - деди Юсуф Калла.

Малайзиянинг AirAsia ширкатига қарашли A320-200 учқичи 28 декабрь куни Индонезиянинг Сурабай шаҳри аэропортидан учганидан бир соат ўтгач, у билан алоқа узилган. AirAsia авиаширкати вакилларига кўра, лайнер экипажи билан учқич Калимантан ва Белитунг ороллари ўртасидаги Ява денгизи устида учаётган пайтда охирги марта алоқада бўлинган.

Кеча қоронғу тушгани ва об-ҳаво ёмонлиги боис учқични қидириш ишлари тўхтатилганди. Қидирув ишлари душанба эрталабдан қайта жонланиши айтилмоқда.

Бу жорий йилда Малайзия учқичи йўқолиши билан боғлиқ учинчи ҳодисадир. Шу йил 8 мартида Malaysia Airlines авиаширкатининг Куала-Лумпурдан Пекинга учиб бораётган лайнери йўқолиб қолганди. Унинг бортида 239 киши бўлган.

17 июль куни эса Амстердамдан Куала-Лумпурга учиб кетаётган "Боинг 777" учқичи Украина шарқида уриб туширилганди. Ўшанда Малайзия қарашли бу учқич бортидаги 298 кишининг ҳаммаси нобуд бўлган.

XS
SM
MD
LG